Жамият | 21:16 / 03.06.2020
12023
9 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Ўзбекистон агросаноатини қўлламоқда

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган АGROCOMP лойиҳаси доирасида Европада малака ошириб қайтган юртимиз мутахассислари Ўзбекистонда ўз тажрибаларини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати вакилларига улашмоқдалар.

Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, аграр сектор ишлаб чиқаришининг самарадорлигини ошириш, қишлоқларни обод этиш асосида қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш вазифаларининг амалга оширилиши давлатимиз учун устувор аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг

26-30 фоизи шу саноат улушига тўғри келаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноатини ривожлантиришга ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси бир қатор хорижий ва миллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда «АГРОКОМП – Қозоғистон ва Ўзбекистонда қиймат занжири, барқарор ривожланиш ва эко-инновацияларни такомиллаштириш орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа 2017-2020 йиллар учун мўлжалланган бўлиб, Формапер – Милан-Монца-Брианца-Лоди (Италия) Савдо-саноат, ҳунармандлик, ва қишлоқ хўжалиги палатаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Қозоғистон Республикаси (Олма-ота) «Савдо ва саноат корхоналари ассоциацияси» ЮШУ, Қарағанда вилояти савдо палатаси (Қарағанда), Жамбил вилоятининг ишбилармон аёллар ассоциацияси (Тараз) ва Инновхаб ЭСИ - Милан-Монца-Брианца-Лоди (Италия) Савдо-саноат, ҳунармандлик ва қишлоқ хўжалиги палатаси консорциуми томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Савдо Саноат палатаси раиси Адҳам Икрамовнинг сўзларига кўра "Лойиҳадан кўзда тутилган асосий мақсад - Европа Иттифоқининг озиқ-овқат саноати ва агробизнес соҳасида фаолият юритаётган етакчи корхоналари томонидан фойдаланилаётган илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ қилиш орқали маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда қишлоқ хўжалиги корхоналарини самарали қўллаб-қувватлаш, ҳамда уларни сифат жиҳатдан янги рақобатбардошлик даражасига олиб чиқиш мақсадида профессионал мутахассислар тармоғини яратиш ва мустаҳкамлашдан иборат".

Юртимизда лойиҳанинг пилот ҳудудлари сифатида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси танлаб олинган бўлиб, айнан ушбу ҳудудлардан саралаб олинган малакали мутахассислар Ўзбекистон ва Италия мамлакатлари ҳудудида махсус "study visit", "twinning" ва “internship” дастурлари асосида 2 босқичда ташкил этилган семинар ва амалиёт машғулотларида олинган тажрибага кўра агросаноатнинг замонавий трендларини Ўзбекистонга татбиқ этишаяпти.

"Европа Иттифоқи молиялаштирувида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси амалга ошираётган АGROCOMP лойиҳаси доирасида ташкиллаштирган Италияга сафар жуда фойдали билимлару-тажрибаларга тўла бўлди. Мен ва яна бошқа шу лойиҳадаги ҳамкасбларимиз Италиянинг Марке вилоятига тажриба орттириш билан қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларини ўрганиш мақсадида ташриф буюрдик. У ерда биз жуда қизиқ анъанвий ва замонавий ёндашишларни турини кўриш имкониятига эга бўлдик" – дейди лойиҳа иштирокчиси Алишер Рустамов.

Ҳақиқатан ҳам, чет элга юборилган Ўзбекистон мутахассислари бир қатор йўналишларда қўшимча билимларни тўплаб келишди, жумладан:

- Ун ишлаб чиқариш;

- Логистика марказлари;

- Сутни қайта ишлаш;

- Органик озиқ-овқат саноатининг аҳамияти;

- Вино ва унинг халқаро логистикаси;

- Чорвачиликда ДНК аҳборотини тутган ўрни;

- Пахта ва юнг матодан тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариб экспорт қилиш каби мавзулар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, мутахассислар Италиянинг айрим соҳага йўналтирилган ўқув юртлари ва марказлари билан ҳам танишиб чиқдилар.

Уларнинг орасида энг қизиқарлилари Туризм ва ресторанлар олий мактаби ҳамда Марке вилоятининг логистика маркази бўлди. Туризм мактабида талабалар ўз иш фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда ўқиши мумкин, шунингдек ҳозирги меҳнат бозорида талаб бор касб ўрганиш имконияти яратиб берилган, яъни ўзгарувчан модуллардан хам самарали фойдаланилади.

Марке вилоятининг логистика марказида эса божхона ҳодимларидан кўп иш олиниб, шахсий секторга берилган, шу сабаб жараёнлар катта тезликда ўтади, одам ресурслари эса самарали тақсимланади.

Алишер Рустамов – 14 йиллик тажрибага эга мутахассис. Kun.uz сайти мухбирига ўз таассуротларини сўзлар экан, Европада асрлар давомида мавжуд бўлган сув тегирмонини, шаҳардан узоқ бўлган фермаларда барқарор элкетроэнергия ишлаб чиқариш усулини ва агробизнесидаги тадбиркор ўз ишини намоён этиш услубларини пухта билиши каби Италия саноатининг эътиборга сазовор хусусиятларни эслаб ўтди.

"Албатта, Марказий Осиёда шамол тегирмонлари мавжуд бўлган, лекин туризм ривожланишини инобатга олсак, сув кучи орқали ҳаракатланадигани ҳам жуда ўринли бўларди. Ўзбекистон туризм дунёсида тарихий жойлар билан биргаликда гастрономик ахамиятига ҳам эга. Шу тариқа, бундай буғдой янчиш услуби нафақат бир аттракцион ролини ўйнайди, балки ҳақиқий ун ҳам ишлаб чиқариши мумкин. Бу эса анъанавий "органик" озиқ-овқат йўналишининг яна бир тармоғини яратиш имкониятини беради".

Электр энергияси ишлаб чиқариш эса махсус мини-гидроэлектростанциялар ёрдамида амалга оширилади. Ушбу мослама ўз харажатларини 8-10 йил давомида нафақат оқлайди, балки уни ортиғини бошқалар билан бўлишга ҳам имкон беради.

Бу ғоя юртимизнинг узоқ қишлоқларида ҳам амалда қўлланиши мумкин, чунки шундай жойларда анча кичкина анҳорлар мавжуд. Бу энергияни етказиб бериш учун ечимлардан бири.

Алишер аканинг айтишича, Европада фермерлар турли тактикалар қўллаб аудиторияни маҳсулотга бўлган қизиқишини ошира олади.

"Бу инглиз тилида "soft skills" деб номланади ва у қобилият деярли ҳамма учратган фермерларимизда ёки оддий ошхона эгасида ҳам мавжуд эди. Мен, «Malevich Consulting» номидан ташкиллаштирилган аксарият маҳорат дарсларда ва тренинглар давомида шу сафардан олинган ўринли тажрибалар билан ўртоқлашиб келмоқдаман" – дея сўзларини якунлайди Алишер Рустамов.

Лойиҳанинг яна бир қатнашувчиси, мутахассис, Паркент туманида жойлашган "Норчонтол" кўчатзорини асосчиларидан бири Шуҳрат Аброров ҳам мухбиримиз билан суҳбат қуриб, лойиҳа ҳақидаги фикр мулоҳазаларини сўзлаб берди:

"Италия кўчатзорларида клон пайвандтаглар билан бир қаторда уруғ пайвандтаглардан ҳам фойдаланилади. Кўчатларнинг пайвандтагларини танлашда экиладиган ернинг тупроқ тури ва санитар ҳолатидан келиб чиқиб қарор қилинади. Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг, кўчатзорда турларга ажратилган кўчатларга ёрлиқ осишни ташкил этдик. Бундан ташқари айрим кўчатлар навларини осон ажратиш учун бўяш амалиётини жорий қилдик. Умуман кўчат етиштиришда кўчатзорга экиладиган пайвандтаглар оралиқ масофаси ҳамда қаторлар орасини, сифатли кўчат етиштириш мақсадида кенгайтириш бўйича ҳам ишлар олиб бормоқдамиз".

Италияга сафар натижасида юртимизда олма ва бошқа меваларнинг янги турлари пайдо бўлди. Жумладан, "Vitro plant" ҳамда "Баттистини" кўчатзорларидан гилос ва шафтолининг янги турлари олиб келиниб, Ўзбекистонда экилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги кўчатзор такомиллаштирилди, Берунийда эса иккита хусусий кўчатзор ташкил этилди.

Ҳозирда лойиҳа доирасида олинган тажрибани оммалаштириш ва карантин даврида соҳага қизиқиш билдираётган барча юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес ва агросаноат соҳасида билимларни мустаҳкамлашга йўналтирилган бепул вебинарлар ташкил қилинган. Уларни Европалик соҳа профессионаллари билан ҳамкорликда тажриба орттирган ва кўп йиллик тажрибага эга спикерлар бизнесни ташкил этиш, бошқариш, маркетинг, сервис ва яна кўплаб мавзуларда олиб бормоқдалар.

Адҳам Икрамовнинг таъкидлашича, юқоридаги вебинарлар айнан тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантириш, хусусан қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнесни ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятлари, бизнес-режа ва менежмент мавзуларига бағишланган бўлиб, барча тадбиркорлар ва тадбиркор бўлиш истагида бўлган ёшларимизга жуда қўл келади.

Лойиҳа доирасида фермерлар ва аёллар тадбиркорлигига ҳам алоҳида эътибор берилади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида яшовчи камида 25 нафар фермер хўжаликлари вакилларининг бизнес-режаларини тайёрлашга ҳамда 100 нафар аёлга бизнесга оид бепул маслаҳатлар, юридик ва психологик кўмаклар тақдим қилинади, ҳамда уларнинг бизнесларини ташкил этиш ва ривожлантиришга яқиндан ёрдам берилади.

Боғланиш учун телефон рақамлари:

Бизнес маслаҳатлар учун: +998 97 769 65 55

Юридик маслаҳатлар учун: +998 97 769 78 88

Психологик маслаҳатлар учун: +998 90 188 20 62.

Вебинарлар аллақачон бошланган, уларни ўтказиб юбормаслик учун Ўзбекистон Савдо Саноат палатасининг унитар ташкилоти, "Business Monitoring Group"нинг Telegram каналига обуна бўлинг – t.me/bmguz

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид