Жаҳон | 22:46 / 10.06.2020
13986
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик собиқ хоккейчи АҚШдаги шаҳар мэрига айланди

Қозоғистоннинг “Барис”  хоккей клубининг собиқ ўйинчиси Брэндон Боченски АҚШдаги шаҳар мэрига айланди. Унинг таъкидлашича, энди шаҳарликларни яхши томон ўзгаришлар кутмоқда. 

Фото: grandforksherald.com

Қозоғистон терма жамоасининг собиқ сардори ва Нур-Султоннинг “Барис” клуби ўйинчиси бўлган Брэндон Боченски Шимолий Дакота штатидаги Гранд-Форкс шаҳри мэри учун сайловларда ғалаба қозонди. Унга сайловларга келганларнинг деярли ярми овоз берган. Бу ҳақда Grand Forks Herald нашри хабар берди.

38 ёшли Боченски 49,62 фоиз овоз олган. Шаҳарнинг амалдаги мэри Майк Браунга эса 31,81 фоиз овоз берилган. Таъкидланишича, Браун ушбу лавозимни охирги 20 йил давомида эгаллаб келган.  

Янги мэр биринчи навбатда коронавирус ва унинг иқтисодий оқибатларига қарши курашишини айтган.

“5 ой давомида астойдил ишлаганингдан кейин бундай натижага хурсанд бўлиш керак. Фикримча, шаҳар ўзгаришларга тайёр эди. Бу ўзгаришларнинг барчаси яхшиликкадир”, деб таъкидлаб ўтган собиқ спортчи.

Боченски АҚШда туғилиб, Миллий хоккей лигасининг бир нечта клуби учун ўйнаган. У 2010 йилдан “Барис” учун шайба сурган. Боченски 2014 йилда Қозоғистон фуқаросига айланган ва 2016 йилги жаҳон чемпионатида Қозоғистон шарафини ҳимоялаган. Спортчи ўз фаолиятини 3 йил аввал якунлаган.

Мавзуга оид