«Форель балиғини ҳар бир дастурхонга етказиб бермоқчимиз» — Намангандаги интенсив балиқчилик лойиҳаси ҳақида
Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи доирасида Учқўрғон туманидаги «DB Group Eco» МЧЖ томонидан интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишдик.
Корхона таъсисчиси Азизбек Даминовнинг сўзларига кўра, давлат раҳбарининг 2018 йилдаги ташрифи вақтида ушбу лойиҳа тақдимоти ўтказилган.
«2018 йил май ойида давлат раҳбарининг ташрифи пайтида лойиҳамизни тақдимот қилган эдик. Ишимиз маъқул бўлгани учун бизга 20 гектар ер майдони ажратилди ва интенсив балиқ хўжалигини йўлга қўйиш топшириғи берилди.
Ўша йил охиригача 5 гектар майдонда лойиҳамиз иш бошлади. Кейинги йил бошидан эса Даниядан балиқ увилдириқларини олиб келиб етиштиришга киришдик. Орадан бир ярим йил ўтгач, илк маҳсулотларимизни ола бошладик. Лойиҳамизда йилига 2 минг тонна форель балиғини етиштириш режа қилинган. Ҳозир республиканинг йирик савдо тармоқларига балиқ етказиб бериш билан шуғулланяпмиз.
Ҳокимлигимиз бизга яна 50 гектар қўшимча ер ажратиб берди. Биз бу ҳудудда қўшма корхона ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бу корхонада бир гектаридан 10 тонна маҳсулот оламиз ва лойиҳа 2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилган.
Айни пайтда биз супермаркетларга юбораётган форель балиғининг 1 килограми 50 минг сўм атрофида. Олдин бу нарх 100 минг сўмдан кам эмасди. Экспорт учун берилаётган имтиёзлар туфайли хориж бозорига 4 доллардан экспорт қилиниши режалаштирилган. Йилига 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мақсад қилинган.
Алоҳида ишлаб чиқариш цехимиз ҳам бор ва унда форель музлатилган ҳолда, шунингдек, совуқ ва иссиқ дудланган, филе ва кам тузланган ҳолатда ички бозорга чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Наманган табиати ҳам балиқ етиштириш учун жуда мос. Бу ҳам бизга ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ёрдам беради. Жойимиз ҳам жуда қулай, Норин дарёсидан сув оламиз ва оқиб ўтган сув яна шу дарёга тушаверади», – деди корхона таъсисчиси.
Корхона фаолияти билан танишарканмиз, бу ерда лосось балиғи ҳам етиштирилишига гувоҳ бўлдик. Форель ҳам, лосось ҳам анча ноёб балиқлар турига киради. Қолаверса, ҳар иккиси ҳам жуда нозик, фақат маълум шароитдагина ўсиб кўпаяди.
Норин дарёсининг Учқўрғон туманидан ўтган қисми «DB Group Eco» корхонаси томонидан бежиз танланмаган. Ҳар икки балиқ ҳам махсус яратилган ҳовузларда кўпайтирилмоқда.
«Ҳудудимизнинг ўзига хос жиҳати – хонбалиқ деб аталадиган форель табиий шароитда ҳам учрайди, балиқчиларимиз овлаб туришади. Лекин бизнинг истагимиз – бутун Ўзбекистон халқи шу неъматни суйиб тановул қилсин. Балиқчилик ривожлангани сари бундай имкониятлар кенгаяверади.
Давлат раҳбари ҳам корхонамизга ташрифи чоғида ҳар бир хонадон дастурхонига бу маҳсулот етиб бориши зарурлигини алоҳида таъкидладилар», – деди Азизбек Даминов биз билан суҳбатда.
Учқўрғон туманидаги бу тажриба Наманганнинг Мингбулоқ, Уйчи, Поп ва Норин туманларида ҳам турли шаклда татбиқ этилиб, салкам 300 миллиард сўм қийматга эга 75та янги лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
07:34 / 23.12.2024
40 млн сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушланди
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024