Жамият | 20:40 / 15.06.2020
47364
3 дақиқада ўқилади

«Бизни бошлаб зафарга, элни бошлаб ҳашарга» – Нурафшоннинг 11 ойлик ҳокимига атаб қўшиқ куйланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти маркази бўлган Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимовнинг туғилган кунига атаб тайёрлангани айтилган, бир гуруҳ йигитлар томонидан куйланган қўшиқ тарқалди. Жўшиб қўшиқ айтган ёшлар шу ҳоким даврида Нурафшон ўзгача қиёфа касб этганини мадҳ этади.

Ҳокимнинг вазирлар, кексалар, қурувчилар, залдаги йиғилишда мудраётган ёшлар ва умуман турли тоифадаги фаоллар олдида намунали чиқишларидан иборат лавҳалар намойиш этиладиган бу ҳаваскорлик клипида шундай сўзлар бор:

Бизни бошлаб зафарга, элни бошлаб ҳашарга,

Юртбошимиз ишонган, ҳоким келди шаҳарга.

Омон бўлсин жонингиз, улуғ бўлсин шонингиз,

Авлодларнинг қалбида қоларсиз инонингиз.

Сира тиним билмайди, эл дардини тинглайди,

Тадбиркор-у ишчини доим суяб қўллайди.

Элим бугун бунёдкор, иншоотлар нурвиқор,

Янги шаҳар қурувчи бир қаҳрамон ҳоким бор!..

Ижтимоий тармоқларда Нурафшон шаҳри ҳокимлиги расмий саҳифаси рамзи билан эълон қилинган бу қўшиқ ғояси муаллифи Фотима Тўхтаназарова экани изоҳларда билдириб ўтилган. Лекин бу маълумотни кейинчалик биз билан боғланган Фотима Тўхтаназарованинг ўзи рад этди. Маълум қилишича, бу қўшиқ яратилишида унинг мутлақо алоқаси бўлмаган.

Қайд этиш керакки, Қаҳрамон Ҳакимов Нурафшон шаҳри ҳокими бўлганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган. 2019 йилнинг 15 августида Халқ депутатлари Нурафшон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига у янги ҳоким сифатида таништирилганди. Роппа-роса 11 ой ичида, ҳали Ўзбекистон тарихида бирор ҳоким қўшиқларда мадҳ этилмаган бир пайтда у шунга муносиб кўрилмоқда.

Kun.uz мухбири ўзига хос янгилик сифатида қараш мумкин бўлган бу қўшиқ бўйича изоҳ олиш учун Тошкент вилояти ҳокими матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов билан боғланди.

– Бу қўшиқ ғояси ташаббускорларники, сўзлари Маъмуржон Бозоралиевга тегишли. Куйлаётган йигитлар Нурафшон маданият бўлими ходимлари, турли бадиий жамоалар вакиллари.

– Ҳокимнинг ўзи бу қўшиқ яратилганидан хабари борми?

– Ҳозирча бу масалада ҳоким билан боғлана олмадим. Уни тайёрлаб тарқатганларнинг айтишича, ҳокимнинг бундан хабари бўлган. Улар бунёдкорлик ишларидан руҳланиб, шундай ишга қўл уришган. Лекин ҳоким Қаҳрамон ака жуда камтар одам, бунга йўл қўймаган бўлса керак, деб ўйлайман. Шу боис, этикага тўғри келмаслиги туфайли Нурафшон шаҳри ҳокимлиги расмий саҳифасидан бу қўшиқни ўчиртирдик.

Мавзуга оид