Жамият | 16:04 / 08.06.2020
100880
5 дақиқада ўқилади

«Авто 60 ой»дан «Авто 70 ой»га: яна юзлаб одамлар чув туширилди

Юзлаб фуқаролар бирор бир фоизларсиз, бўлиб тўлаш шарти билан 70 ойда автомашина олиб беришга ваъда қилган учарларга алданган бўлиши мумкин.

Иллюстратив фото

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси биринчи қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Терговда «Avto 60 oy» томонидан 18 минг 818 нафар одамдан жами 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғиб олингани маълум бўлганди.

Аммо буни қарангки, айрим содда ҳамюртларимиз пешона тери билан ишлаб топган пулларини узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан автомобил олиш илинжида навбатдаги фирибгарларга қўшқўллаб топширишган экан.

Таҳририятга келган мурожаатлардани бирида баён этилишича, фаолиятини Жиззах вилоятида ташкил қилган «Almaz Super Avto» МЧЖ раҳбари Х.Д. номидан 70 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автомобил етказиб бериш мазмунида юзлаб фуқаролар билан шартномалар тузиб келган. Навбатдаги фирибгарликнинг ўзига хос жиҳати шундаки, дастлаб фуқаролар билан автотранспорт воситасини сотиб олиш учун навбатга туриш шартномалари имзоланган ва шартноманинг асосий шартларидан бири сифатида мижозларга навбатда туриш учун МЧЖнинг реклама флаерини сотиб олиш мажбурияти юкланган.

Қизиғи, шартномаларда ушбу МЧЖ Жиззах шаҳрида рўйхатдан ўтгани кўрсатилган бўлса-да, унга алданганлар республиканинг деярли барча ҳудудларидан топилади. Жумладан, Наманган вилоятида яшовчи фуқаро Увайсхон Авлияевнинг Kun.uz таҳририятига маълум қилишича, МЖЧнинг «Наманган филиали» уни жами 3 200 АҚШ доллари (28 981 000 сўм)га чув туширган. Яъни, 2019 йил 12 август куни у билан автотранспорт воситасини сотиб олиш учун навбатга туриш шартномасини тузиш ва МЧЖнинг реклама флаерини сотиб олиш учун 9 100 000 сўм ва кейинроқ, ўзини «Almaz Super Avto» МЧЖнинг бошлиғи Э.И. сифатида таништирган шахс унга, агар шартномада белгиланган 120 кунлик навбатда туриш муддатини кутишни истамаса, автомобилни муддатидан аввал ҳам чиқариб беришлари мумкинлигини айтиб, бу хизмат учун 2019 йилнинг 1 ноябрь куни «Андижондаги филиал»га қўшимча 19 881 000 сўм тўлов қилдирган.

Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Ташбаев Ибодулла Лутбидинович эса ўзининг таҳририятга мурожаатида автотранспорт воситасини сотиб олиш учун навбатга туриш шартномаси доирасида реклама флаерига 8 000 000 сўм тўлаганини маълум қилган.

Юқоридаги фуқароларнинг ҳеч бирига автомобиль етказиб берилмаган.

Фирибгарлар гўёки ўзларининг қонуний фаолият юритаётганини билдириш учун мижозлар билан белгиланган намунадаги шартномалар тузган, тўловлари учун квитанциялар ҳам берган. Демак, ушбу ҳолатда фирибгарликдан ташқари ҳужжатларни қалбакилаштириш жинояти ҳам содир этилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Шунингдек, шартномаларда «Almaz Super Avto» МЧЖнинг Жиззах шаҳар тадбиркорлик субъектларига ягона дарча тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказидан 1000-сон билан рўйхатдан ўтган Низом асосида фаолият кўрсатиши иддао қилинган.

Булардан ташқари, жамият эгалари мижозларга қуйидаги кўринишдаги сертификатларни ҳам тақдим этишган:

Ушбу вазият бўйича «Almaz Super Avto» МЧЖ билан боғланиш учун унинг мижозлар билан тузган шартномасида кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилганимизда ушбу рақамлар ишламаётгани, шунингдек ташкилотнинг интернет тармоғида бирор бир саҳифаси мавжуд эмаслиги  маълум бўлди.

«Ҳозирда Э.И.ни қамашган. Жиззах шаҳар ИИБ томонидан ҳамма вилоятлардаги ИИБларга ариза беришимиз кераклиги айтилган эди. Биз аризаларимизни ноябрь ойида берганмиз. Январь ойида тергов тугатилди ҳамда иш судга чиқарилади, деганигаям мана 5 ой бўлди, ҳалигача дараги йўқ», – дейди Увайсхон Авлияев.

Таҳририят кўп сонли фуқароларни қизиқтираётган мазкур масалада расмий идоралардан тегишли муносабат кутиб қолади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид