Жаҳон | 00:45 / 04.07.2020
62819
8 дақиқада ўқилади

Ремдесивир — коронавирусга қарши асосий дори сифатида кўрилаётган препарат ҳақида нималар маълум?

Ўз вақтида Эбола безгагини даволашда қўлланилган ремдесивир препарати янги типдаги коронавирус пандемияси вақтида ҳам диққат марказида бўлиб турибди. Ремдесивир – ҳозирча COVID-19 терапиясида қўллаш учун маъқулланган ягона дори воситаси ҳисобланади.

Ремдесивирни ишлаб чиқарувчи компания ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, препарат COVID-19`га чалинган беморларнинг соғайиш муддатини 4 кунгача қисқартириши мумкин.

Қайд этиш жоиз, ремдесивирни ишлаб чиқарувчи компания уни орфан препарат, яъни кам учрайдиган касалликларга қарши дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказган. Бу эса фармкомпанияга қатор имтиёзларни беради.

Хронология

Ремдесивир 2015 йилда, АҚШ Қуролли Кучларининг юқумли касалликларни тадқиқ қилиш институти (USAMRIID) томонидан Gilead Sciences компанияси билан ҳамкорликда, Эбола безгагига қарши антивирус сифатида ишлаб чиқилган.

2020 йил март ойида америкалик тиббиёт мутахассислари COVID-19`га чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволашда ушбу препаратни қўллай бошлади. Бу вақтда ремдесивир ҳали АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари назорати бошқармаси (Food and Drug Administration – FDA) томонидан маъқулланмаган эди.

Апрель ойи охирида ОАВда ремдесивирнинг коронавирусга қарши дори воситаси сифатидаги самараси ўрганилган синовлар муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Financial Times маълумотига кўра, Хитойда ўтказилган клиник синовлар ҳақидаги ҳисоботнинг қоралама шакли хатолик сабаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий сайтида қисқа вақтга пайдо бўлиб қолган эди. Ҳисобот қораламасида ремдесивир беморнинг аҳволини яхшилашга ва бемор қонидаги патоген микроорганизмларни камайтиришга ёрдам бермаслиги айтилган.

Аммо апрель ойи охирига келиб, АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи халқаро миқёсда ремдесивир синовлари ижобий хулоса берганини эълон қилди.

«Синовлар шуни кўрсатмоқдаки, ремдесивир коронавирусдан соғайиш вақтини қисқартиришда катта ва аниқ-равшан ижобий таъсирга эга», деди Фаучи 29 апрелда Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ўшанда маълум бўлгандики, препарат бўйича синовлар АҚШ, Осиё ва Европанинг бир нечта мамлакатидаги коронавирусга чалинган мингдан ортиқ беморни қамраб олган.

Синовларда ремдесивир қабул қилган беморлар ўртача 11 кунда, плацебо гуруҳидагилар эса ўртача 15 кунда соғайиши кузатилган. Шунга қарамай, препарат COVID-19'дан ўлим даражасини камайтиради, деб бўлмайди.

Оқ уйдаги овал кабинетда бўлиб ўтган брифингда АҚШ Аллергик ва юқумли касалликлар миллий институти раҳбари Энтони Фаучи ремдесивир бўйича Хитойдаги тажрибалар ҳақида гапирар экан, у ердаги синовларни «кучсиз ва ноадекват» дея атади.

Орадан бир неча кун ўтиб, 1 майда FDA АҚШда ремдесивирни коронавирусдан даволашда фойдаланиш учун фавқулодда рухсат берганини эълон қилди.

Нарх

29 июнь куни Gilead Sciences сайтида компания бош ижрочи директори Дэниель О’Дейнинг очиқ хати эълон қилинди. Унда айтилишича, ремдесивир экспериментал препаратининг нархи ривожланган давлатлар учун бир ампуласи 390 доллар этиб белгиланган.

«Биз нархни ривожланган давлатлар ичида харид қобилияти энг паст бўлганлари учун ҳам мақбул қийматгача пасайтирдик. Ремдесивир қўллаш рухсат берилган барча ривожланган давлатлар учун шу нарх амал қилади», – дейилади эълонда.

Қайд этилишича, коронавирусга чалинган кишига ўртача 6та ампулани ўз ичига олувчи 5 кунлик даволаш курси тавсия этилади. Демак, COVID-19`дан ремдесивир билан даволаниш нархи ривожланган давлатларда 2340 долларга тушади.

Gilead Sciences ҳисоб-китобларига кўра, агар АҚШ шифохоналари коронавирус беморларини ремдесивир билан даволай бошласа, ҳар бир бемор учун харажатлардан 12 минг доллардан иқтисод қилиб қолиши мумкин.

«Биз ушбу глобал фавқулодда зарурат шароитида дори воситасига бўлган талабнинг кенг ва адолатли тарзда қондирилишини таъминлаш учун ремдесивирга ўз аҳамиятидан анча паст нарх белгиладик», – деган компания раиси.

Ремдесивирнинг эффективлигини кимлар тасдиқлади?

АҚШдан сўнг дастлаб май ойида Япония ҳам ремдесивирни коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволаш учун маъқуллади. Май ойи охирида Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ремдесивирни ковид юқтириб олган айрим беморларни даволашда фойдаланиш учун тасдиқлади.

Июнь ойи бошида Ҳиндистон коронавирусдан даволашда ремдесивирдан фойдаланишга фавқулодда рухсат берди. Кўп ўтмай Исроил расмийлари ушбу препаратни COVID-19дан дори воситаси сифатида расман қайд этишди.

Июнь ойи сўнггида Дори воситалари бўйича Европа агентлиги (EMA) ремдесивирнинг сотувга чиқарилишига шартли равишда рухсат беришни тавсия этиб чиқди. 26 июнь куни Жанубий Корея ушбу дорини COVID-19`ни даволаш бўйича миллий тавсиялар рўйхатига киритди.

Ҳозирча фақат америкаликлар учун

29 июнь куни АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳукумат Американинг Gilead компаниясидан 500 мингта ремдесивир ампуласини сотиб олганини маълум қилди. Бу – препаратнинг кейинги уч ой давомида ишлаб чиқариладиган деярли барча захираларига АҚШ эгалик қилишини англатади.

«Президент Трамп америкаликларни COVID-19`дан даволашда рухсат этилган биринчи дори воситаси билан таъминлаш учун ажойиб харидни амалга оширди», – деди АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар.

Ремдесивир захираларининг АҚШ томонидан сотиб олиниши жаҳонда, хусусан Европада илиқ кутиб олинганича йўқ. «Улар дори омборининг катта қисмига эга чиқишди, шундай экан Европага деярли ҳеч вақо йўқ», – деди Ливерпуль университети илмий ходими Эндрю Хилл.

Россияда фавипиравирга урғу қаратилмоқда

Россия Фанлар академияси аъзоси, вирусолог Андрей Покровскийнинг сўзларига кўра, «ремдесивир – мутлақ панацея эмас. Аммо бу – бироз бўлса-да самара бераётган препаратлардан бири».

Унинг тушунтиришича, препарат вируснинг РНК-полимеразасини блоклаб, унинг кўпайиб кетишига имкон қолдирмайди.

Айни пайтда, Россияда коронавирусдан даволашда «Авифавир» дорисидан фойдаланилмоқда. Ундаги таъсир этувчи модда – Японияда ишлаб чиқилган фавипиравир.

Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди бош директори, инвестор Кирилл Дмитриев «Авифавир» ремдесивирга қараганда яхшироқ самара бераётганини айтиб чиққан.

«Авифавир» – коронавирусга қарши энг яхши дори воситаларидан бири бўлиб, рақобатчиларига, хусусан Американинг Gilead Sciences компанияси ишлаб чиққан ремдесивирга қараганда яхшироқ самара кўрсатмоқда. АҚШ яқин ойлар давомида ишлаб чиқариладиган ремдесивирнинг деярли барчасини сотиб олиб бўлгани ва жаҳон бозорида самарали препаратлар тақчиллигини ҳисобга олиб, Россия бошқа давлатларга коронавирусга қарши курашда ёрдам қўлини чўзишга ва «Авифавир»ни чет давлатларга етказиб беришни бошлашга тайёр.

Россиянинг препарати бир неча баробар арзон, қолаверса уни таблетка шаклида қабул қилиш анча қулай бўлиб, бу – коронавируснинг эрта босқичларида терапия ўтказиш имконини беради.

Препаратга аллақачон 50тадан ортиқ давлат қизиқиш билдирди. Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди ва «ХимРар» келаси ойлар давомида «Авифавир»ни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, етказиб бериш географиясини кенгайтириш ниятида», – деди Дмитриев.

Маълумот учун, ремдесивир – Gilead компаниясининг патентланган препарати бўлиб, ҳозирда бошқа компаниялар уни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Аммо май ойи ўрталарида Gilead 5та фарм-компания билан шартнома тузган, бу компаниялар 127та давлат учун ремдесивир ишлаб чиқариш билан шуғулланиши мумкин.

Жамшидхон Зиёхонов

Мавзуга оид