Ямандаги ўзбекистонлик шифокор: «Синфлардаги қизларнинг ярмига менинг исмим қўйилган»
Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб, олисга йўл олгани энди ҳеч кимга сир эмас.
Бу борадаги туркум суҳбатларимиз доирасида Яман давлатида фаолият юритаётган яна бир шифокор, акушер-гинеколог Ирина Кан билан боғланиб, суҳбат ташкил этдик.
– Ассалому алайкум Ирина опа, сизга Ўзбекистондан салом! Анъанамизга мувофиқ, дастлаб ўзингиз тўғрингизда маълумот берсангиз.
– Ваалайкум ассалом. Ўзбекистонга менинг ҳам соғинчли саломларим. Ватанимни шу қадар соғиндимки... Мен 1992 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини акушер-гинеколог мутахассислиги билан тугаллаганман. Олган билимим, ишга иштиёқим маъқул бўлган шекилли – клиниканинг ўзида ишлаб қолганман.
Биз тест тизими асосида ўқимаганмиз. Тўғрисини айтсам, мен шу тизимнинг танқидчиларидан бириман. Сабаби, тиббиётга бу услуб тўғри келмайди. Ўйлаб кўринг, бемор ёнидаги шифокорда тўртта ёки бешта жавоб ёки даво чораси варианти бўлмайди-ку! Тиббиёт клиник фикрлашга асосланиши, шифокор барча вариантларни таҳлил қилишга ўрганиши лозим. Мана шу дунёқарашим менга кўп қўл келади.
– Нега айнан Яман давлатини танлагансиз ва қанча вақтдан буён у ерда фаолият юритасиз?
– 2001 йилда Яманда ишлаб юрган дугонам шу давлатга ишга таклиф қилди ва менинг мутахассислигим ҳамда тажрибам билан ишлаб топадиган маошим 600 доллар бўлиши мумкинлигини айтди. Мен бутунлай ҳайратда қолдим. Ўша пайтда қанча маош олишимни айтсам ҳайрон қоласиз – 30 доллар! Яшириб нима қилдим, суюнчи пули беришар, атаганларини чўнтагимга солиб кетишарди. Ўшалар билан қўшиб топганим баъзан 100 долларга яқин бўларди. Лекин беморларга «фалонча берасиз» деб сўрашдан қўрқардим.
Тўғри, 600 доллар маош албатта катта туртки эди, аммо бундан ташқари бошқа давлатларни кўриш, ўзгача ҳаёт билан танишиш иштиёқи ҳам бўлган.
Шундай қилиб, Яманга етиб келдим. Тўғрисини айтсам, дастлаб жуда кучли маданий шокка тушганман. Кўникишим оғир кечган. Маошим ва қўшимча фоизлар билан чиндан ҳам биринчи ойданоқ 700 долларга яқин даромад қилганман.
Қиёслаш учун айтаман, ўша пайтларда ўзимизда 1000 долларга икки хонали уй олиш мумкин эди. Мана, 19 йилдирки қисқа узилишларни айтмаса, асосан шу давлатдаман.
– Ўзбекистон ва Яман тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар қандай?
– Ўхшаш жиҳатлари – собиқ иттифоқ шифокорлари кўп ишлашида бўлса керак. Тафовутлар эса жуда катта. Яманда Ўзбекистондаги каби қатор тиббиёт институтлари йўқ, ўзининг шифокорлари мутлақо етишмайди. Давлатнинг бепул шифохоналарида аҳвол қониқарли эмас, бутун тизим асосан нодавлат тиббиётга асосланган.
Дастлаб келганимда бу ерда ҳамма нарса бир марта ишлатилишидан ҳайратда қолгандим. Биз энди-энди бир марталик шприцларга ўтган пайтларимизда бу ерда бемор учун деярли барча нарса бир марта ишлатиларди. Тиббий ускуналар бўйича ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Биздаги улкан клиника бўйича бор-йўғи иккита УТТ (УЗИ) аппарати ишлатилса, бу ерда ўша пайтлардаёқ ҳар бир бўлимда УТТ хизматга шай турар, ҳеч қандай навбатлар ҳам йўқ эди.
Дори воситаларида ҳам ҳаммаси бемалол, истаган дорингизни буюртма қилишингиз, сотиб олишингиз мумкин.
Бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим – Яманда ҳеч қачон қон топиш муаммоси бўлмаган. Ўзбекистонда бирор бемор учун яқинларидан қон сўраб ялиниб юрардик, ҳеч ким беришни истамас, айримлари «топиш сизларнинг вазифаларинг» деб тураверар, инсофи борлари пулга сотиб олиб келиб берарди. Пулга сотувчилар кимлигини билиш қийин эмас.
Бу ерда эса мен нафақат шифохона олдида, балки ҳар қандай одам гавжум жойда бир оғиз «қон керак» десам бас, бир неча киши ҳеч бир тамасиз югуриб келади. Улар қон бериш, беморга шу йўл билан ёрдам кўрсатиш улкан савоблигини билишади. Шу боис қон захирасини қилишга ҳам зарурат йўқ, истаган пайтга янги қон олиб, дарҳол текшириб, беморга қуйиш имконияти бор.
– Сир бўлмаса, ойига қанча даромад қиласиз ва унинг қанчаси харажатларга кетади?
– Дастлаб қанча маош олганимни айтдим, ҳозирги даромадимнинг ҳам сирли жойи йўқ. Сабаби, инсон ўз меҳнати самарасини кўриши керак. Мен ҳозирги ишимда ўртача 5 минг доллар ва ундан юқори даромад қиламан. Маошим, кўрикларимдан олган фоизларим, операцияларим билан ана шунча чиқади.
Харажатларга келсак, ойига 300 долларга ҳам бемалол етади. Бу ерда озиқ-овқат нархи деярли Ўзбекистондагидай, қиммат эмас.
Клиниканинг юқори қаватида яшаймиз, яъни турар-жой харажати йўқ бўлиши билан бирга, сутканинг истаган пайтида ишлаш ёки дам олиш имконияти бор.
Кийим-кечакка ҳам деярли сарфланмайди – сабаби, бу ерда фасллар алмашинуви сезилмайди, битта либосингизни йил давомида кияверасиз.
Дам олиш масканлари, ресторанлар йўқ ҳисоби. Борларига ҳам биз бормаймиз, барча егуликларни ўзимиз тайёрлаймиз.
– Ўзбекистонга қайтишдан сизни нима тўсиб турибди?
– Олдинги саволга қаралсин (кулади). Ўзим корейс миллатига мансуб бўлсам-да, ватаним Ўзбекистон ва уни ҳеч қаерга алмашмайман. Фақат юртимдагина хотиржам бўламан, яқинларим дийдорини соғиниб яшайман ҳамиша.
Лекин иқтисод, оила келажаги деган нарсалар бор. Ўзбекчасига айтганда ризқимиз шу ерларга сочилган экан.
– Коронавирус шароитида Яман тиббиёти қандай ишламоқда? Сиз ўзингиз бу касалликка қарши курашга жалб қилиндингизми?
– Вазият анча мураккаблиги аниқ. Бу касалликка қарши давлат шифохоналари курашмоқда ва ҳозирча ютуқлар мақтангулик эмас.
Бизни бу жараёнга чорлашгани йўқ. Лекин қашшоқлик, узлуксиз урушлар туфайли бу пандемия Яманда ниҳоятда оғир кечиши ҳеч кимга сир эмас.
– Мумкин бўлса, бу давлатдаги фаолиятингизга доир ва Ўзбекистон учун ноодатий бўлган бирор қизиқ воқеани сўзлаб берсангиз.
– Мен ишлаган ҳудуддаги синфларга кириб кўрсангиз, қизларнинг деярли ярмининг исми Ирина! Бу ерда шифокорни ҳурмат қилиб, исмини фарзандларига қўйиш одати бор.
Лекин мени изтиробга солган яна бир жиҳат – жуда кўпчилик аёллар уйда туғадилар ва бунинг оқибатида болалар ўлими кўрсаткичи юқори. Расмий статистика бўлмаса-да, кузатувларимга кўра, ана шундай ҳолатларда 20-30 фоизгача болалар ўлими кузатилади.
Туғилиш юқори, ҳар оилада ўнлаб болалар бор, янаям буларнинг иммунитети жуда мустаҳкам, болалар ва оналарнинг аксарияти мураккаб шароитга қарамай яшаб кетадилар.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:56 / 22.12.2024
Америкалик ҳарбийлар Қизил денгиз устида ўз қирувчисини уриб туширди
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
11:45 / 06.12.2024
Лордан стоматологга: тиш даволатишга келган бемор шифокор шилқимлигига учради
19:11 / 05.12.2024