Жаҳон | 22:32 / 29.06.2020
5463
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг собиқ бош вазири фирибгарликда айбдор деб топилди

Париж суди Франциянинг собиқ бош вазири Франсуа Фийон ва унинг рафиқаси Пенелопа Фийонни молиявий фирибгарликда айбдор деб топди. Суд чиқарган ҳукмда Фийон ўз рафиқасининг сохта ишга жойлаштирилишига жавобгар экани ва бу унга давлат бюджетидан миллион евродан кўпроқ маблағни ўзлаштиришга имкон бергани айтилган. 

Маҳаллий ОАВда таъкидланишича, Фийон ушбу иш бўйича 5 йилга (ундан 3 йили шартли) озодликдан маҳрум этилган, 375 минг евро жаримага тортилган ва унга 10 йил давомида мансабдор лавозимларни эгаллаш тақиқланган. Унинг рафиқаси 3 йиллик шартли қамоқ жазоси олган. Бундан ташқари, суд Фийоннинг собиқ ёрдамчиси Марк Жулони 3 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳамда 20 минг евро жаримага тортган. Бундан ташқари, уларнинг барчасига бюджетга ўзлаштирилган пулларни қайтариш мажбурияти қўйилган.

Айбланувчиларнинг адвокатлари суд қарорини адолатсиз деб атаб, унинг устидан арз қилишларини айтишган.

Фийонга қарши суд иши Canard Enchainé ҳажвий нашри тергов ўтказиб, унинг натижаларини 2017 йил январда эълон қилгандан кейин очилган. Журналистларнинг аниқлашича, собиқ бош вазирнинг рафиқаси Пенелопа Фийон 15 йил давомида ўз турмуш ўртоғининг парламентдаги ёрдамчиси сифатида рўйхатда турган, бироқ аслида ҳеч қандай ишни бажармаган. Ушбу можаро Фийонни президент лавозимига сайланиш имкониятидан маҳрум қилган ва бу Эмманюэл Макронга давлат раҳбари курсисини эгаллаш учун имкон берган.

Франсуа Фийон Франция бош вазири лавозимини Николя Саркози президентлиги вақтида 2007 йилдан 2012 йилгача эгаллаган. 

Мавзуга оид