Ўзбекистон | 11:36 / 05.06.2020
33452
4 дақиқада ўқилади

«Яшил» ҳудудлардаги масжидларда ибодатларни ташкил этиш бўйича талаблар белгиланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссияси хабарида карантин талабларига амал қилиш асосида айрим фаолият турларига рухсат берилди. Масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлаши, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилиши эълон қилинди.

«Ҳақиқатан, барча мўмин-мусулмонларимиз масжидларда намоз ўқишни жуда соғинишди, буни илҳақлик билан кутаётгандилар. Алҳамдулиллаҳ, масжидлар эшиклари мўмин-мусулмонларимизга яна очилди, карантин мезонларига амал қилган ҳолда «яшил» ҳудудларда файзли ибодатларни бошлаймиз. Қолган «сариқ» ва «қизил» ҳудудларда яна бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, у ерларда ҳам масжидлар фаолиятига рухсат этилади, инша Аллоҳ», - дейилади баёнотда.

Билдирилишича, Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар фаолиятини карантин даврида ташкил этиш, масжид иш фаолиятини санитария-эпидемиологик қоидаларга мувофиқ юритиш ва ибодатларни адо этиш учун зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш борасида қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди.

1. Республика махсус комиссияси томонидан туман-шаҳар кесимида «яшил» ҳудуд сифатида тоифага ажратилган минтақалардаги масжидларда 2020 йил 8 июнь, душанба куни бомдод намозидан бошлаб, кунлик беш вақт фарз намозларини ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда (1,5-2 метр) адо этиш.

2. Масжидларда ибодатларни ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:

масжиднинг кириш жойини дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари билан таъминлаш;

ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш, тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланиш сақланган ҳолларда фойдаланиш;

масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланиши;

масжид бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

масжид ҳудудида ҳар қандай кўринишдаги савдо-сотиқни ташкил этмаслик, ҳадя ва совғалар тарқатмаслик;

расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди;

масжид ходимлари ва кўнгилли намозхонлардан ёрдамчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан масжид ҳудудида карантин талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

масжидлар фаолияти жойлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари талабларига мувофиқ ташкил этилишини таъминлаш каби тавсиялар жорий этилади.

«Масжидлар фаолияти ҳудудлар тоифалари ўзгаришига қараб, мувофиқлаштирилиб борилади. Хусусан, ҳудудга «қизил» ёки «сариқ» тоифа берилишига кўра ундаги масжидлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилади.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ушбу тавсияларни амалга оширилишини таъминлайди ва белгиланган вазифаларнинг бажарилишига масжид имом-хатиби масъул ҳисобланади», - дейилган баёнотда.

Мавзуга оид