Жамият | 13:48 / 19.06.2020
6890
3 дақиқада ўқилади

Маҳкумларга қўшимча ҳуқуқ ва эркинликлар берувчи қонун маъқулланди

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун Сенатнинг 5-ялпи мажлисида маъқулланди.

Қайд этилишича, «Жиноят-ижроия кодекси» бундан 23 йил олдин – 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, аксарият нормалари бугунги кун талабига жавоб бермайди. Маъқулланган янги қонун кодексни янги нормалар билан тўлдиришни мақсад қилади.

Мазкур қонун билан маҳкумларнинг қуйидаги ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кўзда тутилмоқда:

– Вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда;

– Маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритилмоқда. Яъни маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда;

– Маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда. Амалдаги кодексда рағбатлантириш чораларни қачон ва қай тартибда амалга ошириш белгиланмаган эди. Эндиликда маҳкумларга рағбатлантириш чораларини қўллаш йилига икки марта, шунингдек, байрам кунлари мунсобати билан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Рағбатлантирувчи комиссиянинг таркибига кимлар кириши ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган;

– Озодликдан маҳрум қилинган шахснинг хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадидаги ариза, хабар билан жазони ижро этиш муассасасининг ҳар қандай ходимига оғзаки ёки ёзма мурожаат қилиши мумкин. Маҳкумнинг аризаси олиниши зудлик билан унинг хавфсизлиги чораларини кўриш шартлиги белгиланди;

– Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда;

– Маҳкумларнинг илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга, телефон орқали сўзлашувга, масофавий видеоучрашувга алмаштирилиши, қисқа муддатли учрашув эса масофавий видеоучрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши мумкинлиги киритилмоқда.

Мавзуга оид