«Сайёҳларга минглаб доллар шунчаки бериб юборилмайди» – Азиз Абдуҳакимов 3 минг доллар ҳақидаги шов-шувлар ҳақида
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемия шароитида туризмни жонлантириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар, нима учун Ўзбекистонга келиб коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3000 доллар берилиши эълон қилингани, галдаги режалар ҳақида сўзлаб берди.
«Мақсадимиз – туризмни жонлантириш»
«Кучайтирилган санитария-эпидемиологик хавфсизлик режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда туризм соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3 минг доллар миқдорида компенсация тўлаб берилиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Истардимки, юртдошларимиз бу қарор билан яхшироқ танишишсин.
Чунки қарорда мамлакатимизда туризмнинг қайта оёққа туриши учун сув ва ҳаводай зарур бўлган бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган бўлиб, бу кўпчиликнинг эътиборини тортган «3000 доллар масаласи»дан анча муҳимроқдир. Чунки бу чора-тадбирлар эртага кўзланган натижасини берадиган бўлса, аҳолимизнинг даромади кўпаяди, янги иш ўринлари юзага келади, бунинг оқибатида давлат ғазнасига тушум ортади. Мақсадимиз – ҳозирги қийин шароитда туризмни жонлантириш.
Ўзбекистонга келиб коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3 минг доллар миқдорида компенсация тўлаб берилишига изоҳ беришдан олдин битта нарсани - туризм энг аввало PR эканини эслатиб ўтмоқчиман. Яъни Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёда тарғибот қилишимиз керак. Шу маънода президент қарорида кўзда тутилган бу тадбир аслида ўзига хос «PR юриш» эди. Ҳозирги вақтда дунёда сайёҳларни жалб қилиш учун Ўзбекистон томонидан кўрилган ушбу чора жуда катта резонансга сабаб бўлмоқда, халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Демак, Ўзбекистонни PR қилиш учун қўйилган ушбу қадам ўзининг натижаларини бера бошлади.
«Нима учун айнан 3000 доллар?! »
Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар коронавирусга чалиниб қолгудай бўлса, нима учун айнан 3000 доллар тўланиши кераклиги, бу миқдор қаердан олингани кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Аслида буни ошкор қилмоқчи эмасдик, майли, муҳокамалар шунчаликка бориб етибди, жамоатчилик билиши учун бунинг сабабини тушунтириб бераман.
Хабарингиз борки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган бир нафар беморни даволаш учун давлат 32,3 млн, касаллиги оғир кечаётган ҳар бир бемор учун эса 64,4 млн сўм харажат қилинаётгани маълум қилганди. Ушбу харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланмоқда. 32 млн сўмни долларга ўгирадиган бўлсак, 3000 доллардан ошади. Мана қаердан олинди бу миқдор!
Нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки чет эл давлати фуқаросининг мамлакатимиз ҳудудида коронавирусга чалингани аниқлангудек бўлса, у индамасдан қўйиб юборилмайди, аввал даволаниб, кейин юртига қайтишига ёки сафарини давом эттиришига рухсат берилади. Айна пайтда коронавирус аниқлангани учун бир қанча халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари, қўшни ва хорижий давлат фуқаролари Ўзбекистондаги карантин зоналарида сақланмоқда ёки шифохоналарда даволанмоқда.
Демоқчиманки, бирор-бир хорижликнинг коронавирус инфекциясини юқтиргани Ўзбекистон ҳудудида маълум бўлса, шундоғам уни даволаган бўлардик. Бу дегани унинг даволаниши учун камида 32 млн сўм сарфланган бўларди. Аслида бу бутун дунёда кузатилаётган табиий жараён, нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар ҳам коронавирусга чалинган чет эл фуқароларини имкон қадар даволашмоқда. Буни айни дамда хорижда бўлиб турган юртдошларимиз ҳам тасдиқлашлари мумкин.
Мана шундай вазиятда, карантин чекловлари секин-аста юмшаётганидан фойдаланиб, ўзига хос усулда дунё жамоатчилигининг эътиборини Ўзбекистонга қаратишни истагандик, холос. Бу бизнинг ўзига хос ноу-хаумиз бўлди ва бу ҳаракат ўз натижасини бера бошлади.
«Сайёҳларга 3000 доллар шунчаки бериб юборилмайди»
Авваламбор, Ўзбекистонга келадиган сайёҳларнинг коронавирус инфекциясини юқтирмасликлари учун зарур барча профилактик чоралар кўрилишини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Президент қарорида ҳам масаланинг бу жиҳати белгилаб қўйилган.
Сайёҳлар борадиган жойлар мутасадди ташкилотлар томонидан эпидемиологик жиҳатдан текширувдан ўтказилади, дезинфекция қилинади. Сайёҳлар белгиланган барча санитар-гигиена талабларига риоя қилинган муассасаларгагина олиб борилади.
Бироқ қарорни тўлиқ ўқимасдан, унинг мазмунидан яхши хабардор бўлмасдан айрим юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда «Ҳозирги мураккаб шароитда шу керакмиди, ҳар бир сайёҳга нақд 3 минглаб доллар бериб юбораверилса, ғазнада пул қолмайди-ку, ундан кўра ўша пулни карантин даврида ишсиз қолиб қийналган халққа тарқатиш керак», деган мазмунда изоҳлар қолдиришмоқда. Уларга шундай деган бўлардим: Хотиржам бўлинг, мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳларга минглаб доллар пул шунчаки бериб юборилмайди.
Юқорида айтиб ўтганимдай, бу ишга айнан карантин даврида доимий даромадидан айрилган, маълум муддат ишсиз қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида қўл урилди. Ўзбекистонга келадиган биргина сайёҳ ортидан қанча одам нон ейиши, қозон қайнатиши мумкинлигини ўзингиз бир ўйлаб кўринг!
Энди энг ёмон сценарийни ҳам тасаввур қилайлик. Худо кўрсатмасин, PR-кампаниямизга қизиқиб Ўзбекистонга келган сайёҳда коронавирус аниқланди. Унда нима бўлади? Унга компенсация тўлаб берилади, бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекини бор. Бундай вазиятда, яъни коронавирусга чалингани маълум бўлган ҳар қандай одам хоҳласа-хоҳламаса Ўзбекистонда даволанади. Даволаниш учун ўша пулни сарфлашига тўғри келади. Чунки давлат касалликни юқтиргани учун товон пули бергандан кейин уни даволаш борасидаги мажбуриятидан соқит бўлади.
Шундай қилиб, сайёҳга компенсация сифатида берилаётган 3 минг долларни даволаш харажатлари учун давлат яна ўзига қайтариб олади. Яъни мантиқан ўйлаганда бирорта сайёҳ ўзи билан бу 3000 долларни юртига олиб кета олмайди, охирида яна ўзимизга ташлаб кетади, давлат ютқазмайди.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, бу махсус PR-технологиялар орқали мавжуд вазиятдан оқилона фойдаланишва карантиндан сўнг секин-аста дунёга очилаётган Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш ниятидамиз.
«Хорижлик сайёҳга коронавирус юқишига маҳаллий тадбиркорлар сабаб бўлиб қолса...»
Республика махсус комиссиясининг қарори билан тадбиркорлик субъектларида белгиланган санитария талабларига риоя этилмаслиги оқибатида коронавирус аниқланса, бу объектлар ва шахсларни карантинга олиш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши маълум қилинган эди. Ўзи аслида мамлакат миқёсида карантин чекловлари юмшатиб борилмоқда. Лекин афсуски, кўп жойларда юртдошларимиз буни бошқача тушунишмоқда, зиммасидаги мажбуриятларни бажаришмаяпти, натижада касаллик айрим ҳудудларда қайта авж олмоқда.
Энди кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган юқоридаги қарорга тўхталадиган бўлсак, карантин чекловлари юмшатилиб, кимнингдир фаолиятига рухсат берилди дегани бу касаллик тугаганини англатмайди. Аксинча, фаолиятини қайта бошлаган субъектлар зиммасига муайян санитария талабларига риоя этиш вазифаси юклатилган. Бордию ана шу қоидаларга амал қилмаслик натижасида кимларгадир коронавирус инфекцияси юқиб қолгудек бўлса, зиммасидаги мажбуриятларга масъулиятсизлик билан қарагани, кўпчиликнинг саломатлигига хавф туғдирганининг товонини тўлашга мажбур. Бундай бўлмаслиги учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш кифоя.
«Хорижлик сайёҳга коронавирус юқишига маҳаллий тадбиркорлар сабаб бўлиб қолса, нима бўлади?» деган саволнинг жавоби кўпчиликни қизиқтираётгани шубҳасиз. Шуни ишонч билан айтишим керакки, бундай бўлмайди. Юқорида айтганимдай бундай бўлишининг олдини олиш мақсадида зарур барча чоралар кўрилади, барча имкониятлар ишга солинади. Карантин даврида Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар дуч келган жойга овқатланишга, тунашга олиб борилмайди, уларнинг вирус юқтирмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.
«Ўзбекистонга кўпроқ сайёҳларни олиб келишимиз керак»
Режаларимиз, ўйлаб қўйган ишларимиз кўп. Халқаро туризм бозорида юқорироқ поғоналарга чиқмоқчимиз, Ўзбекистонга кўпроқ сайёҳларни олиб келмоқчимиз.
Пандемиядан кейин секинлик билан бўлса-да, халқаро туристик бозорлар очила бошлади, кўплаб давлатлар халқаро парвозларга рухсат бериб, чегараларини очмоқда. Биз ҳам бу борада кўплаб мамлакатлар билан икки томонлама музокараларни олиб бормоқдамиз. Жумладан, Исроил, Япония, Жанубий Корея, Хитой билан парвозлар тикланиш арафасида. Айни пайтда улар билан масаланинг айрим жиҳатларини келишмоқдамиз. Бир сўз билан айтганда, халқаро парвозлар учун очилишга тайёрланяпмиз.
Қачондир пандемия тугайди, аммо у қачон тугашини кутиб ўтирмасдан шу шароитда ишлашни ўрганишимиз керак.
Шу ўринда блогер ва влогерлар, оммавий ахборот воситалари вакилларидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб қиладиган, чет элликларда мамлакатимизга нисбатан қизиқишни кучайтирадиган материаллар, видеоларни кўпроқ тайёрлаш ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишларини сўраб қолардим. Уларнинг ёрдамига ҳар қачонгидан кўра муҳтожроқмиз.
Айни пайтда дунё мамлакатлари сайёҳларни ўзига жалб қилиш учун турли тарғибот усулларидан фойдаланмоқда. Масалан, Японида ҳукумати ички ва ташқи туризм йўналишидаги ҳар бир сайёҳ учун 185 доллардан пул тўлашга тайёрлигини маълум қилган. Биз ҳам бошқалардан қолишмаслигимиз, аксинча, қолганларникидан қизиқроқ, афзалроқ таклифлар билан сайёҳларни Ўзбекистонимизга чорлашимиз керак бўлади.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Мавзуга оид
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
09:49 / 13.12.2024