Жаҳон | 21:18 / 18.06.2020
39085
7 дақиқада ўқилади

Болтоннинг можароли хотиралари: Венесуэлага «қойилмақом» ҳужум, Ким Чен Инга берилмай қолган диск ва Трампнинг Хитойга илтимоси

The New York Times, The Washington Post ва The Wall Street Journal газеталари АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг мемуаридан айрим парчаларни чоп этди. «Бу воқеа содир бўлган хона: Оқ уй мемуарлари» (The Room Where It Happened: A White House Memoir) деб номланган китоб сотуви 23 июндан бошланиши мўлжалланган, аммо АҚШ президенти маъмурияти бунга қаршилик кўрсатишга уринмоқда.

Oliver Contreras / pool / CNP / Zuma / Scanpix / LETA

Ўзининг 576 саҳифадан иборат китобида 71 ёшли Жон Болтон АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятида ўтказган 17 ойи ҳақида сўз юритган.

У шу билан бирга Дональд Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва ХХР раиси Си Цзиньпиндан марҳамат кутганини ёзган. Болтоннинг ёзишича, Трамп Туркиянинг Halkbank банки ва Хитойнинг ZTE ва Huawei компанияларига босимни камайтиришни таклиф қилган.

Китобда таъкидланишича, Дональд Трамп Си Цзиньпиндан АҚШнинг фермерлик штатларида сайловда ютиб чиқиш учун ёрдам сўраган — Хитой бунинг учун Америка қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олишни бошлаши керак бўлган. Бундан ташқари, мемуарда ёзилишича, ХХР раиси Трампга Хитойда нима учун концлагерлар қураётганини айтганида, АҚШ президенти Си Цзиньпинга қурилишни давом эттириши кераклигини айтган.

Трамп Буюк Британияда ядро қуроли бор-йўқлигини билмаган. Венесуэлага бостириб кириш ғоясини «қойилмақом» деб атаган

Жон Болтон ўз мемуарларида АҚШ президентини тентакдек кўрсатади, деб ёзади The Hill нашри. Собиқ маслаҳатчининг сўзларига кўра, Трамп ҳаммага маълум бўлган кўплаб фактларни, масалан, Буюк Британияда ядро қуроли бор-йўқлигини билмайди. Бундан ташқари, у Финляндия Россия таркибидами-йўқми, деб сўраган.

2018 йил августдаги учрашувлардан бирида, деб ёзади Болтон, Трамп Венесуэлага бостириб кириш ғоясини «қойилмақом» деб атаган ва бу мамлакат ҳақида худди АҚШнинг бир қисмидек фикр билдирган. Собиқ маслаҳатчининг таъкидлашича, президент жуда кўп ёлғон ёки хато гапларни гапиради.

Болтон разведка жамиятининг президент иштирокидаги брифингларини вақтни беҳуда ўтказиш деб атайди, «чунки брифингларда асосан Трамп гапирган, маърузачиларни эса эшитмаган».

Бундан ташқари, Болтоннинг таъкидлашича, Трамп ўз маъмурияти аъзоларини бир-бирига гижгижлашни ёқтиради. Бир куни президент унга собиқ давлат котиби Рекс Тиллерсон АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили Никки Ҳейли ҳақида уятсиз гап гапирганини айтган. Кейинроқ Болтон бу гапни аслида Трамп айтганини билган.

Трамп Помпеодан Ким Чен Инга «Rocket Man» дискини бериб қўйишни сўраган. Помпео Трампни «лақма» деб атаган

Болтоннинг сўзларига кўра, ҳаттоки Оқ уйнинг асосий ходимлари ҳам президентни ёмон кўришади. Сингапурда 2018 йил июнда Дональд Трампнинг КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан биринчи учрашуви вақтида АҚШ давлат котиби Майк Помпео Болтонга президент ҳақида «У шундай лақмаки» деб ёзилган қоғозни узатган. Орадан бир ой ўтгач, Помпео Трампнинг Пхеньян бўйича таклифларини рад этган.

Китобда ёзилишича, Трамп 2018 йил октябрда Помпеодан Ким Чен Инга Элтон Жоннинг «Rocket Man» қўшиғи ёзилган дискни бериб қўйишни сўраган. АҚШ президенти Шимолий Кореянинг ядровий дастурлари сабабли бир-бирларига таҳдид қилиш чоғида КХДР етакчисини «Rocket Man» деб атаганди. АҚШ президенти диск ёрдамида бу ҳақорат эмас, балки илтифот бўлганлигини кўрсатмоқчи бўлган. Аммо Помпео Ким Чен Инга дискни бермаган.

Болтон Трампнинг Ким Чен Ин ёки Россия президенти Владимир Путин билан дипломатик айтишувларини ақлсизлик ва телбалик деб атаган. Болтоннинг сўзларига кўра, у маслаҳатчи лавозимида кўп вақтини президентнинг ёмон келишувлар тузишига халақит беришга сарфлаган.

Трампдан Украинага ёрдам беришни 10 марта сўрашган, аммо у аввал Жо Байден ва Ҳиллари Клинтонга нисбатан суриштирув ўтказишни талаб қилган

Жон Болтон хотираларида Трамп Украинага ҳарбий ёрдамни қандай тўхтатиб қўйганини ҳам ёзган. Китобда ёзилишича, Трамп учрашувлардан бирида адвокати Рудольф Жулиани Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиши ҳамда Ҳиллари Клинтон ва АҚШ президентлигига номзод Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байденга нисбатан суриштирув ўтказиш масаласини муҳокама қилиши кераклигини айтган. 

Болтоннинг қайд этишича, Трамп Украинага ҳарбий ёрдамни ушбу суриштирувларга бевосита боғлаган. Собиқ маслаҳатчининг сўзларига кўра, Майк Помпео ва мудофаа вазири Марк Эспер саккиз ёки ўн марта Трампни ёрдам кўрсатишга кўндиришга уринган, аммо президент аввал суриштирув ўтказилиши кераклигини айтиб, бунга рози бўлмаган.

Украина раҳбариятига босим ўтказиш Трампга нисбатан импичмент эълон қилиш учун сабаб бўлди. АҚШ президентини Жо Байденнинг ўғлига нисбатан суриштирув бошлашга уриниши сабабли ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳамда Конгресс ишига тўсқинлик қилишда айблашди. Вакиллар палатаси 2019 йил декабрда Трампнинг импичменти учун овоз берди. Аммо февралда Сенат Трампни оқлади.

Болтоннинг ёзишича, Вакиллар палатаси нафақат Украина иши, балки Трамп ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринган савдо музокаралари ва жиноий суриширувларни ҳам ўрганиши керак бўлган. У Трампнинг Туркия ва Хитой раҳбарлари билан келишишга уринишини мисол қилиб келтирган.

Трамп Болтоннинг мемуарларини ёлғон деб атади. Адлия вазирлиги собиқ маслаҳатчини судга берди

АҚШ президенти Жон Болтоннинг китобидан берилган парчаларни изоҳлар экан, мемуарлар «ёлғон ва уйдирмалардан иборат»лигини ёзди. У собиқ маслаҳатчисини «аламзада аҳмоқ» ва «номуносиб» ходим деб атади.

Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида Болтон махфий ахборотни тарқатиб қонунни бузганини айтди. Аммо қандай ахборот эканлигига аниқлик киритмади.

17 июнь куни АҚШ Адлия вазирлиги Жон Болтоннинг китобида махфий маълумотлар борлиги учун уни чоп этишни тўхтатиш талаби билан судга мурожаат қилди.

«Қўлёзмадаги маълумотлар Қўшма Штатларнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солади», — дейилади вазирлик баёнотида.

Болтоннинг мемуарларини чоп этаётган Simon & Schuster нашриёти АҚШ ҳукуматининг китоб чоп этилишини тўхтатишга уриниши ҳеч нарсага олиб келмаслигини, чунки юз минглаб нусхадаги китоблар бутун дунёга тарқалиб бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид