Ўзбекистон | 15:04 / 16.06.2020
63878
4 дақиқада ўқилади

Сотувчилар, банк ходимлари, уста, боғбон ва талаба. Вазирлик сўнгги ҳолатлар бўйича қўшимча маълумот берди

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Сергели ва Шайхонтоҳур туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Жумладан, «Чорсу» бозори ва «Пойтахт» савдо маркази сотувчиларида вирус чиққан.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14-15 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Сўнгги кунларда юртимизда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси қайд этилиш ҳолатларига эътибор қаратсак, қатор ҳудудлардаги кўплаб ташкилотларда фаолият юритувчи ходимларда касаллик қайд этилаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 14 июнь куни юртимизда коронавирус тасдиқланган 114 нафар бемордан 27 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 15 июнь санасида эса коронавирус қайд этилган 183 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида тасдиқланган. Икки кунлик маълумот, ҳам умумий касалланишда, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари динамикасида ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.

15 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳридан 25 нафар, Самарқанд вилоятидан 3 нафар, Хоразм вилоятидан 1 нафарни ташкил этган», дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи «Чорсу» буюм бозори сотувчисида (ишхонадан сўралгани учун профилактика мақсадида таҳлил топширган), шу туманда яшовчи яна уч нафар фуқарода: «Смарт ҳаус» хусусий қурилиш фирмаси дастурловчисида (ишга бориш учун таҳлил топширган), республика ихтисослаштирилган Онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказига даволанишга ётиш учун таҳлил топширган беморда ҳамда тана ҳарорати кўтарилгани сабабли шифохонага бориб таҳлил топширган фуқарода, шунингдек, Сергели тумани Хонобод маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг лойиҳа бошқарувчиси ҳамда шу тумандаги мактаб ўқувчиси (тана ҳарорати кўтарилган ва оилавий поликлиника участка шифокорига мурожаат қилган) ва унинг онасида коронавирус тасдиқланган.

Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, Тошкент кимё технологиялари институти талабасида (томоғида оғриқ бўлган, тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган), шу туманда яшовчи, «Орзу» фабрикаси боғбонида (тана ҳарорати кўтарилгани боис таҳлил топширган), Чилонзор туманида яшовчи фуқарода (ҳолсизлик, йўтал тўхтамаганидан кейин шифохонага бориб, таҳлил топширган), «Пойтахт» савдо мажмуаси кийим дўкони сотувчисида ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Учтепа туман филиали мутахассисида ҳам касаллик қайд этилган. 

Шунингдек, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани «Чароғбон» МФЙдаги  автомашиналарни таъмирлаш устаси (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли намуна олинган), «Ҳамкорбанк»нинг Ургут филиали ходимида (мазкур молия муассасасининг барча ходимларидан профилактик мақсадда намуна олинган), ушбу туманда қандли диабет касаллиги бўйича даволанишга йўлланма олиш учун намуна олинган беморда ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлган.

«Таҳлиллардан ойдинлашадики, ён атрофимизда коронавирус хавфи ҳамон мавжуд. Шу йилнинг 15 июндан бошлаб карантин қоидалари янада юмшатилиб, қатор фаолият турларига рухсат берилган бўлса-да, ҳушёрликни асло йўқотмаслигимиз лозимлигини кунлик воқеа ва кўрсаткичлар кўрсатиб турибди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни вазиятдан келиб чиққан ҳолда, аҳолидан, яна такрор ва такрор карантин ва санитария қоидаларига қатъий риоя қилишни, жумладан, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик, чиққанда эса ниқобни тўғри тақиб юришни, қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишдан вақтинча тийилиш, ижтимоий масофа сақлаш, тирбанд жамоат транспортига чиқмаслик, ниқобсиз бўлган йўловчиларга яқинлашмаслик, қўлларни тез-тез совунлаб ювишни доимий одатга айлантиришни сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид