Жаҳон | 14:07 / 04.07.2020
39177
3 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти ҳукумат фаолиятига бағишланган мажлис ўтказиб, қатор амалдорларни ишдан олди

Жорий йилнинг 3 июль куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳукуматнинг олти ойлик фаолиятига бағишланган мажлис ўтказди.

Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, йиғилишда жорий йилнинг олти ойи давомида иқтисодий комплекс тармоқларини ривожлантириш якунлари сарҳисоб қилинди, тегишли ҳисоботлар тингланди ва бажарилган ишлар баҳоланди, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши муҳокама қилинди, йилнинг иккинчи ярмидаги устувор вазифалар белгилаб олинди ва кадрлар масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Бердимуҳаммедовнинг фармони билан Баҳоргул Абдиева бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Туркманистон раҳбари Меҳрижамол Мамедовани ҳукуматда маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳасидаги фаолиятини назорат қилувчи бош вазир ўринбосари этиб тайинлади.

Арслон Аширов Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар А. Аширов Туркманистон давлат ахборот агентлиги раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Нурмамет Гарлиев ишидаги жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туркманистон президентининг фармонига кўра, Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳаммадкелди Сардоров Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазири этиб тайинланди.

Вазирликнинг собиқ раҳбари Азизгелди Аннамуҳаммедов бошқа ишга ўтганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Ботир Омонов «Туркманбоши» нефтни қайта ишлаш комплекси бош директори лавозимидан озод қилинди ва Туркманистоннинг Давлат вазири - Türkmengaz давлат концерни раиси этиб тайинланди.

Ушбу лавозимда бўлган Мурод Арчаев йўл қўйилган камчиликлар учун ишдан бўшатилди.

Бундан ташқари, Мердан Рўзиев Türkmengeologiýa давлат корпорацияси раиси этиб тайинланди. Бу тайинловга қадар у Türkmengeologiýa давлат корпорацияси раисининг бурғи ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Давлат корпорациясининг собиқ раҳбари бошқа ишга ўтганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туркманистон президентининг фармони билан Гулмурод Оғамуродов спорт ва ёшлар сиёсати вазири этиб тайинланди. Илгари у ушбу вазирлик раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Оразгелди Гурбанов таълим вазири этиб тайинланди. Ушбу тайинловга қадар у Сейитназар Сейди номидаги Туркманистон давлат педагогика институти ректори бўлиб ишлаган.

Вазирликнинг собиқ раҳбари Мамметмират Гелдиниёзов бошқа ишга ўтганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Туркманистон президенти ҳукумат аъзоларига 7 июлдан 5 августга қадар меҳнат таътилига чиқишга ҳамда мамлакат ҳудудида дам олишга рухсат берди. Вилоят ҳокимлари ишлашда давом этади.

Мавзуга оид