Жамият | 18:47 / 11.06.2020
22101
7 дақиқада ўқилади

«27 йилдан бери тирикчилигимиз шу ердан эди» — томорқасидан айрилган норинликлар деҳқончилик учун ер сўрамоқда

Kun.uz таҳририятига Наманган вилояти Норин туманидаги Учтепа маҳалласидан мурожаат келиб тушди. Муаммони ўрганиш мақсадида Норин туманида бўлдик. 

Учтепалик аҳоли вакиллари хонадонида томорқа ер майдонлари камлиги боис, улар ҳудуддаги тошлоқ ерни ўзлаштириб олишлари учун 1991 йил 30 апрелда собиқ Пахтакор колхозининг йиғилиш қарори билан томорқа учун 11,28 гектар ер ажратилган.

Қарор асосида берилган тошлоқ томорқа ер 168 нафар маҳалла вакилларига 4 сотихдан 16 сотихгача тўғри келади. Улар 27 йил мобайнида ернинг унумдорлигини ошириш мақсадида бу ерга бошқа жойдан тупроқ ва маҳаллий ўғитлар олиб келиб ўзлаштиришади. Томорқадан самарали фойдаланган ер эгалари бир йилда икки мартадан ҳосил олишга ҳам эришган.

Ерга рўзғор учун турли сабзавот экинлари экиб, рўзғордан ортган қисмини бозорда сотиб тирикчилик ўтказиб келишади.

2017 йилда Наманган вилоят кадастр ташкилоти вакиллари келиб аҳоли узоқ йиллардан бери фойдаланаётган ўша ерларни хатловдан ўтказади. Ҳар бир томорқа ер эгасидан паспорт нусхаси, СТИР маълумотлари ва 5 минг сўм миқдорида пул маблағи йиғишиб, мазкур томорқа ер учун кадастр ҳужжат қилиб беришини айтишади. Лекин томорқа эгаларига ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмайди.

2018 йили эса туман ҳокимлиги 27 йил мобайнида томорқа сифатида фойдаланиб келинган жойни томорқа ер эгаларини огоҳлантирмасдан тадбиркорга балиқчилик хўжалиги ташкил қилиши учун қарор асосида бериб юборган.

Томорқа ерисиз қолган учтепаликларнинг арзини тинглаган ташкилотлар ҳам муаммога ечим топиб бера олишмаган.

Томорқа ер эгалари Норин туман давлат архивидан олинган, 1991 йил 30 апрелда собиқ Пахтакор колхозининг йиғилиш қарори нусхасини туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Отабек Маҳкамовга тақдим қилишади.

Мутасадди бу ҳужжат ҳақиқатан ҳам юридик кучга эгалигини айтиб, учтепалик томорқа ер эгаларига бошқа ердан 3,5 гектарга яқин ер ажратиб беришни таклиф қилади.

105 нафар томорқа ер эгалари 3 гектардан ортиқ ерни тақсимот қилиш қийинлигини айтишади ва рози бўлишмайди. Ҳар бирига ҳеч бўлмаганда 5 сотих ер майдони ажратиб бериш кераклигини сўрайдилар.

Маҳкамов туман ҳокими билан маслаҳат қилиб кўришини айтади. Бироқ шу кунгача Норин туман ҳокимлиги ва бошқа мутасаддилар томонидан томорқа эгаларининг муаммолари ҳал этилмай келмоқда.

Ундан ташқари, 2018 йилда томорқа ери тадбиркорга берилаётган пайтда, барча томорқа ер эгалари иш билан таъминланиши ҳам айтилган. Бироқ аҳоли вакиллари 2 йилдан ошган бўлса-да, тадбиркор томонидан ҳовуз қилиб қўйилгани, лекин ҳалигача иш бошланмаганини таъкидлашди.

Томорқасиз қолган учтепаликларнинг арзига қулоқ тутдик.

«1990-1991 йилларда хонадонимизда фойдаланиш учун томорқа еримиз оз бўлгани боис ва аҳолини шахсий ёрдамчи хўжалигини ташкил этиш мақсадида ўша пайтдаги «Пахтакор» колхози томонидан бизга ер ажратилган. Колхозда ишловчиларга кўпроқ, ишламайдиган аҳоли вакилларига эса озроқ миқдорда ер берилган. 27 йилдан бери рўзғоримиз учун мана шу жойдан унумли фойдаланиб, ер солиқларини ҳам ўз вақтида тўлаб келаётган эдик. Томорқа рўзғоримизни бут қилиб турганди», – дейди «Учтепа» маҳалласи фуқароси Камолиддин Шералиев.

Камолиддин Шералиев

«20 йилдан ортиқроқ оилам билан шу ерда деҳқончилик қилиб келдим. Шу пайтгача картошка ва гуручни бозордан сотиб олмаганман. Чунки ўзимиз етиштирганмиз. Рўзғордан ортган қисмини бозорда сотиб тирикчилик ўтказдик. Томорқадан олган даромад ҳисобига тўй қилдим, уй солдим ва фарзандларимни ўқитяпман. Ҳозирги пайтда барчамиз ишсизмиз. Пандемия бўлганлиги учун жуда қийналяпмиз. Арз қилмаган жойимиз қолмади.

Туман ҳокимига ҳам бир неча маротаба мурожаат қилдик. Бизга бошқа жойдан туман захирасидаги ерлардан ажратиб беришни ваъда қилди. Лекин ҳанузгача ажратиб бергани йўқ.

2017 йилда вилоят кадастридан вакиллар келиб, томорқамизни хатловдан ўтказишди. Ҳар биримиздан паспорт нусхаси, ИНН қоғоз бланкаси ва 5 минг сўмдан пул йиғиб, кадастр хужжат қилиб беришини айтишганди. Ўша пайтда биз фойдаланаётган ер томорқа деб расмийлаштирилган эди. Лекин 2018 йил тадбиркорга берилаётган пайтда мутасаддилар «бу ер туман ҳокимининг захира ери», деб айтишди», – дейди Учтепа маҳалласи фуқароси Шермурод Навтаев.

Шермурод Навтаев

Маҳалла аҳлининг айтишича, уларнинг ерида балиқчиликни бошлаган тадбиркорнинг иши юрмаётган экан. Сабаби, ер тошлоқ бўлгани учун ҳовузларда сув турмай, сингиб кетиб, балиқлар нобуд бўлмоқда.

Кадастр бўлими: Бу жой томорқа эмас, тут плантацияси

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Норин туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида бўлиб, бўлим бошлиғи Отабек Маҳкамов билан телефон орқали боғландик.

«Ҳақиқатан ҳам 2018 йил октябрь ойида Учтепа маҳалласидаги аҳоли фойдаланаётган 7,4 гектар томорқа ер майдони дарё бўйида бўлгани учун тадбиркорга берилган. Ўша ер туман қишлоқ хўжалиги харитасида 102-контур ҳисобланади. Дала томорқаси эмас. Туман ҳокимлиги захирасидаги тут плантацияси.

Ҳужжатлари тўлиқ бўлмаса ҳам, томорқа эгаларига 3,5 гектар ер беришни таклиф қилдим. Лекин улар рад этишди. Ҳафтанинг душанба ва сешанба кунлари – туман ҳокимининг қабул куни. Томорқа ер эгаларидан вакиллар келсин. Ўша 5 гектар ер майдонини сўрашсин», – дейди бўлим бошлиғи Отабек Маҳкамов.

Маҳалла аҳли уларга ер ажратилган пайтда колхоз ерлари контурларга ажратилмаганини айтишди. Лекин улар узоқ йиллар давомида фойдаланган ер тутчилик плантацияси ҳам бўлмаган. Томорқа ерларининг орасида тут қаторлари бўлган ва бу тут дарахтлари деҳқончиликка халақит бермаган.

Айни пайтда учтепалик деҳқонлар тирикчилик ва даромад манбайидан ажралиб қолган. Улар даромад ва рўзғор учун фойдаланаётган ўз ерларини қайтариб беришларини ёки бошқа жойдан ер майдони беришларини сўрашмоқда.

Мурожаатчилар, Норин тумани ҳокимлиги мутасаддилари таклиф қилган ер барчага тақсимланганида жуда камдан тўғри келишини айтишмоқда.

Аҳоли вакиллари ҳокимликдан бўш турган тошлоқ майдонларда камбағалликдан чиқиш учун меҳнат қилиб даромад топгани ер сўраяпти. Уларнинг мурожаатининг ижобий жавобини эса тез кунларда биламиз, дея умид боғлаб қоламиз.

Сарварбек Назаров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид