Жамият | 16:31 / 29.06.2020
48575
2 дақиқада ўқилади

«Маъмурий қамоқ кор қилмаяпти» — Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари фоҳишаликка қарши кураш ҳақида

Тошкентда фоҳишаликка қарши кураш бўйича кўрилаётган чоралар таъсирчан эмас, деб маълум қилди шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, полковник Маҳкам Вафоев.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Тошкент шаҳрида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласига бағишлаб сенаторлар ва депутатлар иштирокида ўтган мажлисда сўз олган Маҳкам Вафоев пойтахтда фоҳишаларнинг фаолиятини тугатиш билан боғлиқ муаммоларни гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ҳар куни фоҳишаларга қарши тадбир ўтказамиз. Бир кунда 50га яқин фоҳишани йиғиб олиб келамиз. Олиб келгач, 3 соат ушлаб туришимиз керак, лекин кейин қаёққа олиб борамиз? Судгами? Судда шантаж, инсон ҳуқуқларини пеш қилишади. Жарима солсак, пулини тўлаб, чиқиб кетаверади.

Шаҳар милиция бўлимига олиб бориб, 3 соат ушлаб тургандан кейин нима қила оласан, деб шантаж қилади. Камига видеога олиб, интернетга ҳам чиқариб юборади. Маъмурий қамоққа олиш чораси белгиланди. Лекин қамоқдан чиққандан кейин ҳам яна ўша ишини бошлайди.

Бундай фаолият билан шуғулланаётганларнинг муҳокамасини маҳаллада ҳам ўтказамиз, лекин фойдаси йўқ. Уларнинг аксарияти бошқа ҳудудлардан келгани учун маҳалласида ҳеч ким танимайди», деди пойтахт ИИББ бошлиғи ўринбосари.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Мавзуга оид