Жамият | 08:00 / 14.06.2020
15742
4 дақиқада ўқилади

«Обод маҳалла» дастури бўйича ишлар чала қолган. Урганч туманидаги маҳалла аҳолиси муаммолардан шикоят қилишди

Урганч туманидаги намунавий уйлар аҳолиси бир қанча ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилмаётганидан шикоят қилишди.

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қорамон қишлоғидаги «Қорамон» маҳалласи Урганч-Хива йўлининг чеккасида жойлашган. 2012 йилда бу ерда намунавий лойиҳага асосан уйлар қурилди. 2013 йилда 50та оила электр энергияси ва табиий газ билан таъминланган ва ичимлик суви тармоғига уланган янги хонадонларга кўчиб ўтишган. Ҳозирда бу уйларда 200дан ортиқ киши истиқомат қилмоқда.

2018 йил июнида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги Фармони имзоланади. Унда маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш асосий вазифалар экани белгилаб қўйилади.

Фармон доирасида «Қорамон» маҳалласи ҳам «Обод маҳалла» дастурига киритилган. 2019 йилда маҳаллада йўллар таъмирланди, пиёдалар йўлаги барпо қилинди. Кўчани ёритувчи чироқлар ўрнатилди. Бироқ, маҳалла аҳолисининг сўзларига кўра, баъзи ижтимоий муаммолар бартараф этилмай қолган.

Маҳалла йўлларининг чуқурчалари кўмилиб, текисланган бўлса-да, асфальт ётқизилмай қолиб кетган. Қайд этиш жоизки, «Обод маҳалла» дастури бўйича ички йўлларга асфальт қопламаси эмас, балки шағал-қум аралашмаси (ШҚА) ётқизилиши кўзда тутилган. Аммо буни Хоразм вилоятининг иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитига қанчалик мос экани яхшилаб ўрганиб чиқилмагани ойдинлашмоқда. ШҚА йўлларнинг нотекислигини бартараф қилишга имконият беряпти, бироқ, ҳавога кўтарилаётган чанг-тўзон одамларга қўшимча ноқулайликлар туғдирмоқда. Уйларнинг томи, дов-дарахтлар, томорқа ерларидаги экинлар чангга кўмиляпти. Чанг уйларга кириб кетяпти, одамларнинг овқатига тушяпти, нафас олишни қийинлаштиряпти, қуритиш учун осилган кирларга ўтиряпти. 

Маҳалла аҳолиси уйларидаги томорқа экинларини, боғларини суғориш имкониятига эга эмас. Ҳудудда ариқлар қазилмаган, уйларга сув етказиб бериш ишлари бажарилмаган. Одамлар экинларини ичимлик суви тармоғи орқали ёки ер остининг сифатсиз суви билан суғоришга мажбур бўлмоқда.

Кўчаларнинг фақат бир қисмига симёғочлар ва тунги ёритувчи чироқлар ўрнатилган. Одамлар қуёш энергияси орқали ишлайдиган мосламаларнинг ёруғлиги паст эканидан шикоят қилишмоқда.

Маҳаллада тўйхона, дорихона бор, аммо болалар ўйнайдиган майдонча, дўконлар йўқ. Болалар йўлнинг қатнов қисмида, чанг-тўзонда тўп тепиб юришибди. Бу ҳолат ота-оналарнинг ҳам хавотирига сабаб бўлмоқда. Озиқ-овқат, биринчи даражали зарур маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўкон ташкил қилинмаган.

Асосий муаммолардан яна бири – телефон тармоғининг мавжуд эмаслиги ва симли интернетнинг йўқлигидир. «Ўзтелеком» 2020 йилда маҳаллага телефон линияси ва интернет тармоғи ўтказиб беришни ваъда қилган, аммо, кейинчалик бу ишлар 2021 йилга қолдирилган. Уяли алоқа компанияларининг сигнали пастлиги эса мобил интернетдан фойдаланиш имкониятини чекламоқда.

Маҳаллада чиқинди тўплаш ўчоғи бор. Бироқ, чиқиндиларни мунтазам, ўз вақтида олиб кетиш ишлари йўлга қўйилмаган. Натижада, чиқиндилар тўпланиб қолмоқда ва бадбўй ҳидлар аҳоли яшаш жойларига тарқалмоқда.

«Қорамон» маҳалласи аҳолиси «Обод маҳалла» дастури бўйича иш бошланганида ижтимоий муаммоларнинг ҳал қилинишига, яшаш учун қулай шароитлар яратилишига умид қилиб, хурсанд бўлишган эди. Афсуски, амалда режадаги кўп ишлар охиригача етказилмаган. Муаммоларнинг асосий қисми эса эътиборсиз қолдирилган.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид