Жамият | 23:41 / 15.06.2020
43667
6 дақиқада ўқилади

Юнусободда коллеж ўқитувчиси, Тошкент вилоятида ХТБ бош мутахассиси қўлга олинди

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Тошкентда коллеж ўқитувчиси ушланди

Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси М.А. коллежнинг 3-курс ўқувчиси Н.А.нинг ишончига кириб, унинг баҳоларини қўйдириб бериш ва дипломини олиб бериш эвазига 100 доллар ва 500 минг сўм талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Олмазор тумани бўлими томонидан ўтказилган.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси фирибгарлик устида ушланди

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси С.А. фуқаро Э.Ш.нинг ишончига кириб, уни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Олмалиқ шаҳридаги мактаблардан бирига директор лавозимига тайинлатиш эвазига 2 000 доллар талаб қилиб, шундан, 200 доллар ва 2,7 млн сўмни муқаддам қўлга киритиб, қолган 1 500 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Ҳолат юзасидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сурхондарёда Агроинспекциянинг Шўрчи туман бўлими инспектори фирибгарлик устида қўлга тушди

Ўзагроинспекциянинг Шўрчи тумани бўлими инспектори Ф.М. фуқаро Ф.Х.га тегишли бўлган, ҳужжатсиз Т-40 русумли трактори ва тиркамасига янги намунадаги давлат рақами ва техникани рўйхатга олиш гувоҳномаси тайёрлаб бериш эвазига 1,8 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Ф.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Бандихон туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган собиқ ўқитувчи ушланди

Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали собиқ ўқитувчиси Р.Б., фуқаро Н.К.дан уни мазкур филиалга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига олдиндан талаб қилган

2 000 доллар ва паспорт нусхасини олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Р.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган.

Марҳаматда тадбиркор ва фуқаролардан пул талаб қилган мутахассис ва фирибгар ушланди

Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон вилояти кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси Марҳамат тумани етакчи мутахассиси Д.А. фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида, фуқаро Б.М.нинг ишончига кириб, унга туман ҳудудидаги кичик саноат зонаси учун ажратилган ер майдонидан уй-жой қуриш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 10 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига 1 500 доллар олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Шунингдек, ҳолат бўйича ўтказилган терговга қадар текширувда, етакчи мутахассис Д.А. жорий йилнинг май ойида 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга ер ажратиш учун 6 750 доллар ва 1 нафарига туманда қурилаётган кўп қаватли уйдан 2 хонали уй олиб бериш эвазига 27 млн сўмни қўлга киритгани аниқланди.

Худди шундай, Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, фуқаро М.Х. фуқаролар З.Р. ва М.Э.ларнинг ишончига кириб, уларга Марҳамат туман «Деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилиш савдо растаси ажратиб бериши эвазига 2 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Д.А. ва М.Х.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Балиқчида электр ҳисоблагичидаги камчиликларни расмийлаштирмаслик эвазига фуқародан 400 доллар талаб қилган фирибгар ушланди

Фуқаро А.Ш. Балиқчи туманида яшовчи фуқаро С.С.нинг уйида электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан ўтказилган назорат текширувида аниқланган камчиликлар бўйича 40 млн сўм атрофида жарима тўлаши кераклигини айтиб, ушбу ҳолат бўйича баённома туздирмаслик эвазига 400 доллар талаб қилиб, шундан, 1 млн сўм ва 300 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Ҳолат юзасидан А.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган.

Асакада Корея давлатига ўқишга юбориш баҳонаси билан фуқароларнинг 20 300 долларини қўлга киритган муассаса фаолиятига чек қўйилди

Департаментнинг Асака туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда, «S.» нодавлат таълим муассасаси раҳбари Н.Т. ва бошқалар 2019 йил давомида бир неча фуқаронинг ишончига кириб, уларни Корея давлатидаги олийгоҳларга ўқишга киритиб қўйиш ҳамда виза олиб бериш эвазига 3 та ҳолатда 20 300 доллар ва 8 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланди.

Ҳолат юзасидан Н.Т. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг

168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид