Жаҳон | 08:14 / 21.06.2020
7285
2 дақиқада ўқилади

Фейсбук Трампнинг видеопостини ўчирди

Дунёдаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири Фейсбук АҚШ президенти Дональд Трамп ўз саҳифасида эълон қилган видеони ўчирди.

Фейсбук маъмуриятига Трамп эълон қилган видео юзасидан муаллифлик ҳуқуқи бузилиши ҳолати борлиги ҳақида шикоят тушган. Шундан сўнг фейсбук видеони ўчирган. Маълум бўлишича, Трамп ўз саҳифасига жойлаган видео бошқаларга тегишли бўлган ва АҚШ президенти уни «ўғирлаб» олган.

Politico газетасида ёзилишича, Трамп ўз саҳифасига жойлаган видео Jikin Media компаниясининг ҳамкорларидан бирига тегишли бўлган ва ҳеч ким ундан фойдаланишга рухсат олмаган. Ўз мулки бўлган видеодан рухсатсиз фойдаланилганидан хабар топган компания фейсбук маъмуриятига шикоят йўллаган. Ижтимоий тармоқ муҳаррирлари ҳолатни текшириб, АҚШ президенти чиндан муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги қонунларни бузганини аниқлаган ва Трампнинг саҳифасидан видеони ўчирган.

«Биз ушбу видеонинг эгаси бўлган компаниядан муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақида шикоят олдик. Текширганимизда Трамп муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги қонунни бузиб, бошқаларга тегишли бўлган видеони ўз саҳифасига жойлагани тасдиқланди. Шундан сўнг видеони унинг саҳифасидан ўчирдик», деган фейсбук вакили нашрга.

Дональд Трамп муаллифлик ҳақуқини бузиб, фейсбук саҳифасида жойлаган видео CNN телеканалида кўрсатилган кадрларга жуда ўхшаш бўлган. Видеода қора танли бола оқ танли боладан қочиб кетади ва «қўрқиб кетган бола ирқчи боладан қочиб кетди», деган ёзув пайдо бўлади. Трамп ҳозирча видеони «ўғирлаб олгани» ҳақидаги гапларга ва фейсбук уни ўчирганига изоҳ бермади.

Маълумот учун, аввалроқ твиттер ижтимоий тармоғи ҳам Трамп томонидан ёзилган твитни ўчирган эди ва АҚШ президенти ёзган битта постни «ёлғон» деб белгилаганди.

Мавзуга оид