«Режалар ўзгариб кетди» – Тимур Ишметов ташқи қарз динамикаси фаоллашганига изоҳ берди
Молия вазири Тимур Ишметов «Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида Ўзбекистонда жорий йилда ташқи қарз олиш динамикаси бирмунча фаоллашгани, ички захиралар бўла туриб, биринчи навбатда ташқи қарзга мурожаат этишдан мақсад ва режалар қандай бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Ўтган йил охирида, йил бошида бюджетни тасдиқлаётганда режаларимиз умуман бошқача бўлган. Бу йил февраль ойи охири, март ойи бошида бўлган ўзгаришларни ҳеч ким прогноз қилмаган.
Халқаро бозорларда нефть нархи ўзгариши режаларни ўзгартира бошлади. Кейин пандемия шароитида бизнинг давлатда ҳам эълон қилинган карантин барча режаларни кескин равишда ўзгартириб юборди.
Бюджетимиз ўтган йил охирида 2020 йилга дефицит билан тасдиқланган. Дефицитни қоплашга албатта ташқи қарздан фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, бир қисмини халқаро молиявий ташкилотлардан, бир қисмини халқаро капитал бозорларига чиқиб, евробондларни жойлаштириш орқали қоплаш режалаштирилган.
Евробондни жойлаштиришни баҳорга режалаштиргандик. Аввал евробондларни жойлаштириб, қўшимча пул жалб қилишни мўлжаллагандик. Халқаро молиявий ташкилотлардан қарз олиш эса аксинча йилнинг охирига режалаштирилганди.
Лекин бутун дунёда рўй берган воқеа халқаро молиявий бозорларга ҳам таъсир қилди. Ҳозир 2-3 ой ўтганидан кейин молиявий бозорлар сал тинчланди. Мавҳумлик йўқолди. Лекин февраль ва март ойларида шу даражада мавҳумлик бўлганки, ҳатто халқаро молиявий ташкилотлар ҳам бу инқироз қанчалик чуқур бўлиши, қанча давом этиши бўйича аниқ прогноз бера олмаган. Аниқ прогнозлар бўлмагани халқаро капитал бозорларига ҳам ўз таъсири кўрсатган, маълум бир даврга ривожланаётган давлатларга халқаро капитал бозори деярли ёпилди деб айтсак ҳам бўлади. Чунки ҳамма инвесторлар ўз ресурсларини ривожланаётган давлатлардан олиб чиқиб кетиб, бошқа активларга инвестиция қилишни бошлади», дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
У шароитдан келиб чиқиб, режалар ўзгаргани ҳақида гапирди.
«Ана шу пайтда биз режаларни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Биринчиси, евробонд орқали қарз жалб қилишни бозор шароитига қараб йилнинг кейинги даврига қолдириш. Бирламчи даврда эса бошқа инструментларни кўриш. Иккинчи ўзгариш – бундай шароитда иккинчи чорак учун бюджетдаги тушумлар, харажатларимиз ҳам кескин ўзгарди. Яъни бундай инқироз даромадларимизга таъсир қилиб, даромад режаларимиз пасайтириш томонга ўзгартирилган бўлса, харажатларни эса аксинча оширишга мажбур бўлганмиз. Ҳаммангизга маълум, айнан карантин даврида соғлиқни сақлаш соҳасига кўпроқ пул сарфлашга қарор қилинган», деди вазир.
Пандемия шароитида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларидан фойдаланиланилмагани, бунинг ўрнига қарз олингани сабаби ҳақида айтилди.
«Бу пайтда харажатларни молиялаштириш учун қарз олишми ёки захирани ишлатиш керакми деган саволга келадиган бўлсак, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ўзига хос функцияси бор, у асосан узоқ муддатли йирик инвестицион, инфратузилма лойиҳаларига пул тикиш ва давлат пули билан бирга ўша лойиҳаларга чет элдан қўшимча инвестиция жалб қилиш инструменти сифатида фойдаланилган. Яъни бу жамғармадан бюджетни тўғридан тўғри молиялаштиришга тезкор, аниқ механизм йўқ десак бўлади. Тактик жиҳатдан ҳам ўйланган, ўша вақт мавҳумлик шу даражада бўлганки, инқироз қанча давом этади, қанчалик чуқур бўлади, кузда ҳақиқатан ҳам капитал бозорлари очиқ бўладими йўқми деган савол туғилганида биз албатта биринчи навбатда имкониятдан фойдаланган ҳолда дефицитда имтиёзли, узоқ муддатли арзон ресурслардан фойдаланишни афзал деб билдик. Негаки Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларини ишлатиш қарзнинг ошиши, рейтингга таъсир кўрсатиши каби эътирозларга олиб келарди. Жамғарма резервларининг ишлатилиши умумий фискал баланс дефицити кенгайишига олиб келади, яъни ташқи қарз ҳисобига ошмаган ҳолда ҳам умумий бюджет дефицити ошиши ҳисобига рейтинг агентликларимизни хавотирга соладиган [кўрсаткичларга] олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун бизнинг фикримизча, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларини бошқа мақсадлар ва кейинги даврларда ишлатилиши самаралироқ деб ҳисоблаганмиз», деди Тимур Ишметов.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz ахборот ҳамкори сифатида иштирок этган «Мунозара клуби»нинг илк муҳокамалари 13 июнь куни бўлиб ўтди. Батафсил видеорепортаж билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
17:52 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди
14:41 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий банкнинг янги раиси бўлади
16:56 / 07.12.2024