Ўзбекистон | 23:59 / 05.06.2020
136236
3 дақиқада ўқилади

5 июнь куни 8 ҳудудда янги ҳолатлар қайд этилди

5 июнь куни Ўзбекистонда 68та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва 160 бемор соғайди. Шу вақтгача 3247 беморга жавоб берилган, 16 киши вафот этган, шифохоналарда 744 бемор даволанмоқда.

Бугун янги ҳолатлар 8та ҳудудда қайд этилди - Самарқанд, Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, Бухоро, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги касаллар аниқланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 68та ҳолатдан 42таси карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида, 17таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 9 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. 

Аҳоли орасида (+17)
Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 9та янги ҳолат қайд этилди. Вазирлик маълумотига кўра, 4 июнь куни пойтахтда аҳоли орасида қайд этилган ҳолатлар 3та туман - Миробод , Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилган. Жумладан, қурилиш фирмасининг ходимида ва «Mediapark» савдо мажмуаси қўриқчисида вирус аниқланган.

Бугун Қашқадарё вилояти яна коронавирусли ҳудудга айланди, вилоятда аҳоли орасида 4та ҳолат қайд этилди. Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозорида юк ташувчи бўлиб ишлаган ходим ва у билан яқин мулоқотда бўлган 3 нафар оила аъзосига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тошкент вилоятида эса аҳоли орасида 2 ҳолат қайд этилган. Шунингдек, Наманган ва Бухоро вилоятларида аҳоли орасида 1тадан ҳолат қайд этилган.

Ҳайдовчилар (+9)
Тошкент вилоятида 5, Сирдарё вилоятида 4 нафар халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчиларида вирус чиққан.

Карантин (+42)
Тошкент вилоятида карантин марказида 14 киши вирусга чалингани аниқланган, шунингдек, беморлар билан алоқада бўлган 1 кишида вирус юқтириб олгани маълум бўлган. 

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлгани учун карантинга олинган 4 кишида ва хориждан келган 3 кишида вирус аниқланган.

Самарқанд вилоятида 11, Навоий вилоятида 5, Бухорода эса 4 нафар карантинга олинган фуқароларда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган.

Тузалганлар (+160)
Бугун жами 160 нафар фуқаро соғайди. Шундан 140 нафари Тошкент шаҳридаги, 14 нафари Навоий вилоятидаги, 4 нафари Самарқанд вилоятидаги ҳам 2 нафари Андижон вилоятидаги тиббиёт муассасаларида соғайиб чиқишди. Тошкент шаҳрида кунлик тузалишлар сони бўйича рекорд қайд этилди. Шунингдек, республикада ҳам кунлик тузалишлар бўйича кўрсаткич - рекорд натижа ҳисобланади. Айни вақтда Андижон вилоятида бир бемор қолган ва ушбу ҳудуд коронавирусдан холи ҳудудга айланиш арафасида.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4007 нафар бемордан 3247 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 81 фоизни ташкил этмоқда.
 
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 744 нафар бемордан 12 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунгача жами 433 114 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 383 981 нафари карантиндан чиқарилган. 

Ҳозирда уй карантинида 26 687 нафар, стационар карантинда эса 22 446 нафар фуқаро бўлиб турибди.

Мавзуга оид