Иқтисодиёт | 13:03 / 19.06.2020
7809
2 дақиқада ўқилади

«Қарз чегараси эмас, унинг ишлатилиши муҳим» – Эксперт Ўзбекистон давлат қарзи динамикаси ҳақида

«Мунозара клуби»нинг илк учрашувида Жорж Вашингтон университети профессори Денни Лейпсигер маҳаллий резерв ва ташқи қарз ўртасидаги танловда қарор қабул қилиш ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Ички ва ташқи қарз олишни танлашда менимча рейтинг агентликларидан бири айтиб ўтганидек, валюта бўйича прогнозлар масаласини инобатга олишимиз керак. Чунки ташқи қарз 50 фоизми, ёки 55 фоизми, бу хавфли даража эмас. Ташқи бозорнинг барқарорлиги ҳақидаги ҳақиқий масала валютанинг келажаги билан боғлиқми ёки йўқми деган савол бериш керак деб ўйлайман», деди профессор.

У Ўзбекистон давлат қарзи динамикаси бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Дунёдаги ҳар бир мамлакат молиявий харажатларни амалга оширяпти ва қарз оляпти. Чунки ҳамма давлатлар бир хил вазиятда. Шунинг учун менимча, Ўзбекистон қарзлари динамикаси ва таркибига назар ташласангиз, унда ижобий томонлар шунчалик кўпки, бундан ташвишланмаслик керак, деган хулосага келасиз.

Менимча, асосий масала қарзнинг ЯИМга нисбати билан белгиланади. Шунинг учун савол ЯИМнинг қай даражада рағбатлантирилиши ва буни осонлаштириш билан боғлиқ. Мен шунингдек, академик Рауф Салахўжаевнинг тадқиқотида айтиб ўтилган ЯИМга нисбатан қарзнинг 90 фоизлик чегараси ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтмоқчиман.

Аслида, энг муҳим нарса бу қарз чегараси эмас, балки унинг ишлатилиши. Ресурслардан фойдаланиш самарадорлигига қараш керак», деди Денни Лейпсигер.

Мавзуга оид