Ўзбекистон | 00:33 / 02.07.2020
98128
3 дақиқада ўқилади

Беш ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди

1 июль куни Ўзбекистонда 278та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 8781 ҳолат), 1 киши вафот этди ва 165 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 5847 беморга жавоб берилган, 27 киши вафот этган, шифохоналарда 2907 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 8 ҳудудда - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 278 ҳолатдан 218таси карантин муассасаларида, 50таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 10 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+50)
Бугун 5 ҳудудда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 35та янги ҳолат қайд этилди. Пойтахтда сўнгги марта 3 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланмаганди.

Сирдарё ва Бухоро вилоятларида аҳоли орасида 5тадан янги ҳолат қайд этилган, шунингдек, Хоразм вилоятида 4, Қорақалпоғистон Республикасида битта ҳолат аниқланган.

Карантин (+218)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 168 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 26 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Самарқанд вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 9 кишида вирус чиқди.

Шунингдек, Бухоро вилоятида карантиндагилар орасида 6 ҳолат қайд этилган, Сирдарёда 5 нафар, Хоразмда 3 нафар карантиндагиларга вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, Қашқадарёда эса битта ҳолат қайд этилган.

Ҳайдовчилар (+10)
Бугун Тошкент вилояти ҳудудида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлган икки кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, Сирдарёда эса халқаро юк ташувчи ҳайдовчилардан 8 нафарида вирус чиққан.

Тузалганлар (+165)
Бугун Тошкент шаҳри (126), Қашқадарё (18), Бухоро (14) ва Самарқанд вилоятларида (7) беморларнинг навбатдаги гуруҳлари соғайди ва кунлик тузалиш кўрсаткичи 165 нафарни ташкил этди. Шу вақтгача қайд этилган 8781 бемордан 5847 нафари тузалиб чиққан.

Ўлим (+1)
Қашқадарёда 64 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. У икки ҳафта уйида даволанишга уринган. У июнь ойи бошида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида бўлиб қайтгач, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифохонага мурожаат қилмаган, 29 июнь куни Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимацияга бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган беморнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этганлар сони 27тага етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2907 нафар бемордан 18 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 40311 нафар, стационар карантинда эса 24576 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. 

Мавзуга оид