Ўзбекистон | 00:05 / 15.06.2020
10202
9 дақиқада ўқилади

«Пандемия шароитида ҳам давлат раҳбарияти бошланган ислоҳотларни давом эттириш учун барча чораларни ишга солмоқда» – Жамшид Қўчқоров

Бундан буён четдан бир доллар қарз олинса ҳам, аввалига унинг ҳақиқатан ҳам кераклигини исботлаш талаб этилади. 13 июнь куни бўлиб ўтган «Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида қатнашган Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров шу ҳақда айтиб ўтди.

«Ташқи қарз сифатида олинаётган маблағларнинг самарали сарфланишига келсак, маълумот ўрнида айтиб ўтишим керакки, ҳафтанинг сешанба куни муҳтарам президентимиз ҳузурларида Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни таъминлашнинг 8та йўналиши бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Балки шу муҳокама ҳақида сизларга тўлиқ ахборот бермагандирмиз, шунинг айрим йўналишларига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчиси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича топшириқ олганмиз. Унга кўра, бюджет тақчиллиги ва ташқи қарзни чеклаш назарда тутилган. Ташқи қарзни чеклаш ҳақида гапирганларида давлатимиз раҳбари биринчи навбатда самарадорликни талаб қилдилар. Молия вазири Тимур Ишметов шу ерда ўтирибди, унга қарата айтдиларки: «Бундан буён ташқаридан бир доллар қарз олмоқчи бўлсанг, аввал унинг кераклигини исбот қиласан, ундан кейин оласан!», деган топшириқ бўлди.

Албатта, Бундан буён четдан бир доллар қарз олинса ҳам, аввалига унинг ҳақиқатан ҳам кераклигини исботлаш талаб этилади. 13 июнь куни бўлиб ўтган «Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида қатнашган Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров шу ҳақда айтиб ўтди.ҳамма нарсани қилолмаймиз. Ташқи қарз масаласидаги 4 млрд долларлик чеклов ҳақидаям молия вазири ўзининг фикрини айтди. Бошқалар ўз муносабатини билдиришди. Бу борада менда бошқача фикр бордир, Марказий банк раиси умуман бошқа фикрдадир... Лекин биз ташқи қарзни максимал даражада чеклаш бўйича давлат раҳбаридан топшириқ олдик.

Шу ўринда ҳаммадан бир нарсани ҳисобга олишини илтимос қиламан. Ҳозир пандемия шароитидамиз. Бу бало, тўғриси, кўплаб режаларимизни бузиб юборди.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотимиз 67 млрд.га чиқамиз деб кутгандик. Ўтган йили ЯИМ 57,8 млрд бўлганди. Пандемия туфайли бу йил ЯИМ кўрсаткичи 58,1 – 58,2 млрд атрофида бўлишини мўлжаллаяпмиз. Кўряпсизларки, ҳозирги мақсадимиз ўтган йилги кўрсаткични сақлаб қолиш бўлиб қоляпти. ЯИМ 2 – 2,2 фоиз атрофида ўсишини мўлжал қиляпмиз. Куни кеча Жаҳон банки ўзининг прогнозини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда ЯИМ жорий йилда 1,5 фоизга ўсади, деб баҳоланган.

Умуман, ижобий ўсиш катта масала бўлиб турибди ҳозир. Худога шукр, кўпчиликнинг фикри бўйича, хусусан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ташкилотларнинг баёнотларига кўра, Ўзбекистонда бу йил ижобий иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш учун барча имкониятлар бор.

Давлат раҳбари йиғилишда шу имкониятлардан фойдаланиш бўйича нима топшириқлар бердилар, деган саволга жавобан улардан айримларини санаб ўтмоқчиман. Юқорида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳақида айтиб ўтдим», дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош вазир ўринбосари давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш, хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича режалар ҳақида маълумот берди.

«Иккинчидан, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, уларни замонавий корпоратив бошқарув тизимларига ўтказиш бўйича ислоҳотларни қатъиян давом эттириш ҳақида қатъиян топшириқ берилди. Бундан бир ҳафтача олдин хусусийлаштириш масалалари кўриб чиқилганда мен 40 кун муддат ичида, умуман, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш, хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича қатъий топшириқ олдим.

Яъни кўряпсизларки, давлатимиз раҳбарияти пандемия шароитига қарамасдан бирорта ҳам ислоҳот тўхтаб қолмаслиги керак деган вазифани қўйяптилар. Ҳозир кимдир: «Ҳозир бирор активни сотадиган пайтми?» деб эътироз билдириши мумкин. Бу жуда тўғри савол. Лекин биласизларки, активларни сотиш бир кунлик ҳам, уч ойлик ҳам иш эмас. Буни хусусийлаштиришга тайёрлаш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, мажбурий процедуралардан ўтиш маълум бир вақтни олади. Шунинг учун топшириқ шундай бўлдики, ҳозирдан ана шу жараёнларга тайёргарлик кўриб боришимиз керак.

Демак, давлат корхонаси реформаси ҳақида гапирганда, албатта, кейинги йўналиш Марказий банк раисига, Молия вазирига банк соҳасидаги ислоҳотларни тўхтатмаслик, аксинча, давом эттириш тўғрисида топшириқ бўлди.

Қолган масалалар, масалан, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам жуда ҳам кўплаб топшириқлар олдик. Шу нуқтайи назардан давлат раҳбари «Doing Business» ва бошқа рейтинглардаги кўрсаткичларимиз бўйича ҳам тўхталиб ўтдилар.

Ҳозирги пандемия шароитида халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларимизни яхшилашга қаратилган фармоннинг имзоланиши ҳам мамлакатимиз раҳбариятининг ислоҳотларга бўлган муносабатини очиқ-ойдин кўрсатиб беряпти. Ҳозирги мураккаб шароитда ҳам рейтинг ҳақида гапиришга, бу борада махсус қарор қабул қилишга ва имкон доирасида олдинга ҳаракатланишга интилиш бўлаётгани, буларнинг барчаси президентимизда мамлакатда бошланган ислоҳотларни давом эттиришга бўлган сиёсий иродасининг ифодаси, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бир кўриниши деб қабул қилиш мумкин.

Шу билан бирга, монополияларга қарши кураш бўйича ҳам қаттиқ топшириқ олдик. Демак, умуман, мана шу монополияга қарши ишларни яхшилаш бўйича режалаштирилган чора-тадбирларни тез орада маълум қиламиз», дейди у.

Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон халқаро молия ташкилотлари ва рейтинг агентликлари билан нима учун яқиндан ҳамкорлик қилаётганини тушунтириб берди.

«Халқаро молия ташкилотлари, хорижий ёки маҳаллий экспертлар билан нима учун ҳамкорлик қилишимиз керак, халқаро рейтинг агентлигининг баҳоси нега биз учун катта аҳамиятга эга, нима учун ўзимизнинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида 11 млрд маблағимиз бўла туриб ташқаридан қарз оляпмиз?

Буларнинг барчаси – муҳим ва керакли саволлар. Уларга жавобан олинаётган ташқи қарз тараққиёт учун молиявий манбаларнинг диверсификацияси деб қараган бўлардим.

Қолаверса, халқаро ташкилотлардан, масалан, Япониянинг JICA халқаро ҳамкорлик агентлигидан кредит олиш маълум бир талаблар, маълум бир лойиҳалар асосида амалга оширилади. Яъни пул билан бирга маълум бир «institutional capacity» яратилади. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров юқорида батафсил маълумот бериб ўтди.

Ташқаридан олинган қарзларни маълум бир мақсадларга йўналтириш айрим ҳолларда яхши натижа берса, айрим ҳолларда бунинг акси бўлади. Блогер Отабек Бакиров айтганидек, ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар шу пайтгача Ўзбекистонда энг муаммоли масалалардан бири бўлиб келган. Фақатгина охирги икки йилда озгина яхшиланди, тўғрисини айтишимиз керак.

Бу ҳамма рейтинглар нима учун диверсификация билан боғлиқ дейилса, биз бир томондан евробонд олишимиз керак, бошқа томондан Жаҳон банкидан ёки бошқа халқаро молия ташкилотларидан пул олишимиз керак. Шу билан бирга, параллел равишда банкларимизнинг ўзи бозорга чиқиши керак ёки қайси бир кредит линияларини олиб келиши керак.

Бозорда ҳар хил товарлар бўлгандай, ҳар хил манбалар ҳам бўлиши керак. Чунки эрта-индин халқаро молия ташкилотларидан пул бозорга чиқармаймиз. Боя айтганимиздай, хусусий сектордаги ўрнимизни бўшатиб берамиз. Бу жой уларники ўзи аслида. Биз у ерда вақтинча ўтирибмиз.

Ҳаммамиз биргалашиб ишлашимизнинг маъносини мен шундай деб тушунаманки, дунёда назарий ва амалий жиҳатдан ўзаро келишилган қонун-қоида ва тартиб-таомиллар мавжуд. Мисол учун, мана шундай иш қилиш нотўғри, деб қайсидир олим назарияда исбот қилган бўлса, қайсидир халқаро ташкилот амалиётда шуни кўрган. Демак, шу тажрибаларнинг ҳаммаси йиғилиб, интеллектуал салоҳият бўлиб қайсидир идораларда жамланган. Уларда хато йўқми? Хато тўлиб ётибди. Лекин биз ҳам бирга улар билан ишлаганимизда биргалашиб шу хатоларни тўғрисидан ажратиб келмоқдамиз», – дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири.

Эслатиб ўтамиз, «Мунозара клуби» кўпчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиш, жамоатчиликни келгуси режалар юзасидан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган.

Клубнинг биринчи муҳокамасида ҳукумат иқтисодий блоки раҳбарлари, депутатлар, экспертлар, халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг вакиллари, журналистлар қатнашишди.

Kun.uz интернет нашри «Мунозара клуби»нинг бош ахборот ҳамкори ҳисобланади. Муҳокамаларнинг биринчи сони ҳақидаги видеокўрсатув 15 июнь куни муштарийлар эътиборига ҳавола этилади.

Мавзуга оид