Ўзбекистон | 22:05 / 15.06.2020
13345
9 дақиқада ўқилади

Камбағалликни қисқартиришда монополия тўсиғи, ЕОИИ атрофидаги танқидлар — Обид Ҳакимов билан суҳбат

Президент Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди.

Унда давлат раҳбари Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабаларни 3 йил муддатга камбағаллик даражаси юқори қишлоқларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш бўйича таклиф билан чиқди.

Kun.uz мухбири айни мавзуда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан интервью уюштирди.

– Камбағалликка қарши курашнинг бир неча йўллари бор. Бир йўналиш аҳолига иш ўринлари яратиб, уларнинг моддий таъминотини йўлга қўйиш бўлса, иккинчи йўналиш аҳолининг харид қобилиятини ошириш ҳисобланади. Харид қобилиятини ошириш бозорлардаги истеъмол товарларнинг нархини тушириш орқали амалга оширилади. Лекин бизда монополия деган иллат борки, бу аҳолининг харид қобилиятини оширишда жиддий тўсиқ бўлиб келади. «Ўзавтосаноат», миллий авиакомпания, темир йўл, нефт-газ соҳаси...

Табиийки, аҳоли бу каби хизматлардан фойдаланиши қийин, чунки бозорнинг якка эгаси нархни истаганича белгилайди. Нима деб ўйлайсиз, агар давлат чиндан камбағалликка қарши курашишнинг самарали йўлидан боришни истаса, биринчи навбатда монополияга қарши кескин курашгани, бозордаги ўша «наҳанглар»дан қутулиб олгани маъқулроқ эмасми?

– Камбағалликка қарши кураш комплекс жараён. Бу фақат иш билан таъминлаш ёки харид қобилиятини ошириш билан бўлиб қолмайди. Фикрингиз бир тарафдан тўғри ҳам. Нархлар даражасини айтадиган бўлсак, монополистик бозорларда эркин рақобат бозорларига қараганда нархлар баланд бўлади. Ўзбекистонда бу бўйича иш қилинмаяпти, дейиш ҳам нотўғри. 3 мингга яқин давлат улуши бор корхоналар бўлса, постпандемия иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишларидан бири давлат улуши бўлган катта ташкилотларнинг ислоҳотлари ҳисобланади. Бу ислоҳотлар бўйича бизда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бу чоралар бўйича ишлар амалга оширилади.

Куни кеча Ўзбекистондаги тўлов қобилияти ҳақида ҳисоботни кўрадиган бўлсак, ҳозир давлат улуши бор корхоналарда олиб борилаётган ислоҳотлар муваффақиятли бўлса, бу Ўзбекистоннинг тўлов қобилиятига яхши таъсир қилади. Бу борада ҳам ишлар кетяпти. 2021 йилда давлат улуши бўлган ташкилотларни ислоҳ қилиш, хусусийлаштириш, уларнинг самарадорлигини, рақобатбардошлигини ошириш назарда тутилади. Рақобатбардошликнинг ошиши – ўз-ўзидан таннархнинг пасайишидир.

Бу биринчи ўриндаги масала эмас. Бу муҳим масала, лекин камбағалликни пасайтиришдаги биринчи масала бу эмас.

– Камбағалликка қарши курашда инсон капиталини ошириш керак, деган фикрни айтдингиз. Лекин ҳозир оёғимизга тушов бўлиб турган муаммони биринчи ҳал қилиб олишимиз керак эмасми?

– Бу ҳам ўз йўлида кетаверади. Лекин битта авлодни тарбиялаш учун йиллар кетади, деб буни қилмайдиган бўлсак, бутун авлодларни йўқотиб қўйишимиз мумкин.

Камбағалликка қарши курашда ҳамма йўналишлар олинган – монополия бўйича ҳам ҳаракатлар амалга ошириляпти. Инфляция бўйича 2020 йилдан бошлаб инфляцион таргетлаш режимига ўтдик. Охирги 3 йилда инфляция даражаси пасайиб келяпти. 2023 йилгача мақсадимиз 5 фоизли инфляция даражасига тушиш.

Ҳозирча амалга оширилаётган иқтисодий сиёсат аввалида белгиланган, буни бирданига тушириб бўлмайди. 20 фоизга чиққан инфляцияни бир йилда 5 фоизга тушириш умуман имконсиз. Чунки мамлакатда катта ислоҳотлар, инвестицион лойиҳалар амалга ошириляпти. Буни бирданига туширишнинг иложи йўқ, шунинг учун 2023 йилгача секинлик билан 3 фоизга тушиши керак. Шунда стабил макроиқтисодий муҳит яралади.

– 19 май куни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари видеоконференция орқали мулоқот ўтказди. Унда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ЕОИИ бўйича эътирозлари ҳам эшитилди. Тўқаевдан ташқари, Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам ЕОИИ бўйича бир неча марта танқидий фикрлар билдирган. Айтинг-чи, бу танқидлар Ўзбекистон давлат раҳбарининг фикрларига қанчалик таъсир ўтказади?

– Булар давлат раҳбарига қанчалик таъсир қилаётганини айта олмайман. Аммо иқтисодчи сифатида ўз фикримни айтишим мумкин.

Бу йўналишда жуда кўп таҳлилларга асосланилган, ҳисоб-китоб қилинган. Давлат раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорда булар таҳлиллар асосида кўрсатиляпти. Қарор қачон аниқ, фойдали қарор бўлади – қанчалик кўп фикрлар инбатга олган, қанчалик кўп таҳлилларга асосланган бўлса, демак, информацион ассиметрия бўлмайди, қарорлар максимал даражада фойда беради.

Бундай йиғилишлар мобайнида бу сингари конструктив диалоглар ҳар доим бўлади. Кўпгина ҳолларда конструктив диалоглар ёпиқ эшиклар ортида келишилади ва кейингина умумий оммага маълум қилинади. Бу сафарги келишув тўғридан тўғри онлайн шаклда бўлди, бу сафар ҳам конструктив диалоглар бўлди. Бунга салбий қараш керак эмас.

Одамлар Россиянинг бу ерда 90 фоиз ҳиссаси бор, у айтган нарса бўлади, деяпти. Йўқ, Қозоғистон қабул қилинаётган ҳужжатлар бўйича ўзининг фикрини айтди. Барча аъзо давлатлар томонидан мана шу эътирозлар қайтадан кўриб чиқилиб, ҳужжат яна қайта киради, деган қарор қабул қилинди. Ташкилотда биргина Россиянинг фикри амал қиляпти, деган муносабатнинг нотўғрилигига буни исбот сифатида айтишим мумкин.

Беларусь билан боғлиқ ҳолат узоқ даврлардан бери бўлиб келяпти. Бунинг ҳам ўз иқтисодий асослари бор. ЕОИИга қўшилиш бўйича Kun.uz’га берган интервьюмда буни батафсил тушунтирганман. Бир иттифоққа кирдингизми, манфаат борми, демак, шу иттифоқда турасиз. Агар сизда манфаат бўлмаса, бу иттифоқдан чиқиб кетасиз.

– Нега бу иттифоққа Хитой Халқ Республикаси жалб қилинмайди? Агар Хитой иттифоққа жалб қилинадиган бўлса, унинг иқтисодийлигига, сиёсий эмаслигига ишонч пайдо бўларди, менимча.

– Иттифоққа жалб қилинаётган мамлакатлар иқтисодий ўсиш ёки институционал тарафдан бир-бирига яқин бўлиши керак. Иқтисодий иттифоқлар тузишда асосий нарса ишлаб чиқариш занжирларини бир-бирига улаш орқали мамлакат юқорироқ иқтисодий натижага эга бўладиган ҳолат бўлиши керак. Шунинг учун иқтисодий иттифоқ бўлгандан кейин унга ҳамма мамлакат ҳам келиб қўшилавермайди. Унга тўғри келадиган ва келмайдиган мамлакатлар бўлади.

Иттифоққа Хитой қўшилса, қанчалик тўғри бўлади? ЕОИИнинг Хитой билан эркин савдо бўйича келишуви бор. Иқтисодий иттифоққа фойда келадиган бўлса, қўшиласиз. Фойда келмаса, қўшилмайсиз. Ўзингизга фойда келтирмаса, норационал қарор қабул қилмайсиз-ку.

Иқтисодий иттифоқ деганда иқтисодий, молиявий ресурслар, ишчи кучи бемалол айланадиган ҳудуд ҳақида гап кетади. 1 млрд 250 млн аҳолиси билан Хитойни ҳам бу иттифоққа қўшадиган бўлсак, ҳозирги ҳолатда тўғри келадими?

Ҳамма нарсанинг тагида чуқур иқтисодий таҳлиллар бўлиши керак. Уларнинг эффектлари ҳисоблаб чиқилади.

– Молия вазирлигидан олинган охирги маълумотга кўра, ҳозирда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи (2019 йил якунига кўра) 23 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич эса охирги бир йилда кескин ошган. Тўғри, йирик иқтисодиётга эга давлатларда ташқи қарзлар унчалик ҳам хавотирли ҳисобланмаслиги мумкин. Лекин кичик иқтисодиётга эга Ўзбекистон учун ташқи қарзнинг сезиларли ошиб кетиши тагида нима ётибди ва бу қанчалик тўғри?

– Йирик давлат қарз олса, ҳеч нарса қилмайди, деган фикр нотўғри. Чунки қарз – мамлакатнинг ўсишига икки хил таъсир қилади. Биринчи фазасида қарз кўпайган сари мамлакатнинг иқтисодий ўсиши тезлашади. Бу позитив эффект бўлади. Маълум даражага етгандан кейин қарз ошиб кетадиган бўлса, бу қарзга хизмат кўрсатиш қимматлашиб боради, қарз беришда фоизлар ҳам баланд бўлади. Фоизлар маълум даражага етгандан кейин, қарз қимматлашиб боради. Кейин унинг иқтисодий ўсишга таъсири салбий бўлади.

Биринчи фазада позитив, иккинчи фазада негатив эффект бўлади. Бунинг ҳар бир мамлакат учун ўз максимуми бўлади. Максимумдан ўтиб кетсангиз, иқтисодиётингизга негатив таъсир кўрсатади, шу максимумга етмай қолсангиз, позитив таъсир қилаверади.

Ўзбекистонда умумий (ташқи) қарзлар (ЯИМга нисбатан) 50-55 фоиз атрофида бўладиган бўлса, бу иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилмайди. Давлат кафолатида бўлган қарзларда (ЯИМга нисбатан) 35 фоиз дейилади. Ундан ошмаса, иқтисодий ўсишга ёки тўлов қобилиятига салбий таъсир қилмайди.

Шу ҳисоб-китоблар асосида Ўзбекистонда ҳам ташқи қарз бўйича сиёсат шакллантирилган. Биринчи марта қонун билан Ўзбекистонда 2020 йилда олинадиган ташқи қарз суммаси 4 млрд доллар (ошмаслиги) белгиланган. Бу оптимал нуқталардан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Шу оптимал нуқталарни мустаҳкам ушлаб турар эканмиз, ташқи қарз иқтисодий ўсишимизга салбий таъсир кўрсатмайди.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Мавзуга оид