Жамият | 16:46 / 14.06.2020
30722
13 дақиқада ўқилади

«Зулфия» мукофоти: эътирофми ё имтиёзлар паттаси?

Ижтимоий тармоқларда «Зулфия» номидаги давлат мукофоти учун номзодларнинг сараланиш жараёнидаги адолатсизликлар мавзуси яна кўтарилди.

Муҳокамаларга «Ишонч» газетасида чоп этилган «Жамиятга «Зулфия»чи қизлар керакми?» номли мақола туртки бўлиб, унда давлат мукофотига сазовор бўлиш учун пулга шеър ёздириш ҳолатлари кузатилаётгани айтиб ўтилган.           

«Мукофотга даъвогарларнинг барча ҳаракатлари – ижод ҳам, қўлга киритилиши ният қилинган ютуқлар ҳам «Зулфиячи» деган мақомга эришиш, мукофот ортидаги имтиёзга етишишга қаратилгандай. Ҳатто бу йўлда номдорроқ ижодкорларга битта китобчага етгулик – 30-40та шеър ёзиб бериш эвазига яхшигина маблағ таклиф қилган номзодлар ҳам қулоққа чалиниб туради», дейилади мақолада.

«Зулфия» номидаги давлат мукофоти учун номзодларнинг саралаш жараёнига нисбатан норозилик кайфияти кеча ёки бугун кўтарилаётган мавзу эмас. Аввалроқ Kun.uz сайтида «Эътирозлар ва яна эътирозлар: «Зулфия» танловига очиқлик принципи бегонами?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган бўлиб, унда жамоатчилик фаолларининг мазкур давлат мукофотининг берилиш тартиби, лауреатларга берилаётган имтиёзлар масаласи атрофидаги эътироз ва таклифлари келтириб ўтилган.

Мақоладан сўнг давлат мукофоти учун номзодларни саралашда асосий ижрочи бўлган Хотин-қизлар қўмитасида мазкур эътирозлар бўйича қўмитанинг собиқ раиси Танзила Норбоева бошчилигида тор доирада муҳокама ўтказилган, давлат мукофотини бериш тартибини тамомила қайта кўриб чиқиш ва ташкиллаштиришга келишилган эди.

«Танловнинг ўтказилиш тартиби халқда норозиликларни келтириб чиқаряптими, чиндан ҳам орденни қўлга киритгандан кейин лауреатларни йўқотиб қўйяпмизми, демак, мукофот учун номзодларни саралаш тартибини жиддий асосда кўриб чиқишимиз лозим», – деган эди Танзила Норбоева.

Бу масала 2019 йилнинг июль ойида кўтарилган бўлса-да, 2020 йилги тақдирлаш маросими учун ўтказилган танлов ҳам эски сценарийлар асосида ўтказилди. Саралашнинг республика босқичи видеокузатув остида ўтказилгани, тақдирлаш маросимидан олдин барча номзодлар иштирокидаги очиқ форумни айтмаган-да, саралаш тартибида ўзгариш бўлгани йўқ.

Табиийки, бу йил ҳам анъанавий тақдирлаш маросими – 8 мартдан кейин яна эътирозлар кузатилди, мана бугун эътирозлар тўлқини яна ҳаракатга келиши учун биргина учқун етарли бўлмоқда.

Саралаш мезонлари шаффоф эмас

«Зулфия номидаги давлат мукофоти тўғрисида»ги низомга кўра, мукофот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан вакилга топширилади. Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилади.

Мукофотга даъвогар қизлар давлат мукофоти комиссияси белгилаган тартиб асосида сўнгги 3 йилдаги фаолиятида эришган ютуқлари ҳақида ҳужжатлар тўпламини йиғиб, тақдим этади.

Туман/шаҳар, вилоят ва республика миқёсидаги саралаш жараёнларида комиссия томонидан маъқулланган номзодлар рўйхати Президент администрациясига киритилади. Президент администрациясида танланиб, ғолиб деб топилган 28 нафар лауреатга кўкрак нишони, олий таълимнинг бакалавриат/магистратура босқичида синов имтиҳонларисиз грант асосида ўқишга қабул қилиниш учун имтиёз ва бир марталик пул мукофоти (БҲМнинг 50 баравари) берилади.

Гап шундаки, туман/шаҳар, вилоят, республика босқичларида номзодлар айнан қандай мезонлар асосида сараланиши маълум эмас, бу ҳақда мукофот низомида ҳам маълумот берилмаган. Якуний босқичда номзодлар рўйхати мукофот комиссияси томонидан шакллантирилиб, Президент администрациясига тақдим этилгандан сўнг ҳам якуний ғолиблар қандай асосида танлаб олиниши ҳеч бир ўринда очиқланмаган.

Шунингдек, бошқа давлат мукофотларидан фарқли равишда «Зулфия» мукофотига даъвогарнинг ўзи ҳужжат жамлаб топширади. Бундаги асосий мотив эса аксар ҳолларда олий ўқув юртининг бакалавриат/магистратура босқичига синов имтиҳонларисиз, грант асосида қабул қилиниш имтиёзининг мавжудлигидир. Табиийки, натижада, жараён давлат мукофотига тавсия этилишдан кўра, кўпроқ имтиёз учун яккакураш майдони тусини олади.

«Администрация ғолибларни танлайди деса, иштирокчининг кўз олдида қоронғулик гавдаланади»

Мукофот учун республика саралаш босқичида бир неча маротаба қатнашган иштирокчи (аноним қолишни истаган ҳолда) жараёнлардаги номувофиқликни қуйидагича изоҳлади ва ўз таклифларини билдириб ўтди:

– Республика босқичида комиссия номзодлар билан суҳбат ўтказади. Аммо бу суҳбатнинг қанчалик аҳамиятга эгалиги мавҳум. Чунки комиссия номзодга энг юқори баллни қўйган тақдирда ҳам, ўша номзод ғолиб бўла олмаслиги мумкин – асосий масала Президент администрациясида ҳал бўлади.

Администрация номзодларни адолат асосида танлаши мумкиндир, аммо жараён шаффоф эмас. У ерда номзодлар қайси мезон асосида сараланиши, ғолиб нега танлангани, муносиб кўрилмаганлар қайси камчилиги учун ўта олмаганига ҳеч қандай изоҳ берилмайди.

Администрация ғолибларни танлайди деса, иштирокчининг кўз олдида қоронғулик гавдаланади. Кўп саволлар очиқ қолиб кетгани боис ҳам норозилик пайдо бўлади. Саралаш мезонларини очиқлаш мураккаб жараён эмас, менимча.

Иккинчи масала бериладиган имтиёз билан боғлиқ. Дейлик, «Зулфия» лауреати адабиётдан зўр истеъдод эгаси бўлиши мумкин, лекин қобилият олий таълим муассасасига имтиёзли равишда кириш учун сабаб бўлмайди, чунки у ерда билим талаб этилади. Ҳар ким ОТМга билим учун қабул қилиниши керак, қобилияти учун эмас. «Зулфия»да ғолиблик олиб берган истеъдоди билан ОТМга кирган қиз ўзи ўқиётган йўналиш бўйича етарли билимга эга бўлмаслиги ҳам мумкин, натижада мукофотнинг ҳам обрўси тушади. Бундай қизлар талайгина.

Фикримча, мукофот лауреатларини бошқача шаклда тақдирлаш –лойиҳаларини йўлга қўйиш, ғояларини амалга ошириш учун грант ажратиб бериш мақбул. Ҳамма ёппасига университетга кириши эмас, ҳар бир лауреатга қобилиятидан келиб чиққан ҳолда имтиёз берилиши керак. Шунда ҳақиқий иқтидорлар қолиб, грант учун талашиш ҳам, ортиқча гап-сўзлар ҳам камаяди.

Номзоддан талаб этиладиган ҳужжатлар ҳам кўп. Нечталаб тақриз, тавсиянома жамлаб, папкани «семиртириб» топшириши керак. Номзодларга қўйиладиган талаблар эскирган, улар қайта кўриб чиқилиши керак.

Яна бир жиҳат, адабиётда ижод қиладиган ва спорт билан шуғулланадиган номзодлар бир хил кесимда иштирок этади, ваҳоланки, уларнинг имкониятлари турлича. Чунки спортда бошқа йўналишларга қараганда салмоғи юқори бўлган халқаро мусобақаларда қатнашиш имконияти юқори.

Саралашнинг республика босқичини ўтказиш учун номзодларни пойтахтга жамлаш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Иштирокчи икки соатли суҳбат учун узоқ йўлдан пул сарфлаб, чарчаб (дам олишга Тошкентда жойи бўлмаслиги мумкин) келади. Чеккароқ ҳудудларда яшайдиганлар учун, ночорроқ оила фарзандлари учун йўл харажатлари оғирлик қилиши, натижада иштирокдан шунчаки воз кечиб қўя қолиши мумкин. Комиссиянинг ҳудудларга боришини ташкил қилган ҳолда республика босқичини ўтказиш мақсадга мувофиқ, менимча».

Боситхонова «нуфузли мукофотнинг жанг майдонига айлангани»дан таассуф билдирди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхонова Kun.uz’га аввалроқ берган интервьюсида «Зулфия» мукофоти атрофидаги норозилик кайфиятига ўз муносабатини билдириб ўтган эди.

– Республика миқёсида танланган қизлар рўйхати Президент администрациясига топширилади. Бу ёғига давлат раҳбарининг ўзлари танлайди.

Давлат мукофоти – умумий муҳокамадан чиқадиган масала эмас. Жамият мукофоти бўлганда, ўтириб ҳамма муҳокама қилиб, ким зўр бўлса, ўшанга берилган бўларди. Орден-медал олаётганлар ичидан кўпини, санъаткорлардан ташқари, одамлар танимайди, нега буни ҳеч ким муҳокама қилмайди?

«Зулфия» ҳақида гап кетганда, мен бошқа нарсадан афсусланаман – иймоннинг мустаҳкам бўлмаётганидан. Ҳар йили туман босқичи бошланганда яна ҳаммаси кураш майдонига айланмасин деб хавотирга тушаман. Иймони мустаҳкам одам кимдир ундан ютиб чиқса, омадини берсин, дейди.

Эльмира Боситхонова

«Зулфия»дек нуфузли мукофотнинг жанг майдонига айланганидан афсусдаман. Бу йил видеокамера қўйдик, ҳамма кузатди. Апелляция берадиган бўлса, камерадаги ёзувларни кўрсатиб, экспертларни чақириб ҳал қилинади. Бу йил 11 марта иштирок этган қиз ютиб чиқди.

Ғолиблар танлангандан кейин норозилар ҳам бўлади, ҳамма бирдек ғолиб бўла олмайди. Мана шу қолганларнинг иймони мустаҳкам бўлиши учун ҳам форум қилдик. Баъзилар биз ўқидик-ку, билим олдик-ку, энди ўқиганимиз нега керак, дейишади. Наҳотки билим мукофот учун олинса?

Норози бўлган қизлар билан гаплашганимда 2-3 нафарининг таклифи менга жуда ҳам ёқди. Мисол учун, вилоятларда баъзи туманлар умуман мукофот олмаган. Буни энди мен ўрганаман, сабаб нимадалигини аниқлаштираман. Сараланганларнинг ҳаммаси мукофотга лойиқ, лекин якунда президент танлаб олади.

Азиза Умарова: «Давлат мукофотини олишга ҳаракат илдизи советча маълумотномаларга бориб тақалади»

Давлат бошқарувини модернизациялаш бўйича мутахассис, жамоатчилик фаоли Азиза Умарова Facebook саҳифасида мазкур давлат мукофотига танлов жараёнини қайта кўриб чиқиш бўйича ўз таклифларини келтирган.

– «Зулфия» мукофоти атрофидаги норозиликларни кўриб, 16 ёшимда шу мукофот учун саралашнинг шаҳар босқичида иштирок этганимни эсладим. Ўша пайтнинг ўзидаёқ бу мукофот учун саралашнинг аниқ методикаси мавжуд эмаслиги маълум эди. Йўналишларнинг тушунарсиз (илм, адабиёт, фан) тақсимоти, болалар, уларнинг ўқитувчилари ва ота-оналари тўпланиб туришади, жараёнлар ноаниқ... Ҳар бир қиз фаоллар зали саҳнасига чиқиб ниманидир қоғоздан ўқиб беради. Ҳакамлар нималарнидир қайд қилишади. Бўлди. Ким ва нима учун ютганини тушунмай ҳам қолдим. Кейинчалик маълум бўлишича, асосий мақсад мукофотни қўлга киритиш ва университетга грант асосида кириш бўлган. Бунинг учун ҳамма нарсага тайёр бўлган ота-оналар ҳам етарлича топилади.

«Зулфиячи» қизлар орасида истисно тарзида ҳақиқий муносиблар бўлиши мумкин, лекин улар шунчалик камки, бир хил охангда гапирадиган, бир хил кийиниб олган қизлар тўдаси ичида кўринмай кетади. Тақдирлашдан кейин эса улар ҳақида эшитмаймиз ҳам.

Балки «Зулфия» учун танлов шартларини ўзгартириш ва ҳақиқий истеъдодларни излаб топиш керакдир? Истеъдод эгаларини ҳудудлар бўйича қидириш, барча номақбул лазейкаларни бартараф этиш керакдир... Чин маънода ақлли, муносиб қизлар ҳам бор-ку.

Давлат мукофотини қўлга киритиш учун ҳаракат илдизи совет типидаги маълумотномаларда «давлат мукофотлари билан тақдирлангани» деган қисмга бориб тақалади. Ишга олишда ва лавозимни оширишда маълумотномадаги шу қисмга қарашади. Мукофот моддий жиҳатдан рағбат бермаса ҳам, давлат аппаратида хизмат пиллапоясидан кўтарилиш учун ёрдам беради. Шунинг учун уларни «ўзлариники»га беришади. Непотизм шу сингари оддий нарсалардан бошланди.

Ҳаракат бордек, лекин...

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи Дилшода Мирзажоновага кўра, «Зулфия» номидаги давлат мукофоти билан боғлиқ масалаларга ўзгартириш киритиш бўйича ҳудудий тузилмалардан таклифлар йиғилмоқда.

«Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ташкил этилгандан кейин вазирлик фаолияти билан боғлиқ йўналишларга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ қайта кўриб чиқилб, ўзгартиришлар киритилмоқда.

Навбати келганда, «Зулфия» номидаги давлат мукофотини бериш тартибига ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Ҳозирда ҳудудий бўлинмаларимиздан бу борада таклифлар йиғилмоқда», деди у.

Ўзгаришлар қандай йўналишларда ва қачон татбиқ этилиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотлар тақдим этилгани йўқ.

«Зулфия» номидаги давлат мукофоти моҳиятан истеъдод эгаларини тақдирлаш, уларни янги ғояларга илҳомлантириш, ўзбек аёли образи учун эталонларни яратишни мақсад қилади. Аммо амалда «Зулфиячи» деган ном эталонларни гавдалантирувчи эмас, балки салбий ҳиссиётларни уйғотувчи сабабга айланиб қолгани кўриниб турган ҳақиқат.

Давлат мукофоти ўз нуфузининг қолганини ҳам йўқотиб, оддий имтиёзлар паттаси даражасига тушиб қолмаслиги учун у билан боғлиқ ташкилий масалалар чуқур қайта кўриб чиқилиши, жамоатчиликнинг бу борадаги таклифларига қулоқ тутилиши мақсадга мувофиқдир.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид