Ўзбекистон | 08:16 / 04.06.2020
16289
2 дақиқада ўқилади

«Берилаётган ижтимоий ёрдам барча эҳтиёжмандларга тўғри етиб бормаяпти» – Президент секторлар раҳбарларини танқид қилди

Бугун президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ҳудудларда тайёрланган «темир дафтар»лар, яъни, камбағал аҳоли қатламининг камайишига қараб секторлар фаолиятига баҳо берилиши ҳақида гапирилди.

«Барча сектор раҳбарлари бир ҳолатни тушуниб олиши лозим. «Темир дафтар»да умумий кўрсаткичлар эмас, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси ва унинг ечими акс этиши керак. Бу рўйхатга тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда бир нафар аъзосини иш билан таъминлашимиз шарт. Агар уларни иш билан таъминламасак, ҳеч қанақасига бу оила оёққа туролмайди. Шу орқали уларни муҳтожликдан чиқаришимиз мумкин.

Лекин ҳамма жойда ҳам вазият бирдек ташкил этилмаяпти. Сектор раҳбарлари ҳам вазиятга тўғри баҳо бермаяпти. Берилаётган ижтимоий ёрдам барча эҳтиёжмандларга тўғри етиб бормаяпти. Масалан, Ангрен шаҳридаги солиқ идораси раҳбари секторида олтмишта эҳтиёжманд оилага кўмак берилди, деб сохта маълумот тақдим қилган. Бу нима деган гап?! Сектор раҳбари – давлатнинг вакили мана шундай сохта маълумот берса, жамиятимизда хиёнат қиладиган одамлар ишлаётганидан далолат», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Мирзиёев бугунги оғир шароитда аравасини тортган раҳбарларгина ишлаши ҳақида гапирди. Ҳудудларда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида гапира туриб, аҳолини иш билан банд қилиш қоғозда эмас, амалда бўлиши лозимлиги таъкидланди. Туман, шаҳар ҳокимлари қаторида прокурор, ИИБ ва солиқ раҳбарларининг фаолиятига ҳар ойда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатларининг хулосаси билан баҳо берилиши айтилди.

«Жиноят қаерда бўляпти? Ишсизлик борр жойда жиноят бўляпти! Адолатсизлик бор жойда жиноят бўляпти», деди президент ва сектор раҳбарлари биринчи навбатда фуқаролар бандлигини таъминлашга эътибор қаратиши лозимлигини уқтирди.

Мавзуга оид