Ўзбекистон | 15:55 / 05.06.2020
23463
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик бош прокурордан Сирдарёда шифокорларни калтаклаган шахсларни қаттиқ жавобгарликка тортишни сўради

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида тиббиёт ходимларининг аёвсиз калтаклангани бўйича бош прокурорга мурожаат қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида «Тез ёрдам» ходимлари бир гуруҳ шахслар томонидан калтаклангани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.

«Мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитида барча соҳа қатори соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳам ўз бурчига виждонан ёндашиб, зиммасига юклатилган барча вазифаларни сидқидилдан бажариб келаётганлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Айниқса, фидойи ва заҳматкаш шифокорларимиз коронавирусга қарши ҳаёт-мамот курашида қатъий ва собит туриб, қаҳрамонларча амалга ошираётган ишлари ўз самарасини бермоқда.

Бироқ, ана шундай қийин вазиятда ҳам баъзи бир фуқароларимиз тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор ҳаракатлар содир этишаётгани жуда ачинарли ва бу ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган ҳолатдир», дейилади хабарда.

4 июнь куни соат 00:14да Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани «Ғалаба» маҳалласида яшовчи фуқаро А.Б. томонидан «оёқда жароҳат» шикояти билан тез тиббий ёрдам шохобчасига чақириқ бўлган. Тез тиббий ёрдам шoхобчаси жамоаси «Тез ёрдам» машинасида 7 дақиқа ичида, яъни соат 00:21да чақириқ бўйича манзилга етиб келган.

Лекин тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун машинадан тушишлари билан шу ерда бўлган бир гуруҳ маст ҳолдаги кишилар  ҳеч қандай сабабсиз шифокор ва фельдшерга ташланиб, уларни аёвсиз калтаклашган.

Натижада, 28 ёшли шифокор Ж.О. «Бош мия чайқалиши, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, ўнг қовоқ соҳаси гематомаси, кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши» ташхиси билан, 44 ёшли фельдшер В.Н. эса «Бош мия чайқалиши, юз соҳаси, чакка соҳалари юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг қўл кафт суяги асосидан ёпиқ синиш» ташхиси билан Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез ёрдам бўлимига ётқизилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мурожаат йўллади. Унда юқорида қайд этилган ҳолатни назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид