Самарқандда рухсат берилган вақтда ҳаракатланган автомобиллар нега жарима майдонига киритиб қўйилди?
1 июнь куни Самарқандда махсус стикерга эга бўлмаган ҳайдовчиларга ҳам ўз автомобилларида шаҳарда эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача ва кеч соат 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланишга рухсат берилган эди.
Аммо шу куннинг ўзида ҳайдовчилар белгиланган вақтда ҳаракатланган бўлишига қарамасдан, ДЙҲХХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашиналар жарима майдончасига киритиб қўйилаётгани борасида шикоятлар кела бошлади.
Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро У.И. Сиёб бозори яқинида ўз автомашинасида ҳаракатланаётганида соат 9:30 да ДЙҲХХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, махсус стикерга эга бўлмагани сабабли машинаси жарима майдончасига жўнатилганини маълум қилди.
Самарқанд шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Т.К. ҳам соат 9:30 да худди шу сабаб билан машинаси қамаб қўйилганидан шикоят қилди.
Самарқанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Самарқанд вилоят ИИБ вакиллари ҳам соат 10:00 га қадар стикерсиз машиналар жарима майдончасига олинган ҳолатлар мавжудлигини тасдиқлади.
Аммо ЙҲХБ фақат машиналарни тўхтатиб бериши, ҳужжатлар эса давлат санитария эпидемиология назорати инспекцияси ходимлари томонидан тўлдирилишини маълум қилди.
Аммо аслида рухсат берилгани ҳолда ўнлаб машиналарнинг жаримага тортилиши сабаби ҳақда ЙҲХБ томонидан ҳозиргача расмий маълумот берилмади.
Kun.uz манбасининг маълум қилишича, 1 июнь куни эрталаб тегишли идоралар иштирокида вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда белгиланган вақтда стикерсиз автомашиналар ҳаракатланишига рухсат берилган ва мазкур йиғилишни самарқандликлар ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида онлайн кузатиб, соат 10:00 гача кўчада ҳаракатланишни бошлаган.
Муайян муддат оралиғида самарқандликларга ҳаракатланишга рухсат берилгани шаҳар ҳокимлигининг Telegram`даги расмий каналида ҳам эълон қилинди. Бу хабар сўнгра интернет сайтлар ва блогерларнинг каналларида тарқатилди.
Аммо бу вақтда тегишли идоралар раҳбарлари ҳам йиғилишда бўлгани ва ҳали ходимларга бу ҳақда буйруқ бўлмагани сабабли, стикерсиз кўчага чиққач машиналар тўхтатилиб, жарима майдончасига жўнатилаверган. Албатта, бу бўйича аниқ изоҳни тегишли бошқармалар маълум қилишади.
Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят давлат санитария эпидемиология назорати инспекциясида бўлди. Бу ерда ҳам худди шу важ билан машиналари жарима майдончасига киритиб қўйилган бир неча фуқаролар йиғилган экан.
Инспекция раҳбари Шерзод Шомуродов йиғилганларга мазкур баённомалар давлат санитария эпидемиология назорати инспекцияси ходимлари эмас, ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилганини маълум қилди.
Шерзод Шомуродовга кўра, мазкур баённомалар асосида жарималар қўлланилмайди ҳамда бекор қилиниши учун ҳужжатлар ИИБга қайтариб юборилади.
Мазкур учрашувдан бир неча соат ўтиб машинаси олиб қўйилган фуқаролар таҳририятга қўнғироқ қила бошлади: «Машинамиз қайтариб бериляпти, жарима қўлланилмайдиган бўлди».
Мана шу тарзда икки кун давомида сарсон бўлган қатор ҳайдовчилар муаммосига ечим топилган кўринади.
Бундан бир неча кун олдинроқ Каттақўрғон шаҳрида ҳам ноқонуний тарзда жарима қўлланилгани аниқланганди. Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро А.Мамадиевга нисбатан санитария эпидемиология назорат маркази ходимлари томонидан баённома тузилиб, БҲМнинг 20 баробари миқдорида жарима қўлланилган.
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими ходимлари томонидан фуқаронинг аризаси асосида воқеани ўрганиб, бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланган ва баённома ноқонуний деб топилганди.
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Алишер Маматов аниқланган бу каби воқеаларга муносабат билдириб, халқимиз бошига тушган синовли кунларда ҳар бир давлат хизматчисини ўз вазифасига қонуний ва масъулият билан ёндашишга чақирган.
Анвар Мустафоқулов.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024