Комил Алламжонов ўзбек журналистикасидаги энг катта иккита муаммо ҳақида гапирди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов UzReport телеканалига интервью берди.
Бугун ўзбек журналистикасининг энг катта муаммоси нимада, дея берилган саволга жавобан Алламжонов иккита масала ҳақида тўхталиб ўтди.
«Соҳанинг ичидан қарайдиган бўлсак, албатта, кадрларнинг савияси. Чунки журналистика соҳаси, умуман, блогерлик деймизми, улар трендда бўлмаган соҳа бўлган. Соҳадан фақатгина шу газета-журнал, телевидение ва радио учун мутахассислар етказиб берилган. ОАВларнинг кўпчилиги давлат тизимига тегишли бўлган, хусусий сектор бўлмагани учун у ерда уларнинг қадри баланд бўлмаган.
Энди, мана, 2016 йилдан буён сўз эркинлиги кенг жорий қилиниши, умуман, журналистика ва ОАВга эътибор ўзгаргани учун ҳам журналистларнинг мавқейи ошиб бормоқда. Лекин ўз ўрнида уларнинг олдида турган ўша муаммо — кадрлар савияси, етук кадрлар етишмаслиги битта масала.
Иккинчиси – давлат органларининг журналистлар фаолиятига нисбатан тушунчаси етишмаслиги. Бугун шундай ажойиб бир ҳолатки, хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, очиқликсиз ишлай олмаймиз.
Иккита йўлимиз бор: ёки матбуот билан ишни ташкил қилиб очиқ бўламиз, матбуот сўраган маълумотни ўз вақтида берамиз, матбуотда кўтарилган муаммонинг ечимини ўз вақтида топамиз, матбуот кўтарган масалаларга зудлик билан муносабат билдирамиз. Ёки улар билан ишламаймиз.
Унда нима бўлади? У ҳолда ёлғон маълумотлар кўпаяди, чунки бугун шунақа замонда яшаяпмизки, агар журналист ва блогернинг оғзини ёпсангиз, ҳақиқатни кўтараётган одамларнинг фаолиятини тўхтатаман десангиз, бу билан муаммо ечилмайди.
Оғизни ёпишга уринсангиз, бу касбни танлаган одам соҳани тарк этмайди, у анонимга айланади ва сўнгра Фейсбукда пайдо бўлади. Фейсбукни ўчириб қўйсангиз — у Инстаграмга боради. Инстаграмни ўчириб қўйсангиз — у Твиттерга боради. Твиттерни ўчириб қўйсангиз — у Телеграмга боради. Уни ҳам ўчириб қўйсангиз, Шимолий Корея бўламиз, қўямиз.
Бошқа йўлимиз йўқ, ягона йўл бу — матбуот билан ишлашни зудлик билан ўрганишимиз шарт», – деди Комил Алламжонов.
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
22:07 / 03.12.2024