Андижон воқеалари, ички ишлардаги «тозалаш» ва милиция қандай ишлаши ҳақида. Зокиржон Алматов билан катта интервью
Андижонда қўлга олинган фуқаро ИИБ ходимлари томонидан қийноқлар қўлланиши оқибатида вафот этиши кенг муҳокамага сабаб бўлди. Мана шу воқеа, умуман ички ишлар органлари атрофидаги бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида 1991-2006 йилларда Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган, айни дамда вазир маслаҳатчиси ҳисобланган генерал-полковник Зокиржон Алматов билан суҳбатлашдик.
– Келинг, суҳбатни бугунги куннинг долзарб мавзуси ҳисобланган пандемия ҳақидаги савол билан бошласак. Бу ҳолат Ички ишлар вазирлигини ҳам «оёққа турғазган». Бутун дунёга тарқалган пандемия вақтида ходимларнинг ҳолати қандай? Сафарбарлик қай даражада?
– Аввало бу вазиятда халқимизга сабр тилайман. Ҳозир ички ишлар идораларининг кўплаб ходимлари касалликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш ишларига сафарбар қилинган. Аксар ходимларимиз бу вазифани сидқидилдан бажармоқда.
– Одамлар ички ишлар ходимлари фаолиятининг фақат юзини кўради. Бу касбнинг биз билмаган томонлари, қийинчиликлари, ходимларнинг одамлар билмайдиган иш тартиби ҳақида гапириб берсангиз.
– Оддий вақтларда, масалан, пандемия бўлмаган, Сардобадаги ҳалокат бўлмаган вақтда биз ҳукумат қарорларига асосан ишимизни ташкил этамиз. Кейинги пайтларда «хавфсиз пойтахт», «хавфсиз ҳудуд» тушунчалари пайдо бўлди. Бу жиноятчиликнинг, аввало уюшган жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган. Ҳозирда шаҳарларимизда, шаҳарчаларимизда уч сменали ишлар ташкил этилган.
Шу ўринда бир нарсани айтмоқчиман, бу гапни халқ билан учрашувларда ҳам айтганман: ички ишлар ходими ҳам шу халқнинг вакили, оддий деҳқон, оддий тадбиркор, оддий ишчининг фарзанди. Унинг ҳам ўз оилавий муаммолари, қийинчиликлари бор. Ички ишлар ходими ҳам бошқа ишчилар каби 2,5-3 миллион ойликка ишлайдиган одам. Аммо унинг кун тартибидаги иши учун вақт белгиланмаган.
Биз ички ишлар идораларига ишга кираётганда қасамёд қилганмиз. Қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар кун тартибига риоя қилиш деган нарса йўқ деган мазмунида. Кеча-ю кундуз ўз вазифамизни бажарамиз, деб қасамёд қилганмиз. Унда халқимизнинг тинчлиги учун керак бўлса жонимизни фидо қиламиз, деб қасамёд қилганмиз.
Ички ишлар ходимлари фаолиятининг қийинлиги ҳақида гапирганда бир нарсани таъкидламоқчиман. Ҳозир ёшларнинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кўп содир бўляпти ва аксар ҳолларда бунга атрофдаги одамлар томошабин бўлиб қараб турибди. Пандемия вақтида бунга ўхшаш ўнлаб ҳолатлар кузатилди. Ваҳоланки, биз ҳукуматнинг топшириғини бажаряпмиз. Ахир биз одамларга «ҳурматли ҳайдовчи» ёки «ҳурматли фуқаро» деб мурожаат қиляпмиз. Бизга одамларга қўполлик қилмаслик ҳақида кўрсатмалар берилган.
Яқинда Сирдарёда бўлган воқеани олайлик. Ходим ҳайдовчини тўхтатиб гувоҳнома сўраяпти, ҳайдовчи эса милиция ходимининг қўлидан ушлаб олиб машинасида судраб кетган. Пандемия вақтида ниқобсиз кўчада юриш, кимнингдир уйида қиморбозлик ташкил этиш ёки фоҳишабозлик билан шуғулланиш... Булар нафақат жиноятга, балки касаллик кенг тарқалишига олиб келади. Шу ўринда халқимиздан илтимос қилиб қоламан, ёшларимизга тўғри йўл кўрсатайлик.
Яқинда бир ҳайдовчи ходимдан сўраяпти: «Сен шу маршрутга қўйилганмисан ёки бошқа ерда ишлашинг керакми?» деб. Бир нарсани унутмаслик керак, ички ишлар ходимининг олдига ҳар қандай вақтда формадами ёки бошқа ҳолатда жиноятнинг олдини олиш вазифаси қўйилган!
– Халқимизда қарс икки қўлдан чиқади деган гап бор. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Халқимиз орасида милицияга қаршилик қилиш ҳолатлари учрагани каби ички ишлар органлари ходимлари орасида ҳам қўполликка йўл қўядиганлар учраб турибди. Биргина ходимнинг иши одамлар томонидан бутун бошли вазирликни қоралашга сабаб бўлиши мумкин. Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар қилинмоқда.
– Афсус билан айтаман, бизнинг ходимлар орасида ҳам ўзини тута олмайдиган, ўз лавозимини ўйлайдиганлар учраб туради. Яқинда Андижонда бўлган воқеани надомат билан гапираман... Бир йигит ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатининг қурбони бўлди. Бу худбин, ички ишлар ходимларининг номига доғ туширган одамлар кеча-ю кундуз ишлаётган бошқа ходимларнинг обрўсига путур етказди. Улар милицияга хоинлик қилди.
Ички ишлар раҳбарияти, Андижон вилоят ИИБ, Андижон вилоят ҳокимлиги вафот этган фуқаронинг уйига бориб ҳамдардлик билдиришди, узр сўрашди. Афсуски бундай воқеалар бўлиб турибди. Бунақа ходимларга қарши кескин чора кўрилмоқда. Уларни ишдан ҳайдаш, керак бўлса қонуний чора кўриш вазифаси берилган. Бундай ҳодимлар аввал ҳам жазоланган, бундан кейин ҳам жазоланади.
Биз ходимларимиз билан учрашувда доим айтамиз: сен мана шу халқнинг вакилисан, оддий оилада вояга етдинг, нима мақсадда органга ишга кираяпсан? Бойиш учун, кимнидир қасддан қамаш учун бўлса, бошқа жойга бор, халқнинг хизматини қилмоқчи бўлсанг, сендан яхши ички ишлар ходими чиқади, деймиз.
Биз ҳар икки йилда ходимларимизни шаҳодат тестидан ўтказамиз. Уларнинг руҳий ҳолатини аниқлаш учун тестлар қиламиз. Шундай бўлса-да, ўз манфаатини ўйлайдиган ходимлар ҳамон учраб турибди. Биз тизимни бундайлардан тозалаш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Ички ишлар вазирлигининг обрўси битта ходимнинг ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Жиноят қилган одам ҳам шу халқнинг фарзанди. У ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди. Қанақадир омиллар сабаб бўлади, балки эҳтиёткорлик сабаб жиноят содир этгандир. Нима учун уни инсон деб билмасдан азоблаш керак? Биз ишчиларимизга «Мақсадинг одамларни қамаш бўлса, сенга бизнинг орамизда жой йўқ, кемадан тушиб қол деяпмиз».
– Бир гапни кўп эшитганмиз, ҳатто баъзан йўл ҳаракати қоидасини бузиб қўйганимизда тўхтатган ходим ҳам ҳазил аралаш «план бор», деб айтиб қолади. Яъни, терговчида ҳам план бор, ЙҲХХда ҳам план бор, қўлимизга эрталабдан шунча протоколни бериб чиқарворишди, деб айтишади. Бу кўпроқ жарима солиш, одамларни кўпроқ жазолашга сабаб бўлмаяптими?
– Бунақаси аввал ҳам бўлган. Баъзи раҳбарлар ўз ишини самарадор қилиб кўрсатиш учун шундай қилади. Мен вазир бўлган вақтда ҳам бундайлар бор эди, балки ҳозир ҳам бордир. Лекин Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бунга қарши курашади. Бугун нечта протокол қилдинг, бугун нечта маст топдинг, деб сўроқ қилинадиган ҳолатлардан йироқмиз. Бизнинг асосий вазифа тинчликни, кўчаларда одамлар ўлмаслигини таъминлаш.
Шу йил давомида 630дан ортиқ одам автоҳалокат сабаб ҳалок бўлди. 1,5 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Нима учун? Кимдир қоидани бузгани ёки техника носоз бўлгани учун. Ким ўлганларнинг бола-чақасига жавоб беради? Шунинг учун йўлдаги ходимлар масъулият ҳис қилишади. Тўғри, биз ходимлардан уларнинг ҳудудида содир бўлган авариялар учун ҳисоб сўраймиз, аммо бугун неча кишини жаримага тортдинг, деб сўрамаймиз. Бунга барҳам берилди.
Менимча, ҳайдовчилар ҳам муносабатини ўзгартириши керак. Ахир ўз вазифасини бажараётган ходимга фақат ёмон гапиришса, уни ҳурматсиз қилишса, у бепарво бўлиб қолади. Шу сабаб биз ходимларга бепарво бўлманг, деймиз. Баъзан бизда ҳам учраб туриши мумкин, биз ҳам одаммиз, юрагимиз, қалбимиз бор, аммо биз ҳам менга деса ёниб кетмайдими, деб ўтиб кетадиган бўлсак, нима бўлади? Шу сабаб ходимларни ҳимоя қилиш вазифаларимиздан бири. Ходимимизни ҳимоя қилолмасак, биз қанақа раҳбармиз?
Баъзи депутатларимиз ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш керак деяпти, лекин бизнинг тизимда президент фармонларига кўра ислоҳотлар давом этмоқда. Буни билиш учун президент фармонларини, қарорларини ўқиш керак. Ислоҳотлар ниманинг эвазига бўлмоқда? Аввало, давлатда қонун устуворлигини таъминлашга бўлган ҳаракат, халқимизнинг Аллоҳга ишониши, имони мустаҳкамлиги ва ходимларнинг меҳнати сабаб бугунги натижаларга эришяпмиз.
– Одамларни кечириш ҳақида гапирдик. Айтайлик, бир киши жиноят содир қилди, ички ишлар ходими уни жазоламай суҳбат ўтказиш билан чекланди ёки бўлмаса ўз ҳудудида жиноят кўпаймаслиги учун уни қайд этмади, хуллас кечирди. Аммо вақт ўтиб ўша одам жиноят содир этди. Мана шундай ҳолатлар учун ички ишлар вазирлигида қандай йўл тутишнинг аниқ тартиби мавжудми?
– Биласизми, одамнинг ичида нима борлигини билиш осон эмас. Инсонни ичида «шайтоннинг боласи» бор, ўша қўзғаб туради, шунинг учун кечиримли бўлиш керак. Аммо жиноят содир этганлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳам керак. Агар бу принцип юзага чиқмаса, адолатсизлик пайдо бўлади. Биз жиноятнинг даражасига қараймиз, агар у енгилроқ бўлса, яраштирув комиссияси тузиб унга маҳалла фаолларидан бирор кишини бириктириб қўямиз. Шунинг учун ҳозир маҳалланинг роли катта бўлиб боряпти, бутун бошли вазирлик тузилди.
Исроил 1960-йилларда 30 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиққан. Ана шу дастурда ҳалқнинг ҳуқуқий саводсизлигини йўқотиш бўйича ҳам режа бўлган. Биз учун ҳам одамларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим. Одамлар қилаётган ишининг ҳуқуқий оқибатини тушуниб етсагина қонун устуворлигига, жиноятчилик камайишига эришишимиз мумкин.
– Сиздан 2005 йилги Андижон воқеалари ҳақида сўрамасак бўлмайди...
– Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички ишлар вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғ олди? Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?
Биз уларга чиқиб кетинглар, дедик. Адашмасам, милиция ва прокуратура ходимларидан 34 нафар ҳалок бўлганди. Тез ёрдам ходимлари отиб ташланган. Одамларни бўйнига сиртмоқ солиб олиб чиқиб кетишмоқчи бўлишди. Тинч аҳолига ўқ узилган дейишади, йўқ, 12 соат олдин уларнинг 600-700 нафар оила-аъзоларини Қирғизистонга чиқариб юборганмиз.
Булар келаётганда ҳарбий қисмдаги капитанни отиб қўйишган. Кейин оддий аскарлар нима қилади? Икки томон ўртасидаги отишма сабаб битта жойда 100 киши ўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган. Жами 187 киши ўлган. Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман, бу аниқ рақамлар.
30дан ортиқ журналист Ўзбекистондаги воқеани ёритамиз деб Қирғизистон чегарасида пайдо бўлганди. Улар қаердан келиб қолди? Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда фуқаролик урушини уюштириш учун қилинган ишлар эди...
Бобур Акмалов суҳбатлашди
Оператор ва монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024