Жамият | 11:53 / 01.07.2020
70619
6 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси «жарима» тўламайдими?

Агар фуқарога ЙҲХБ ходими томонидан жарима қўлланса ва бу жариманинг ноқонуний экани аниқланса, уни қайтариб олишнинг имкони борми? Албатта бор, аммо Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида яшовчи, фуқаро Нормурод Жўраевнинг мурожаати, унинг бошдан кечирганлари бунинг аксини кўрсатмоқда. Н.Жўраев судда ютиб чиқиб ҳам ўзи кўрган зарарни ҳали қайтара олган эмас.

Фото: Fotolia / rosasto

Ишониш қийин, бироқ ЙҲХБ ходимининг хатоси билан ноҳақ жаримага тортилган Н.Жўраевнинг ўз ҳуқуқларини тиклаш учун ҳаракат бошлаганига икки йилдан ошгани бор гап.

Воқеа тарихи аслида 2018 йил 17 май кунидан бошланади. Ўша куни у бошқариб келаётган «Матиз» русумли автомашинани Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасига киришда вилоят ИИБ йўл ҳаракати бошқармаси ходими тўхтатади.

У ҳайдовчига «Йўл ҳаракати қоидаси»нинг 194 ва 56-бандларида кўрсатилган талабларни бузиб, сидирға чизиғи устида ҳаракатлангани учун маъмурий баённома расмийлаштиради. Оқдарё тумани ИИБ ЙҲХБ унга нисбатан МЖтК 128-моддасига асосан 86 минг 120 сўм маъмурий жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган.

Шунга асосан ҳайдовчи жарима тўлашга мажбур бўлади. Н.Жўраев бу ҳолатдан норози бўлиб, Оқдарё тумани маъмурий судига ариза билан мурожаат қилади. Суд қарорида ЙҲХБ инспектори томонидан ҳайдовчига асоссиз равишда жарима қўлланган деб топилиб, фуқаронинг шикояти тўлиқ қаноатлантирилади ва шу билан юқорида келтирилган жарима тайинлаш ҳақидаги қарори бекор қилинади.

Умуман, мазкур иш бошиданоқ Н.Жўраев унга тузилган маъмурий баённома юзасидан ўз ҳуқуқларини талаб қилиб келади. У тегишли маъмурий баённомага эътирозларини ёзмоқчи бўлган, бироқ унга бундай имконият берилмаган.

Аммо суд қароридан кейин ҳам барибир жарима қайтарилмагач, Н.Жўраев ИИБ ЙҲХБ раҳбарияти ва бошқарма ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида у ҳақиқат излаб идорама-идора югуришга мажбур бўлганлиги, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилишлари оқибатида жуда катта маънавий зарар етгани, асаблари сурункали равишда бузилиб, соғлиғини йўқотгани учун фуқаролик судига даъво ариза киритиб, моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўрайди.

2019 йил 21 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида ҳам Н.Жўраев ҳақ бўлиб чиқади. Суд жавобгар — Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан фуқаро фойдасига 3 миллион сўм маънавий зарар, ҳамда олдиндан тўланган 831 190 сўм давлат божини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради. Аммо бу билан ҳам иш тугамайди.

Навбатдаги суд 2020 йил 27 февралда бўлиб ўтади. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг кассация инстанцияси ажримида юқоридаги суд қарори қисман ўзгартирилиб, Нормурод Жўраевга ундирилиши лозим бўлган 3 миллион сўм маънавий зарар 1,5 миллион сўмга камайтирилади. Давлат божи, бошқа харажатлар билан Нормурод Жўраев фойдасига жами 2 210 500 сўм ундириш тўғрисида ажрим чиқарилади.  

Ниҳоят, ана шу ажрим эълон қилинганига ҳам тўрт ойдан ошди. Аммо ҳамон фуқаро бир инспекторнинг нотўғри баённома тузгани оқибатида етказилган зарарни ундира олмаган. Бошқача айтганда, Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси қилган хатоси учун «жарима»ни тўламаган.

Дарвоқе, суд органларининг юқоридаги қарорлари, фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқи учун кураши ва ютиб чиққани вилоятдаги расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (ҳайдовчининг исми шартли равишда «Анвар» деб ўзгартирилган ҳолда) ва блогерлар томонидан эътироф этилиб, олқишланган ҳам эди.

Жумладан, ҳуқуқшунос блогер Хушнуд Худойбердиев айни ҳолат юзасидан қуйидаги изоҳни қолдирган:

«P.S.: Баракалла Анвар! Баракалла, одил суд. Мана шунақа ўз ҳаққини талаб қиладиган фуқароларимиз ёрдами билан, ўз касбининг «к» ҳарфини ҳам билмайдиган, қонун-қоидаларни тушунмайдиган лаёқатсиз ходимларнинг эсини киритиб қўйиш мумкин. Лекин энг асосийси, фуқарога тўланадиган маънавий зарар давлат бюджетидан эмас, регресс тартибида ўша нотўғри баённома тузган ходимнинг чўнтагидан қопланиши керак. Шунда янада самарали бўлади».

Албатта, фуқаронинг ўз-ҳуқуқларини талаб этиши эътирофга лойиқ. Аммо кўпчилик суднинг якуний ажримидан сўнг ҳам бугунгача фуқаро ҳуқуқи тикланмай қолиб кетганидан бехабар бўлса керак.

Фуқаро Нормурод Жўраев бизга мурожаатини қуйидаги саволлар билан  якунламоқда:

«Тасаввур қилиб кўринг, агар хатони ҳайдовчи қилган бўлса ва у шунча вақт давомида жаримани тўламаган бўлса қай аҳволга тушарди? Нега ҳайдовчи ҳақли равишда жаримага тортилса, уни тезкор равишда тўлашга мажбур қиладиган механизмлар бор-у (масалан жарима майдончаси учун кунлик тўловнинг ўзи кун сайин ошиб боради) аммо ЙҲХ бошқармасининг ўзи истаганча вақт ўтказиб тўламасдан келиши мумкин?»

Нормурод Жўраев агар ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчига нотўғри жарима қўллашса зарарни ундиришнинг имкони фақат назарий жиҳатдан борлиги, амалда эса қийин эканини айтмоқда.

Суд ҳужжатлари ижроси учун масъул бўлган Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси «қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» деган нақлдан йироқ бўлгани ҳолда ўз вазифаларини Нормурод Жўраевнинг ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида ҳам тўла адо этади, деб умид билдириб қоламиз.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид