Жамият | 10:50 / 20.06.2020
27325
8 дақиқада ўқилади

Андижонда департамент фуқаронинг пулини ноқонуний мусодара қилиб, қайтариб бермаяпти

Kun.uz таҳририятига Андижон шаҳридаги «Ғайрат» маҳалласи Пиллакаш кўчасида яшовчи фуқаро Шерзодбек Насриддинов мурожаат қилди.

Аризачининг билдиришича, 2019 йил 7 июнь куни Андижон шаҳар «Ғайрат» маҳалласи ҳудудида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармаси ходимлари томонидан валютафурушларга қарши рейд ўтказилган. Ота-онаси яшаётган хонадондан яхши ниятлар билан янги автомашина сотиб олиш учун йўлга чиққан фуқаро Шерзодбек Насриддинов ҳам тасодифан ана шу тадбир иштирокчисига айланиб қолади. Ўзларини Андижон вилояти департаменти ходимлари деб таништирган 2 нафар ходим фуқаро Шерзодбек Насриддиновнинг машинасидаги 93 миллион 550 минг сўм пулни «тадбир» давомида валютафурушларникига қўшиб мусодара қилиб юборишади.

Гувоҳлар иштирок этишини таъминламаган департамент ходимлари Шерзодбек Насриддиновни автомашинасидаги барча пул маблағлари билан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармасига олиб келишади. Шерзодбек Насриддиновнинг ёнидаги пул маблағлари ичида ўша кунги тадбир иштирокчиси - аризачи М.Ортиқовага берилган пулларга тўғри келадиган 4 та купюралар борлигини билдириб, бошқарма ғазнасига топширишади.

«Департамент «тадбир» ўтказган жойда бўлганим учун ўз пулимни олдирдим»

2020 йил 8 январь куни жиноий ишлар бўйича Жалақудуқ туман суди Шерзодбек Насриддиновнинг автомашинасидан олинган пул маблағларини жиноятга дахлдорлиги йўқ деб топади. Суд Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармасига топширилган 155 миллион сўм пул маблағларидан 91 миллион 550 минг сўмини фуқаро Шерзодбек Насриддиновга қайтариш кераклиги ҳақида ҳукм чиқаради. Лекин, мана олти ойдан ортиқ вақт ўтибдики, ҳукм ижроси ҳануз таъминлангани йўқ.

Мурожаатчи Шерзодбек Насриддинов воқеа тарихини сўзлаб берди.

«2019 йил 7 июнь куни ота-онам яшаётган хонадондан 93 миллион 550 минг сўм пулларни, фуқаролик паспорти ва ҳужжатларни олиб, шахсий автомашинамда янги машина сотиб олиш учун «Асакасавдо» марказига кетаётган пайтимда 2 киши келиб, машинамга ўтириб олишди. Мен ҳеч нарсани тушунмай қолдим. «Бу пуллар бизга тегишли» дейишди. «Тушунмадим. Қандай қилиб сизларга тегишли?» деб сўраганимда, «департаментга тегишли купюралар», дея пулларимни олиб қўйишди. Департамент ходимларига, «Ўзимнинг шахсий пулларим» дейишимга эътибор ҳам беришмади. «Тўхтанглар, маҳалламиз нозири ва маҳалладан бошқа холис гувоҳларни чақиринглар», дейишимга қарамай, шахсий машинамнинг рулига ходимларнинг бири ўтириб, мени департемантнинг Андижон вилоят бошқармасига олиб келишди. Ўша ерга келганимизда, бу пуллар уларга қанақасига тегишлилигини талаб қилиб сўраганимда, «бу пуллар тадбир учун ишлатилган махсус рақамланган пуллар, сен шу тадбир пулларини олдинг», дейишди. Мени бир хонага олиб киришди. Бошқа хонада пулларим қайд этилаётган пайтда мени иштирок эттиришмади. Менинг гувоҳлигимсиз, менга тегишли бўлган пулларни тадбирда ишлатилган пуллар қаторига қўшиб расмийлаштириб давлат ихтиёрига ўтказиб юборишди.

Ўша куни департаментга кундузги соат 15:10 атрофида келган бўлсак, тунги соат 2:30ларгача ушлаб туришди. Бунга сабаб, департаментнинг тадбирдаги махсус пулларининг бир қисмини бошқа одам олиб қочиб кетгани учун менинг пулларимни олишган экан. Улар ўзларининг махсус пуллари қаерга кетганини била олмай бизни кўп ушлаб туришди», дейди Шерзод Насриддинов.  

Жиноий ишлар бўйича Жалақудуқ туман судида Андижон вилояти департамент ходимлари Ш.Насриддиновнинг шахсий пуллари бўйича керакли далилларни тақдим эта олишмайди. Сабаби, департамент ходимлари тадбир давомида махсус белгига эга пулларни олиб кетган гумондор Мансур Қосимовни вақтида қўлга ололмаганликлари учун муаммо келиб чиққан.

«Ноилож менга тегишли пулларни мусодара қилишган. Тадбирда ишлатилган махсус белгили пулларни М.Қосимов олиб кетган экан. Бу судда исботланди. Шунга кўра, суд тадбирда олинган 155 миллион сўм пул маблағларидан 91 миллион 550 минг сўмни Шерзод Насриддиновга, яъни менга қайтарилиши ҳақида ҳукм чиқарди. Лекин шу кунга қадар пулларимни қайтаришмади. Андижон Мажбурий ижро бюросига бориб суриштирдим. МИБ «Департаментга пулингизни қайтариш учун мурожаат қилдик, департамент ҳисоб рақамида пул йўқлиги учун ололмаяпмиз. Қачонки, департаментнинг пули бўлса, кейин ижро қилиб берамиз», деган важлар билан пулимни ундириб беришмаяпти», дейди Шерзод Насриддинов.  

Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлимида

Суд қарори нега шу пайтгача ижро қилинмаётгани муаммоси юзасидан Андижон шаҳар мажбурий ижро бўлимига бордик.

Муаммоли вазият бўйича, бўлим бошлиғи Нодирбек Ҳакимов изоҳ берди.

«Жорий йилнинг 25 январь куни бюронинг Андижон шаҳар бўлими иш юритувига жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судининг 2020 йил 8 январдаги Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармасига топширилган 155 миллион сўм пуллардан 91 миллион 550 минг сўмини фуқаро Насриддинов Шерзодбек Зайнобиддиновичга қайтариш белгиланган ижро ҳужжати келиб тушган.

Шу куннинг ўзидаёқ, бўлим давлат ижроси томонидан ижро иши юритилиши қўзғатилиши тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармасининг 12 февраль кунги мурожаатга кўра, ижро ҳаракатлари 18 февралдан 27 февралга қадар қолдирилган. Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг 3 март куни бўлим давлат ижрочиси холислар иштирокида департаментнинг вилоят бошқармасига бориб ўрганилганда, департаментнинг молия ва хўжалик бўлими бошлиғи О.Шарипов фуқаро Ш.Насриддиновга қайтарилиши лозим бўлган пул маблағлари департаментнинг депозит ҳисоб рақамида мавжуд эмаслигини маълум қилган. Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилган. Шу кунга қадар ушбу пулларнинг тақдирини ўрганиб чиқиш мақсадида ижро ҳаракатлари 3 мартдан 13 мартга қадар кейинга қолдирилган.

Жорий йилнинг 3 апрель куни департаментнинг Андижон вилоят бошқармасига такроран борилганда, молия ва хўжалик бўлими бошлиғи О.Шарипов ҳамда ғазначи У.Мирбобоев иштирокида ғазна бўлими ва депозит ҳисоб рақамлар кўздан кечирилди. Шунда бошқарма ҳисоб рақамида фуқаро Ш.Насриддиновга қайтарилиши лозим бўлган 91 миллион 550 минг сўм пул маблағлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Ҳолат юзасидан яна далолатнома расмийлаштирилган. Фуқаро Ш.Насриддиновнинг вилоят прокуратурасига ёзган аризасига кўра, 2020 йил 11 апрель куни Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилган.

Хизмат текшируви хулосасига кўра, бюронинг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси ҳаракатларида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмагани аниқланган.

Мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Андижон шаҳар прокуратурасига юборилган бўлиб, ҳозирда шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейди Нодирбек Ҳакимов. 

Таажжубли ҳолат. Аслида, давлат органлари қонун талабларини ўз вақтида бажариб, фуқароларга ўрнак бўлишлари керак. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармаси эса фуқаронинг ўз пулларини вақтида қайтара олмаяпти.

Бу ҳолат бўйича мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.

Kun.uz мухбири Сарварбек Назаров    

Мавзуга оид