Ўзбекистон | 19:18 / 10.06.2020
29406
2 дақиқада ўқилади

ОТМларга сиртқи бўлим учун қабул санаси ҳақида маълумот берилди

Бугун, 10 июнь куни АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Абдусамад Маманазаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда янги ўқув йили учун қабул жараёнлари тўғрисидаги саволларга жавоб берилди.

Брифингда ОТМларга сиртқи бўлимлар учун қабул бошланиш санаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, сиртқи бўлимга ҳужжатлар кундузги бўлим каби 15 июндан 15 июлга (шу куни ҳам) қадар қабул қилинади.

Абдусамад Маманазаров карантин даврида жисмоний тарбия йўналишида нормативларни топшириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби ҳақида ҳам гапирди.

“Касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари учун имтиҳонлар карантин, санитария-гигиена талабларига риоя этган ҳолда 11 июлдан 20 июлга қадар, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун эса 25 июлдан 10 августгача ўтказилади.

Карантин чекловлари давом этган тақдирда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Ижодий ва тест имтиҳонлари (педагогик таълим йўналиши) асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда эса ижодий имтиҳонларнинг фақат биттаси (махсус жисмоний тайёргарлик) сақлаб қолинади ва қўшимча тест топширилади. Абитуриентлар ижодий имтиҳонларни фақат бир кун ва узоғи бир соат ичида топширишади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида имтиҳонлар касбий (ижодий) ҳамда касбий (ижодий)+тест йўналишида ташкил этилади. Тўлиқ ижодий имтиҳон асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда абитуриентлар шу пайтга қадар махсус ва умумий жисмоний тайёргарликдан ташқари сузиш бўйича ҳам имтиҳон топширишар эди. Жорий йилги қабул мавсумида абитуриентлар фақат махсус ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон топширади, спортнинг сузиш тури бўйича имтиҳон олиб ташланди”, - деди Маманазаров.

Маълум қилинишича, алоҳида иқтидор талаб этиладиган ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд таълим йўналишларига киришда абитуриентлар фақатгина битта таълим йўналишида танловда иштирок этиши мумкин.

Мавзуга оид