Ўзбекистон | 13:25 / 03.06.2020
19449
2 дақиқада ўқилади

Навоийда вазирликнинг махсус ишчи гуруҳи ишламоқда. Вилоятда икки кунда 84 бемор соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоийда яна 42 нафар бемор соғайгани тўғрисида маълумот берди. Ушбу вилоятда сўнгги икки кунда жами 84 бемор соғайиб чиққан.

Навоий вилоятида бугун ҳам бир йўла 42 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (32 нафари Зарафшон шаҳридан, 4 нафари Хатирчи туманидан, 3 нафари Томди туманидан, 2 нафари Конимех туманидан, 1 нафари эса Навоий шаҳридан) бўлиб, 26 нафари эркак, 16 нафари аёл. Уларнинг ёши каттаси 71 ёшли онахон, ёши кичиги 2018 йил туғилган. 

29 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Навоий вилояти учун махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ушбу ҳудудга сафарбар қилинган эди. 

«Шу кунларда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Валиевич Алимов, вазирлик бошқарма бошлиғи Шуҳрат Алмардонов, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулло Оқилов ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Алматов бошчилигидаги юқори малакали шифокор-олимлар, жумладан, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, хирург  ҳамда врач-лаборант каби ўнлаб тиббиёт ходимларидан иборат махсус гуруҳ вилоятда фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу тажрибали мутахассислардан иборат гуруҳ ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни янада кучайтириш, беморларни самарали даволаш борасида маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатишмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, сўнгги икки кунда бир йўла 84 нафар бемор шифо топди», дейилади вазирлик хабарида.

Вилоятда шу вақтгача жами 164 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳозирда улардан 96 нафари соғайган бўлса, қолган 68 нафар беморга шифокорлар томонидан самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Бундан аввалроқ Наманган ва Самарқандда 11 бемор тузалгани хабар қилинганди. Эндиликда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 2961 нафарга етди.

Мавзуга оид