Ўзбекистон | 12:13 / 27.06.2020
39176
7 дақиқада ўқилади

Қиймати 24 миллиард сўмга тенг, йилига ишлаб чиқариш ҳажми эса 10 миллиард сўм – Намангандаги олти ака-ука бош қўшган тикувчилик корхонаси

Наманган тўқимачилик соҳасида, айниқса турли-туман костюмлар соҳасида Ўзбекистонни забт этиб, хорижга ҳам катта ҳажмда экспорт қилаётганини яхши биламиз. Давлат раҳбарининг Наманганга ташрифи доирасида бир гуруҳ журналистлар “Юксалиш” кичик саноат ҳудудида жойлашган тикувчилик корхонасида бўлдик.

Шавкат Мирзиёев кичик саноат ҳудудидаги эркаклар костюми, куртка ва пальто ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Zamin kiyim sanoat» корхонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Қиймати 24 миллиард сўмга тенг лойиҳага кўра йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортга чиқарилади. 300 киши иш билан таъминланади.

Исматилла Усмонов, корхона таъсисчиси:

– Бу саноат ҳудуди ўрни яқин йилларда ҳам қақраб ётган даштлик бўлган. Қўли гул инсон меҳнати самараси билан бу ерда улкан ишлаб чиқариш объектлари барпо этиляпти. Шулардан бири кўп турдаги маҳсулотлари билан ички ва ташқи бозорда ўз ўрнига эга бўлган Usman Brothers брендини илгари сураётган «Zamin kiyim sanoat» тикувчилик корхонамиз.

·        “Юксалиш” кичик саноат ҳудуди 117 гектар майдонни эгаллаган. Мазкур саноат мажмуасида қурилиш материаллари, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, электротехника, тўқимачилик ва тикувчилик каби йўналишларда умумий қиймати 1 триллион 208 миллиард сўмлик 95та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бугунги кунгача 66,9 миллиард сўмлик 32 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 311,1 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватига эришилди. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга тушса, 7 минг 300та иш ўрни яратилиб, йилига 7,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади.

Давлат раҳбарининг ўзи ишлаб саноатни яхши тушуниши соҳамизга оид кичик масалаларгача қизиқиб сўрашидан билинади. Бизга ташриф чоғида ҳам президентимиз хомашё қаердан олинаётгани, маҳаллийлаштириш фоизлари, иш ўринлари яратиш режалари билан қизиқди. Тикувчиларимиздан ҳам ҳол-аҳвол сўраб кўнгилларини кўтариб қўйди. Асосий ишларни бажарувчилар шуларда, хурсанд бўлиб қолишди.

Шунингдек давлатимиз раҳбари келгуси режаларимиз билан ҳам қизиқди. Ишлаб чиқариш ҳажмини яқин йиллардаёқ камида икки карра оширишимиз бўйича маълумотларни тақдим қилдик. Насиб қилса, бу режаларни ҳам амалга ошириб юзимиз ёруғ бўлади.

Исматилла Усмоновдан текстиль соҳасида Наманган вилояти олдинлаб кетиши сири ҳақида сўраганимизда қисқа қилиб жавоб берди:

– Шаҳримиз азалдан тикувчиликда илғор бўлган. Бунинг сири оддий – меҳнат. Наманганни ҳозир бежиз “Текстиль пойтахти” дейишмайди. Кўз тегмасин, тикувчиларимиз маҳорати дунёнинг ҳар қандай нуқтасида хижолат қилмайдиган даражага етиб қолди. Биз олти ака-укамиз ва дадамиз бошчилигида асосан шу йўналишда тадбиркорлик қиламиз.

Темур Ҳошимов, менежер:

– Тикув цехида дастлаб 30-40 киши билан иш бошлаганмиз. Иш кўлами кенгайиб боргандан кейин, давлат томонидан қўшимча имтиёзлар берилди, бепул ер ажратилди, кредит маблағлари имтиёзли асосда таъминланди.

Ҳозир ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичида 200 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Кейинчалик фаолиятимизни кенгайтирган ҳолда, иккинчи босқични ишга тушириш ва яна 400 нафаргача ишчи ўрни яратишни мақсад қилганмиз.

Цехга туташ ер ҳам бизга ажратилган, бу ерда ҳам бир ярим йил ичида аёллар кийимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги цехни ишга тушириш кўзда тутилган. Ҳозир ҳам бу ердан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхона қурганмиз, экин етиштирилмоқда.

Цехда эркаклар костюм-шимлари, пальто, нимча ва курткалари тайёрланади. Барча технологиялар юқори сифатли – Италия ва Японияники.

Тайёр маҳсулотнинг 90 фоизини экспортга – асосан Европа бозорига йўналтиришни мақсад қилганмиз. Чунки технологияларимиз бунга жавоб беради. Дизайнер, тикувчи, модельерларнинг барчаси юқори малакага эга мутахассислар.

Европа талабларига мослашиш учун сифат сертификатини олиш, фирмамиз номи билан ўз брендимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш ниятидамиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманганда ўз брендимиз номи билан бутик-дўконлар фаолиятини йўлга қўйиш режамиз бор. Бундан ташқари “Зуҳро Юлдуз” бренди остида ишлаб чиқарилаётган сочиқларимиз ва чойшабларимизга буюртма жуда кўп, – деди Темур.

Корхона менежеридан болалар учун жуда кўп ҳажмда тикиб тайёрланаётган костюмлар бўйича ҳам сўрадик:

– Албатта, режамиз август ойига, мактабга тайёргарлик мавсумига тайёр маҳсулотни етказиб бериш. Умид қиламизки, мактаблар очилади, болаларимиз чиройли либосларда боришади. Умуман, халқимиз болажон, фарзандини чиройли кийинтириб завқланади. Демак маҳсулотларимиз ўз эгасини топади, – дея жавоб берди Темур Ҳошимов.

Корхона ҳудудида каттагина майдонни иссиқхона эгаллаган. Темур Ҳошимовнинг айтишича, тикув цехлари кенгайиши учун захира сифатида олинган ер бўш турмаслиги учун бу жойда иссиқхона қурилган. Усталар монтаж ишларини якунлаётган бу қурилиш жараёни билан ҳам қизиқдик.

Айнан иссиқхоналар қуриш ва уларда маҳсулот етиштиришга ихтисослашган хусусий тадбиркор Аюбхон Бойхонов жараён ҳақида сўзлаб берди:

– Биз қурган иссиқхона Жанубий Корея технологияларига асосланган бўлиб, қурилиши учун маҳаллий материаллардан фойдаланилган, тупроқ ҳам ўзимизники. Иссиқхонанинг инновацияси шундаки, самарадорлик жиҳатидан Кореяники билан бир хил бўлса-да, қуриш харажатлари уч баравар арзонга тушади. Мазкур типдаги иссиқхонанинг бир гектар майдонини маҳаллий хомашё асосида қуриш 100-150 минг АҚШ доллари атрофида бўлса, Кореяники 400-450 минг АҚШ долларига тушади. Шу нуқтаи назардан, ҳам нарх, ҳам маҳаллий материаллардан фойдаланишдаги қулайлик жиҳатидан ютиш мумкин.

Бошқа тадбиркорлардан ҳам бундай инновацион типдаги иссиқхонани қуриб бериш учун буюртма қабул қиламиз. Иссиқхонани қуриб, иситиш тизими ҳам тиклаб, ишга тушириб берилади. Водийда газ, электр токи муаммоси ҳамон мавжудлиги учун 20 йиллик фаолиятим давомида бунинг ҳам чорасини кўрганман. Иситиш тизими учун газ ва кўмирдан қозонхона қурилади. Қувурлар орқали буғ иситиш тизими уланади.

Ҳосил унумдорлигида ҳеч қандай фарқ йўқ. Биз асосан помидор, лимон, қулупнай, булғор қалампири етиштиряпмиз. Маҳсулотларимиз экспортбоп. Фақат маҳаллий уруғ майдароқ бўлгани, чатиштирув яхши эмаслиги боис, уруғни асосан хориждан олиб келамиз. Бу иссиқхоналарда йилига бир неча марта ҳосил олиш мумкин, – деди Аюбхон ака биз билан суҳбатда.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид