Жаҳон | 01:57 / 05.06.2020
7985
2 дақиқада ўқилади

Америкалик муҳандислар ҳеч қачон сирпанмайдиган пойабзал таглигини ишлаб чиқишди

Америкалик муҳандислар ишлаб чиққан сирпанмайдиган пойабзал таглиги кекса одамларни даволаш ва уларни суғурталашда миллиардлаб доллар тежаш имконини беради, чунки йиқилишлар кексалар ўлимининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Фото: MIT News

Массачусетс технология университети муҳандислари иштирокида яратилган материал устига илон териси кўринишида туширилган нақшли юпқа ва қайишқоқ пўлат пластинкага ўхшайди. Ушбу материалнинг асосий сири – бир-бири устига чиққан ўнлаб тангачалар бўлиб, улар япон санъати — киригами қоидалари бўйича терилган. 

“Бундай материалдан ишланган таглик ясси ҳолатда силлиқ бўлиб қолади, бироқ кичик эгилишда ҳам, мисол учун, оғирлик товондан оёқ учига ўтганда тангачалар “ҳурпайиб”, ер билан тишлашади. Шу билан бирга улар пойабзалга сирпанмаслиги учун баъзида тақиладиган тишлардан анча камроқ оғирликка эга”, деб айтишган ихтиро муаллифлари. 

Муҳандисларнинг таъкидлашича, бундай таглик сирпанишнинг тишлардан кўра самаралироқ олдини олади. Бундан ташқари, у пойабзал ва сирт ўртасидаги ишқаланишни 20-35 фоизга оширади.

Ғоя муаллифларининг таъкидлашича, бундай пластинанинг пойабзалда қўлланиши йиқилиш хавфини анча камайтиради ва шу билан кўплаб ҳаётларни сақлаб қолади ва жароҳат олганларни даволашга кетадиган миллиардлаб долларни тежаб қолиш имконини беради.

Мавзуга оид