Ўзбекистон | 11:30 / 01.07.2020
46263
3 дақиқада ўқилади

«Марҳумнинг яқинларидан ҳар қанча кечирим сўралса ҳам кам» — ИИВ Андижондаги қийноқ ҳақида

Бугун, 1 июль куни Халқаро пресс клубнинг «Андижондаги жиноят иши» мавзусига бағишлаб ўтказилган сонида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Андижонда қийноқ натижасида вафот этган фуқаро ҳақида қўшимча маълумот берди.

«30 май куни Андижон шаҳрида ИИВ ходимлари томонидан содир этилган мудҳиш жиноят тизимга тушган катта доғ бўлди. Тизимда каттароқ ўзгаришларни бошламасак, бу доғ камчиликларимиз ҳақида эслатиб тураверади.

Бу воқеа содир бўлгандан сўнг Андижон вилояти Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти, ҳокимият прокуратура вакиллари бориб вазиятни ўрганишган, айбдорлар ҳибсга олинган», дея қайд этди у.

Шоҳруҳ Ғиёсов ИИВ ходимлари марҳумнинг яқинлари ҳолидан хабар олишганини, улардан кечирим сўрашганини айтиб ўтди.

«Бу вазиятда ички ишлар тизими марҳумнинг яқинларидан ҳар қанча кечирим сўрашса ҳам кам. Бундан кейин узримизни қилаётган ишларимиз билан кўрсатишга ҳаракат қиламиз», дея таъкидлади ИИВ вакили.

Шоҳрух Ғиёсов вафот этган фуқаро билан содир бўлган вазият ҳақида ҳам маълумот берди.

Қайд этилишича, марҳум А.А аризани кўриб чиқиш мақсадида ИИВ ходимлари томонидан кечки пайт уйдан олиб чиқиб кетилган. Бу ишда ариза кўриб чиқиш муддати бузилган, фуқаро кечки пайт олиб чиқиб кетилиб, гаплашиш жараёнида унинг раҳбарига маълумот бермасдан ИИВ ходимлари томонидан тартиб бузилган.

«Бу ишда шу каби тартиб бузилиши ҳолатлари кузатилган. Вазиятга, албатта, прокуратура ўз баҳосини беради.

Агар ИИВнинг ўзига қийноқ тўғрисида шикоятлар келиб чиқадиган бўлса, ҳолат юзасидан дарҳол ишчи гуруҳи тузилади. Андижондаги вазият бўйича ҳам ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар натижасида 3 нафар ходим қамоққа олинган, 5 нафар ходим ишдан бўшатилган, 1 нафар раҳбар ходим эса ички ишлар тизимидаги лавозимидан озод қилинган, яна 19 нафар ходимга эса турли жазо чоралари қўлланилган», деди Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан келиб тушган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувдаги ариза юзасидан фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Жабрланувчи А.А.га шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан у 11 июнь куни вафот этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ўтказилган видеоселекторда Андижон ва Чироқчида ички ишлар органлари биносида тергов қилинган фуқаролар қийноқ оқибатида вафот этган ҳолатларга муносабат билдириб, ички ишлар органлари раҳбарларини бу ҳолатлар учун танқид қилганди.

Мавзуга оид