Ўзбекистон | 00:23 / 28.06.2020
176275
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли орасида аниқланган касалланиш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди

27 июнь куни Ўзбекистонда 255та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 7551 ҳолат) ва 202 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 5240 беморга жавоб берилган, 20 киши вафот этган, шифохоналарда 2422 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 7 ҳудудда - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 255 ҳолатдан 169таси карантин муассасаларида, 54таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 32 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+54)
Бугун аҳоли орасида аниқланган касаллар сони бўйича рекорд натижа қайд этилди - 54 бемор. Бунгача бир кунда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланиши бўйича энг юқори кўрсаткич 11 июнь куни қайд этилганди - 39 ҳолат. Сўнгги 10 кунда эса бу борадаги энг юқори кўрсаткич 24 июнь куни қайд этилган - 31 ҳолат.

Бугун аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 39 ҳолат. Бир кун олдин пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Чилонзор туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходимида, ички ишлар тизими ходими ва автосарой кондукторида вирус чиққан. Пойтахтда сўнгги марта 3 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланмаганди.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида яна 6 кишида вирус аниқланган. Вилоятда сўнгги ҳафталарда узлуксиз равишда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмоқда, бир кун олдин Қибрай ва Паркент туманларида, шунингдек, «Ғишткўприк» чегара пости навбатчи эпидемиологида вирус аниқланган.

Бугун Сурхондарё ва Сирдарёда аҳоли орасида 4тадан ҳолат аниқланди, Бухорода ҳам бир кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Карантин (+169)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 104 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 25 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 8 кишида вирус чиқди.

Сурхондарё вилоятида карантинга олинганлар орасида 22 киши вирус юқтириб олгани аниқланган, вилоятда бугун жами 26 ҳолат қайд этилиб, шу вақтгача касаллик тасдиқланиши ҳолатлари сони 100дан ошди.

Шунингдек, карантиндагилардан Сирдарё ва Навоийда 3 нафардан, Қорақалпоғистон ва Бухорода 2 нафардан киши вирусга чалингани маълум бўлган.

Ҳайдовчилар (+32)
Тошкент вилоятида 32 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (202)
Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жами 184 нафар бемор тузалиб чиқди, шунингдек, Хоразмда 18 нафар беморга жавоб берилган. Кун давомида 202 киши тузалиб чиқди ва бу рекорд ҳисобланади. Айни вақтгача жами 5240 бемор коронавирус инфекциясидан фориғ бўлган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2422 нафар бемордан 19 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

‼️Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 39 673 нафар, стационар карантинда эса 23 991 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. 

Мавзуга оид