Жамият | 16:18 / 03.06.2020
24940
9 дақиқада ўқилади

Андижонда пиллакорларга етиштирилган пилла учун пул нега вақтида тўланмаяпти?

Водийда пилла қурти териш мавсуми давом этмоқда. Азалдан деҳқонлар пиллани чиллаки ҳосил, деб аташган. Миришкорлар, пилладан мўл ҳосил олинса, бошқа деҳқончиликларга ҳам ижобий таъсир ўтказади, деб ҳисоблашади.

Қурт боқиш – жуда машаққатли меҳнат. Пиллакор бир варақ қоғозга сиғадиган бир қути қуртни парваришлаб, баргдан ипак тўқийдиган мўъжизага айлантиргунича деярли бир ой ҳаловатидан кечади.

Ипак қуртига аввалига тут барги қирқиб берилади, аста-секин банди билан, кейин эса шохи билан солинади. Кеча-ю кундуз овқат талаб қиладиган ипак қурти – нозик мавжудот. У боқиладиган хона доим мўътадил иссиқликда бўлиши, унга турли ҳашаротлар яқинлашмаслиги керак.

Қурт боқилган хона албатта таъмирталаб ҳолга келади. Барг кесиб келиш, уни буташ, ғонаш ўтказиб туриш, тунлари бедор бўлиб ипак қуртини боқиш – буларнинг барчаси катта меҳнат талаб қилади.

Бир вақтлар қишлоқда пилла қурти боқмаган хонадон бўлмас эди. Пилла териш куни эса ўша хонадон тўй тусини олган. Бир йиллик пилла мавсумидаги даромад уй қуришга етган, оиланинг тўй-ҳашамини кўтарган.

Бугунги кунги пиллакорнинг аҳволи қандай? Бизга келаётган мурожаатларга кўра, яхши эмас. Андижон ва Фарғона вилояти туманларидан келаётган арзномаларда пиллакорлар мавсум бошида аванс ва ҳосилни териб топширганларидан сўнг пилла пулларини вақтида ололмаётганидан арз қилишган.

Андижон тумани Қўшчинор маҳалласида яшовчи, касаначи бўлиб ипак қурти парваришлаган пиллакорлар топширилган пилла ҳосили пулини кластер вақтида тўлашмаётганини айтишди.

Биз мурожаатчилар билан учрашишдан олдин Андижон вилоятида пиллачиликка масъул ташкилот –«Андижон Агро пилла» МЧЖга бордик.

«Касаначиларга тарози тепасида ҳақ тўланяпти» – «Андижон Агро пилла» МЧЖда

«Андижон Агро пилла» раҳбари Ёқубжон Расулов, агроном Хуршидбек Юсуповлар билан бу йилги пилла мавсуми ҳақида суҳбатлашдик. Уларнинг сўзларига кўра, жорий йил вилоятда 49 400 қути ипак қурти парваришланиб, 2 717 тонна пилла етиштириш кўзланмоқда.

«Пилла хом ашёсини етиштириш бўйича шартнома кластер-фермер хўжалиги билан кластер-касаначи ўртасида тузилади. Фермер хўжаликларига етиштирилган пилла ҳосили учун ҳақ август-сентябрь ойлари ичида берилса, касаначиларга тарози устида нақд пул тўланади», дейди жамият агрономи Хуршидбек Юсупов.

«Андижон Агро пилла» раҳбари Ёқубжон Расулов ҳам етиштирилган пилла хом-ашёсига пул тўланиш тартиби мана шундай эканлигини таъкидлади.

Бу йил Андижонда пиллакорлар билан бешта кластер – «Andijan Silk Ko» МЧЖ қўшма корхонаси, «Андижон-Ханой ипаги», «Ҳарир тола», «Олтинкўлнинг кумуш толаси» ва «Сарфир саноат» масъулияти чекланган жамиятлари иш олиб бормоқда.

Касаначилар арзи

Кластернинг қабул қилиш пунктига хом-ашё топшириб, пулини вақтида олмагани учун мурожаат қилган пиллакорлар билан учрашгани Андижон тумани Қўшчинор маҳалласидаги Дўнг кўчасида бўлдик. Улар  «Andijan Silk Ko» МЧЖ қўшма корхонаси билан тузилган шартнома бўйича қурт боқишган.

«Касаначиларга аъзо бўлиб, бир қути қурт боқдим. 58 кг пилла беришим кераклигини айтишганди. Ҳосилим яхши бўлиб, 25 май куни 75 килограмм пилла топширдим. Лекин ҳали пулини олганим йўқ.

«Кутиб туринглар», дейишяпти. Ўтган йили ҳам бир ой югуриб, ҳокимиятга учраб пулни олган эдик. Ўтган йили карантин йўқ эди. Бу йил карантин шароитида бошқа ердан тирикчиликка пул топиш қилиш имкониятимиз йўқ.

Қуртни бир ой кунни-тунга улаб, катта қийинчиликлар билан тутганмиз. Қурт боқиш мавсуми давомида бирор марта хабар ҳам олишмади.

Биласизлар, қурт боққан хоналар таъмирталаб бўлиб қолади. Шунча меҳнатга яраша пулни вақтида беришса бўлар эди. Ҳар йили «Пилла пулини тарозини устида санаймиз», дейишади. Бироқ яна ўша аҳвол», дейди пиллакор Акмалжон Каримов.

«Биз хонадонимизда икки қути қурт парвариш қилдик. 27 май куни 120 кг пилла хом ашёсини қабул пунктига топширганмиз. Аванс сифатида ҳар қути учун 250 мингдан пул берилган. Мавсумнинг «катта даҳа»сида яна пул берамиз, дейишганди. Хабар ҳам олишмади.

Пиллани топширгани борганимизда, кластердагилар: «Пул қачон берилишидан хабаримиз йўқ», дейишди.

Ҳар йили машаққатлар эвазига қурт тутиб, пулини ялиниб оламиз. Сизларга пилла учун пулимизни вақтида олишга ёрдам сўраб мурожаат қилдик», – дейди яна бир касаначи Муҳаммадқодир Умрзақов.

Андижон туман пилла қабул қилиш ва қайта ишлаш корхонасида нима гаплар?

Мурожаатчиларимиз томонидан «Andijan Silk Ko» қўшма корхонасига пилла топширилган Андижон туманидаги хом-ашё қабул қилиш пунктига бордик.

Бу ерда навбат кўп эмас, лекин ҳар ўн дақиқа оралиғида бир пиллакор ҳосилини олиб келиб тарозига қўймоқда.

Мутасаддилардан корхона агрономи ва тарозибони бизнинг саволларимизга изоҳ бера олмаслигини билдиришиб, ҳисобчига қўнғироқ қилганликлари, у тез орада келиб барча саволларимизга тўлиқ жавоб беришини айтишди.

Орадан бир соат ўтиб ҳисобчи етиб келди. Ўзини Сардорбек Анорбоев дея таништирган ҳисобчидан касаначилар нега ўз вақтида пилла учун тўланадиган пулни ололмаётганини сўрадик. Биз корхонага 30 май куни бордик – мурожаатчилар пилла топширганига беш кун тўлган эди.

«Пилла пули тарози тепасида берилади», дейилгани билан пилланинг навини аниқламай туриб бера олмаймиз, пилла лабораторияда бир кун туриши керак. Бир кун ўтгач, таҳлиллар чиққач пулини берамиз. Бизда доим нақд пул тайёр туради», дейди ҳисобчи.

Биз муаммога янада ойдинлик киритиш учун мурожаатчиларнинг пилла хом-ашёси топширганликлари ҳақидаги «Қабул ҳужжати» квитанцияси ва корхонанинг  қабул қилиш дафтарини солиштира бошладик.

Ҳақиқатан ҳам мурожаатчимиз Акмалжон Каримовнинг 25 май куни 75,5 кг пилла топширгани ва бошқаларнинг ҳам пилла топширгани сводка дафтарида қайд қилинган экан. Ҳисобчи мазкур дафтарни суратга олишга рухсат бермади.

Ҳисобчига: «Шунча кун ўтибди. Нега касаначиларнинг пулини бермадингиз?» деган савол билан мурожаат қилдик. У: «Сўраб келишмади. Келишса пул берардим», дея жавоб берди.

Ҳисобчига унинг гапларини диктофонга ёзиб олаётганимиз ҳақида огоҳлантириб яна саволлар бердик.

– Бизга мурожаат қилган касаначиларнинг пилласи лаборатория таҳлилига кўра нечанчи навга ўтди ва улар қанчадан пул оладиган бўлди? Ана шу ҳужжатларни кўрсатсангиз...

– Бу маълумотлар компьютерда базада туради. Ҳозир кўрсата олмайман. Чунки компьютер уйимда. Олиб келишим керак.

– Касаначиларнинг сони нечта ва уларга пулларни вақтида беряпсизларми?

– 1200 нафар касаначи бор. 60 фоизига топширилган пилла учун пулларини бериб бўлдик.

– Касаначиларга берилган пуллар ҳақидаги тўлов маълумотномаси (ведомост)ни кўрсак бўладими?

– «Ведомост»лар бу ерда эмас, уйимда туради. Ҳозир кўрсата олмайман. Уч-тўрт соатларда келсанглар, уйимдан олиб келиб таништираман.

Қисқаси, ҳисобчидан пиллакорларга нега пул тўланмаётгани ҳақида аниқ жавоб олиб бўлмади.

Қарангки, ишхонанинг базага уланган компьютери ва касаначиларга пилла пули тўлангани ҳақидаги ведомостлар ҳисобчининг уйида турар экан. Ишониб бўлмайдиган баҳоналар.

Бугун 3 июнь куни Муҳаммадқодир Умрзақов ва Акмалжон Каримов яна ўз ҳаққини сўраб борган. Бу сафар ҳам уларнинг додига ҳеч ким қулоқ солмабди.

Пиллага ҳақ тўлашдаги муаммолар бўйича Андижоннинг Асака ва Олтинкўл туманларидан ҳам мурожаатлар тушган. Олтинкўл туманидан 25 май куни мурожаат қилган касаначилар Равшан Аҳмедов ва Валижон Воҳидовларнинг муаммоси ҳам топширган пилласига пул тўланмаётганида эди. «Андижон Агро пилла» МЧЖга бориб раҳбарларни ҳолатдан хабардор қилганимиздан сўнг муаммо ҳал бўлган.

Фарғона вилояти, Фурқат тумани Шойимбек маҳалласида ипак курти боққан 10 нафар фуқаро ҳам қурт боқиб меҳнат ҳақидан норози бўлганлари ҳақида мурожаат қилишган. Бу ҳақда кейинги мақоламизда батафсил гаплашамиз.

Ўзбекистонда пиллачилик, унинг бугунги куни, муаммолари чуқур таҳлилга-мунозараларга муҳтож. Биз мазкур мақоламиз орқали соҳанинг кўриниб турган камчиликларига тўхталдик, холос. Чунки муаммоларни ўрганиш давомида пиллага ҳақ тўлаш тартиби, корхона ва пиллакор ўртасидаги муносабатлар, хом ашё етказиб берувчи ва харидор ўртасидаги шартнома шартлари ҳақида маълумот тўплашнинг иложи бўлмади.

Мавзуга яна қайтамиз.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz`нинг водий вилоятларидаги мухбири

Мавзуга оид