Коронавирус: Бозорда вирус тарқалиши туфайли Пекиннинг бир қисми ёпилди
Импорт қилинган лососларни кесишга мўлжалланган тахтадан вирус топилгач, Пекиндаги йирик бозорнинг 10 мингдан ортиқ ходими коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тест топширадиган бўлди.
Ўнлаб ходимларга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, бозор атрофидаги 11та туман карантинга ёпилган. Бу бозор Пекиндаги гўшт ва сабзавот маҳсулотларининг 80 фоизини етказиб берадиган бозор ҳисобланади.
Шаҳардаги барча бозорлар вақтинча ёпилган. Шунингдек, ҳукумат мактабларни очиш тўғрисидаги режани кейинроққа қолдиришга қарор қилган.
Пекиннинг Фентай туманида «ҳарбий ҳолат режими» эълон қилинди. Эндиликда Хитой пойтахти эпидемиянинг иккинчи тўлқинини бошдан кечиришга тайёрланмоқда.
Хитойда сўнгги бир кунда коронавирус билан касалланиш бўйича 57та ва касаллик белгисиз ўтаётган 9та ҳолат аниқланди. Беморларнинг 2 нафари соғайди, вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади.
Янги касалланиш ҳолатларининг 36таси мамлакат ичида аниқланган (Пекинда – 36, Ляонин провинциясида – 2), 19та ҳолатда эса четдан кириб келганларда вирус қайд этилган. Мамлакатда жами 83132 киши коронавирусга чалинган. Беморларнинг 78 369 нафари соғайган, 4 634 нафари вафот этган. Айни вақтда шифохоналарда 129 нафар бемор қолмоқда.
Бразилия Covid-19’дан ўлим даражаси бўйича Британияни ортда қолдириб, дунё рейтингида иккинчи ўринга чиқиб олди. Шу вақтгача Жанубий Американинг ушбу мамлакатида коронавирус 43 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетди. Жами зарарланиш ҳолатлари сони 850 мингдан ошган. Лекин мамлакат аҳолиси оммавий равишда тест қилинмагани туфайли рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Бразилия ҳали касаллик авж олишининг энг юқори нуқтасидан ўтмагани айтилмоқда.
Ҳонгконгда Ocean Park кўнгилочар маскани 4 ойлик карантиндан кейин очилди, аммо бу парк ҳозирча фақат 25 фоизга ишлайди. Шанба куни юзлаб одамлар бу ерга кириш учун ёмғир остида навбатда туришди.
Швецияда мамлакат ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланишга рухсат берилди. Ушбу мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий этилмаган бўлса-да, ҳукумат фуқаролардан заруратсиз саёҳатларга чиқмасликни сўрамоқда.
Ҳиндистон ва Арманистонда кунлик ўсиш бўйича рекорд кўрсаткичлар қайл этилди - мос равишда 11 458 ва 723та ҳолат. Ҳиндистон айни вақтда Covid-19 беморлари сони бўйича дунё рейтингида тўртинчи ўринга чиқиб олган. Расмий прогнозларга кўра, Ҳиндистон пойтахти Деҳлида июль ойи охиригача 500 мингдан ортиқ киши коронавирусдан зарарланиши мумкин.
Ҳозирнинг ўзида мамлакатнинг яна бир йирик шаҳри Мумбайда Covid-19’дан касалланганлар сони касаллик тарқалиши бошланган Уҳанда қайд этилган ҳолатлардан кўпроқдир. Ҳиндистондаги шифохоналар беморлар оқимига дош беролмаяпти; хабарларга кўра, кўплаб беморлар зарур тиббий ёрдамларни қабул қила олмасдан вафот этишмоқда.
Ирқчиликка қарши намойишлар бўлиб ўтаётган Лондонда полиция чеклов чораларини жорий этди, полиция расмий сайтида намойишчилар учун маршрут эълон қилинди. Шунингдек, барча акциялар соат 17:00гача якунланиши кераклиги белгилаб қўйилган.
«Биз сиздан Лондон марказига келмасликни ва сўзларингизни бошқа тарзда ифодалашингизни сўраймиз», деган Лондон полицияси бошлиғи Бас Жавид. Ҳукумат аввалроқ намойишлар туфайли инфекция тарқалиши хавфи ҳақида огоҳлантирганди.
Полициянинг огоҳлантиришларига қарамай, шанба куни минглаб намойишчилар Лондон марказига йиғилди ва уларнинг аксарида тиббий ниқоблар йўқ эди.
Шанба куни қиролича Елизавета Иккинчи ўзининг расмий туғилган кунини нишонлади, аммо карантин туфали ҳарбий парад ўтказилмади. Қиролича 68 йиллик бошқаруви даврида фақат бир марта, 1955 йилги темирйўлчилар иш ташлаши туфайли ҳарбий парадни бекор қилганди.
Бу йил пандемия туфайли 94 ёшга чиққан қиролича ўзининг 99 ёшли турмуш ўртоғи, герцог Эдинбургский билан Виндзор қасрида иҳоталанишган. Бу йил жуфтлик табрикларни ижтимоий масофа сақлаган ҳолда гвардия полкидан қабул қилиб олишди.
Англия ва Шимолий Ирландияда ёлғиз яшовчи кишилар бошқа жойдаги яқинлариникига меҳмонга бориш ва тунаб қолишига рухсат берилган қоида кучга кирди. Англияда бу қоида вояга етмаган фарзандлари бор ёлғиз оталар ёки ёлғиз оналарга ҳам тааллуқли ҳисобланади. Шу тарқиа, март ойидан буён боболар ва бувилар ўз фарзандлари ёки набиралари билан кўришишлари мумкин бўлади.
15 июндан Англияда локдаун жорий этилганидан буён илк марта озиқ-овқат маҳсулотларидан бошқа маҳсулотлар ҳам сотиладиган дўконлар (кийим-кечак, оёқ кийим, китоб ва бошқалар) фаолиятига рухсат берилмоқда.
Душанба кунидан ЕИ режаси бўйича Бельгия, Франция ва Греция мамлакатлараро ҳаракатларни чекловчи қоидаларни бекор қилади.
Франция бошқа давлатлар расмийларидан хориждан келувчиларнинг барчасини 14 кунлик карантинга жойлаштириш бўйича тартибга амал қилишни сўраган.
Европа иттифоқининг ички чегаралари очилиши муддати турли давлатларда турлича: Италия, Болгария ва Венгрия аллақачон ўз чегараларини очиб қўйишган, аммо касаллик тарқалиши юқорилигича сақланиб қолаётган давлатлардан келувчилар учун қатъий талаблар сақлаб қолинган, масалан, Британия ва Швециядан келувчилар учун. Испанияда чегара фақат 1 июлга бориб очилади. Португалия ҳам Испания билан чегарасини ўша куни очмоқчи.
Мавзуга оид
18:07
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024