Жаҳон | 23:51 / 18.06.2020
56870
10 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Эпидемиянинг янги ўчоқлари ва Британиянинг Россияга айблови

Британия ташқи ишлар вазири Россия, Хитой ва Эронни пандемиядан ўз мақсадларида фойдаланаётганликда айблади, Австралия, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатларда касаллик тарқалиши кучайди, Эммануэль Макрон ва Борис Жонсон британ карантини шартларини муҳокама қилишди.

Фото: Getty Images

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунёда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони 8,3 миллиондан ошди, қарийб 450 минг киши ушбу касалликдан вафот этди.

Айни вақтда Лотин Америкаси инфекция тарқалишининг асосий ўчоғи бўлиб қолмоқда, қатор давлатларда эпидемиянинг иккинчи тўлқини кузатилмоқда.

BBC дунёдаги Covid-19 пандемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни келтирди.

Британиядаги вазият
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Россия, Хитой ва Эрон пандемия билан боғлиқ вазиятдан ўз манфаатларини илгари суришда фойдаланаётгани ҳақида гапирди. У Хитой ҳукумати Ҳонгконг устидан назоратни кучайтираётганини мисол тариқасида келтирди.

Раабнинг фикрича, Россия интернет платформалари ва бошқа воситалар орқали мунтазам равишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалалар бўйича ёлғон хабарлар ва ташвиқот тизимини йўлга қўйган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу айбловларни абсурд деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россия эпидемия бошланганидан буён бор имкониятларини ишга солган ҳолда вирусга қарши курашда дунё билан ҳамкорлик қилмоқда.

Бу вақтда Лондон Қироллик коллежи олимлари ижтимоий тармоқлар, Facebook ва YouTube каби платформалар жамоатчилик соғлигига таҳдид солиши, чунки бу жойларда коронавирус тарқалиши ва табиати ҳақида конспирологик назариялар тарқатилиши ҳақидаги тадқиқот натижаларини эълон қилишди.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги бундай хабарлар туфайли карантинга риоя этишни аҳмоқлик деб ҳисоблашмоқда ва ҳукумат жорий этган тартибларни бузишмоқда. Март-апрель ойларида ўтказилган ўрганиш жараёнида олимлар Британиядаги кўпчилик интернет фойдаланувчилари Covid-19 атайлаб лабораториядан чиқариб юборилгани ёки 5G алоқа миноралари коронавирус тарқатиши ҳақидаги чўпчакларга ишонишини аниқлашган.

Чарльз ҳид билиш қобилиятини йўқотди
Британ тахти вориси шаҳзода Чарльз шифокорлар билан учрашув вақтида унда коронавирусни бошдан кечирганидан сўнг ҳид ва таъм билиш қобилияти тикланмагани ҳақида тан олди. Маълумки, бу ҳисларни йўқотиш Covid-19 аломатлари ҳисобланади.

Шифохона ходимлар билан суҳбат давомида Чарльз касалликни енгиб ўтиш тажрибаси ҳақида гапирган. 71 ёшли шаҳзодага март ойидаёқ коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганди. Унда касаллик ўрта оғирликда кечган, аммо у шифохонага ётқизилмаган ва Шотландиядаги қасрда иҳоталанганди.

Пайшанба куни Франция президенти Эммануэль Макрон Лондонга ташриф билан келди. У бош вазир Борис Жонсон билан ушбу мамлакатга келувчиларнинг барчаси 2 ҳафталик карантинга жойлаштирилиши билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама қилди. Учрашувда касаллик тарқалиши секинлашган давлатлар, жумладан Франция учун алоҳида йўлак қилиш ҳақида гап борди.

Ҳозирча фақат Ирландиядан ва Британия таъсиридаги ороллардан келувчилар карантинга олинмаяпти. Европа локдаундан чиқиб, чегараларини очаётган маҳалда карантин жорий этгани учун Британия ҳукумати туризм саноати вакиллари томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Британия Европада эпидемиядан энг кўп жабр кўрган мамлакат бўлиб қолмоқда. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бу мамлакатда 300,7 минг зарарланиш ҳолати қайд этилган (жаҳонда бешинчи ўрин) ва 42,2 минг киши вафот этган (жаҳонда учинчи кўрсаткич).

Европада яна нималар бўлмоқда?
Германиянинг шимоли-ғарбидаги Гютерсло шаҳрида жойлашган гўшт комбинатида коронавирус тарқалгач, минглаб кишилар карантинга жўнатилди. Ишчиларнинг мингдан ортиғи Covid-19 учун тест топширган, 657 киши вирус юқтириб олгани тасдиқланган. Яна бир неча минг киши тест учун навбат кутмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқи раҳбариятини узоқ муддатли бюджет бўйича тезроқ келишиб олишга ва маблағларни коронавирусдан зарар кўрган нисбатан кучсиз иқтисодиётга тақсимлашга чақирди. Германия парламентидаги чиқишида у чуқур иқтисодий инқирозни енгиб ўтиш учун Европа бирлашиши кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, пандемия Евроиттифоқ қанчалар мўртлигини кўрсатиб қўйди. Германия 1 июлдан бошлаб 6 ой давомида Евроиттифоққа раислик қилади.

Москвад мамлакатда эпидемиологик вазият энг оғир бўлган ҳудуд ҳисобланади / EPA

«Росздравнадзор» Россияда иш жойида коронавирус юқтириб олган 489 нафар тиббиёт ходими вафот этгани ҳақида хабар берди, кўп ўтмай бу хабар расмий эмаслиги, интернетдаги маълумотларга асослангани ҳақида айтилди. Қайд этиш керакки, май ойи статистикасига кўра, мамлакатда жами 101 нафар тиббиётчи Covid-19 қурбони бўлгани кўрсатилганди.

Россия жаҳонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони бўйича учинчи ўринда - 561 мингдан ошиқ ҳолат, мамлакатда сўнгги бир кунда 7790та янги ҳолат қайд этилди.

Испания ҳукумати бу йил дунёга машҳур Ибица тунги клублари ва Балеар архипелагидаги бошқа кўнгилочар масканлар очилмаслигини ва коронавирусга қарши вакцина пайдо бўлмагунча умуман ишламаслиги ҳам мумкинлигини маълум қилди. Туристик мавсум вақтида бу оролларга ҳар йили минглаб мусиқачилар ва диджейлар келишади. Кўплаб клублар тун-у кун ишлайди. Бу катта саноат бўлиб, нафақат маҳаллий аҳоли вакиллари, балки Европа Иттифоқининг бошқа фуқаролари учун ҳам даромад манбайи эди.

Шу билан бирга, Испания бош вазири Педро Санчес мамлакат туризм саноатини қутқариб қолиш учун 4,2 млрд евро ажратилишини маълум қилди. Пуллар испан курортлари рекламаси, санитар нормаларини таъминлаш ва авиакомпанияларга солиқ имтиёзлари учун ҳам сарфланади. Туризм Испания иқтисодиётида 12 фоизлик улушга эга.

1 июлдан мамлакатга келувчилар 14 кунлик карантинга олиниши шарт бўлмайди.

Дунёдаги янги ўчоқлар

Покистонда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 160 мингдан ошган Фото: EPA/Vostock-photo

Покистоннинг Панжоб вилоятидаги қатор шаҳарларда  карантин чоралари кучайтирилди. Ушбу вилоят аҳолиси сони 100 миллион кишидан ошади. Сўнгги ҳафтада айрим ҳудудларда, хусусан, вилоятнинг маъмурия маркази Лоҳурда касалланиш статистикаси кескин юқорилай бошлаган.

Панжобда қарийб 60 минг зарарланиш ҳолати қайд этилган. Полиция қатъий карантин жорий этилган ҳудудларни қаттиқ қўриқламоқда. Бундай ҳудудларда фақат дўконлар ва дорихоналар очиқ. Жамоат транспорти ишламаяпти, шунингдек шахсий автомобилларда ҳаракатланиш тақиқланган. Покистон ҳукумати қарорига кўра, янги касалланиш ҳолатлари сони 300га етган ҳудудларда қатъий карантин жорий этилиши белгиланган.

Ҳиндистонда кунлик зарарланиш ҳолатлари бўйича янги рекорд қайд этилди - 12 881 минг киши. Пойтахт Деҳлида соғлиқни сақлаш вазирида инфекция аниқланган. Мамлакатнинг молиявий маркази Мумбайда ҳам минглаб кишилар вирусдан зарарланган. Аммо салбий динамикага қарамасдан, Ҳиндистон иқтисодиётни тиклаш учун карантин чораларини юмшатишни давом эттирмоқд. Мамлакат касалланиш ҳолатлари сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда бормоқда - 378 минг киши касалланган, 12 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Хитой 28та янги зарарланиш ҳолати ҳақида хабар берди, шундан 21таси Пекинда қайд этилган. Ўтган ҳафтада пойтахтда касаллик авж ола бошлаганди - шаҳардаги йирик озиқ-овқат бозори янги касалланиш ўчоғига айланганди. Бунгача 57 кун давомида шаҳарда бирорта ҳолат қайд этилмаганди. Ҳозирда Пекиннинг камида 30 тумани карантинга ёпилган. Шаҳар кўчалари санитар хизматлар томонидан дезинфекция қилинмоқда.

Австралияда ҳам янги ҳолатлар қайд этилмоқда. Аҳолиси сони кўплиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Виктория штатида икки кунда 18 кишида касаллик аниқланган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, касалланиш манбайи Янги Зеландияда кузатилгани каби хорижда эмас, маҳаллий жамиятлардан бирида бўлди. Виктория штатидаги вазият Янги Жанубий Уэльс штатидагиларни ҳам ташвишга солди, қўшни штатда бир неча ҳафтадан буён янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаяпти. Австралияда Covid-19 дан зарарланиш индекси апрелдан буён 0,5дан пастлигича қолмоқда. Яқингача мамлакатда актив кейслар сони 500 атрофида эди, уларнинг кўпчилиги хориждан келгач карантинга олинганлар.

Бугун Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевда коронавирус аниқланди. Унинг матбуот хизмати хавотирланишга ҳожат йўқлигини маълум қилмоқда. Назарбоев ўзини иҳоталаган ва масофадан туриб ишлашга ўтган. Аввалроқ ҳукуматнинг бир неча аъзоларида, жумладан соғлиқни сақлаш вазирида касаллик аниқланганди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Қозоғистонда айни вақтгача 22,7 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган, беморларнинг 97 нафари вафот этган.

Лотин Америкаси Covid-19 ўчоғи бўлиб қолмоқда
Бразилия ғарбида Амазониядаги Каяпо қабиласи сардори коронавирусдан вафот этди. 65 ёшли Паулиньо Пайкан Амазонка ўрмонлари ҳимоячиларидан бири сифатида машҳур эди. У жаҳон ҳамжамиятига 1980-йилларда, Бело Монте водийсида дунёда катталиги бўйича учинчи ўриндаги ГЭС қурилишига қарши чиққанида танилганди.

1998 йилда у 18 ёшли қизни зўрлашда айбланган, ушбу жиноятга унинг рафиқаси ҳам алоқадорлиги маълум қилинганди. Тарафдорлари эса бу ишни сардорнинг обрўсини тушириш учун уюштирилган деб баҳолашганди.

Перулик шифокорлар узоқ тоғли ҳудудларга чиқишига тўғри келмоқда / AFP

Перу коронавирусга чалинганлар сони бўйича Италиядан ўзиб кетди. Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, бу мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 241 мингга етган. Перу - Лотин Америкасида вирусдан энг кўп азият чекаётган иккинчи давлатдир. Аммо Перуда вирусдан вафот этганлар сони Бразилиядагидан (46 минг) анча кам - 7,2 минг.

Бундан ташқари, мамлакатда кунлик касалланишлар сони камая бошлади. Сўнгги бир кунда Перуда 3700 янги ҳолат аниқланди, бу эса май ойи охиридаги кўрсаткичнинг ярмидир. Ҳукумат қатъий карантинни 30 июнга қадар узайтирган.

Чилида ҳам оғир вазият сақланиб қолмода. Ушбу мамлакат касалланиш ҳолатлари дунёда тўққизинчи, Лотин Америкасида учинчи - шу вақтгача 225 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланган, 7,2 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Айни вақтда ЖССТ Лотин Америкасини дунёдаги асосий коронавирус ўчоғи сифатида эълон қилган.

Мавзуга оид