Жаҳон | 14:02 / 04.06.2020
21650
4 дақиқада ўқилади

Барча бактерияларни йўқ қила олувчи антибиотик яратилди

АҚШнинг Принстон университети олимлари антибиотикларга энг чидамли бўлган бактерияларни ҳам йўқ қила оладиган бирикмани топишди. Улар олиб борган тадқиқот натижалари Cell нашрида эълон қилинган.

Фото: EPA

SCH-79797 деб номланган бу бирикма қўш таъсирга эга: у бир вақтнинг ўзида бактерия деворларини тешиб ўтиб, улар ҳужайраларидаги фолий кислотасини емира олади. Шу билан бирга бактерияда бирикмага қарши чидамлилик ишлаб чиқилмайди.

Таъкидланишича, охирги 30 йил ичида грамманфий бактерияларни ўлдира оладиган бирорта янги дори воситаси ишлаб чиқилмаган. Бу бактерияларнинг граммусбат бактериялардан асосий фарқи шундаки, грамманфий бактериялар уларни кўплаб антибиотиклардан ҳимояловчи ташқи қатлам билан ҳимояланган.  

Тадқиқот раҳбари профессор Земером Гитайнинг таъкидлашича, SCH-79797 бирикмаси бир вақтда ҳам сиртдан, ҳам ичкаридан ҳужум қилиб, энг кучли бактериялар – Escherichia coli ичак таёқчасидан тортиб барча маълум антибиотикларга чидамли бўлган стафилококк ва гонококкгача бўлган бактерияларни йўқ қила олади. Профессор бирикмани “учи заҳарланган найзага” қиёслаган.

“Бу ҳам граммусбат, ҳам грамманфий бактерияларга ҳеч қандай қаршиликка учрамай таъсир қиладиган биринчи антибиотикдир. Биз келгусида бу бирикма янги турдаги антибиотиклар пайдо бўлишига олиб келишига умид қилмоқдамиз”, деб айтган Гитай. Унинг айтишича, бирикма “иррезистин” деб номланган.

Антибиотикларнинг асосий муаммоси шундаки, бактериялар уларга қарши резистентлик (чидамлилик) ишлаб чиқаради. Олимларнинг таъкидлашича, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бирорта бактерия SCH-79797’га қаршилик қила олмаган. Уларнинг таъкидлашича, бу орзудаги дорига ўхшайди – бактерияларга қарши самарали, ўзига чидамлиликни шакллантирмайдиган ва шу билан бирга одамлар учун хавфсиз бўлган антибиотик. 

Одатда янги антибактериал воситани ишлаб чиқиш қуйидаги тарзда кечади: олимлар бактерияларни ўлдирувчи молекулани топишади, микроорганизмларнинг бир неча авлодини етиштириб, уларнинг олинган молекулага чидамлиликни қандай ишлаб чиқишини кузатишади, сўнгра молекулага тегишли ўзгартириш киритишади. Бироқ юқоридаги вазиятда ҳеч нарсани ўзгатиришга ҳожат бўлмаган, чунки воситага қарши чидамлилик ишлаб чиқилмаган. Бироқ олимлар олдида бошқа вазифа - ўз ҳамкасблари ва мутахассисларга бирорта бактерия ҳақиқатан ҳам янги бирикмага қаршилик кўрсата олмаслигини исботлаш вазифаси пайдо бўлган.

Тадқиқотчилар шу мақсадда 25 кун давомида бактерияларни қайта-қайта бирикма таъсирига учратишган. Бактерияларнинг янги авлоди ҳар 20 дақиқада пайдо бўлиши сабабли, микроблар чидамлилик ишлаб чиқишга миллионлаб имкониятга эга бўлган, бироқ буни қилмаган. Олимлар таққослаш учун қўллашган бошқа антибиотикларга бактерияларда тезда чидамлилик ҳосил бўлган. 

Олимлар ўз тажрибалари учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти омборларидан Neisseria gonorrhoeae гонококкининг энг чидамли штаммини ҳам олишган. Ушбу штамм даволаниши энг қийин бўлган 5 та микорбдан бири ҳисобланади. Иррезистин уни ҳам енга олган.

“Сўзак (гонорея) дорига чидамлилик борасида катта муаммо ҳисобланади. Инсониятда уни даволаш учун самарали дори воситаси қолмаган. Аввал ҳимоянинг охирги чизиғи бўлган, фавқулодда вазиятда қўлланган дори ҳозирда унга қарши ишламайди”, деб айтган профессор Гитай.

Олимлар иррезистин Neisseria gonorrhoeae’га чалинган сичқонларни самарали даволашини намойиш қилишган.

Мавзуга оид