Вазир ўринбосари: Ўзбекистонда нега ойлик маошлар кам? Бизда аҳолининг кўпчилиги малакаси бўлмаган одамлар
Жорий йилнинг 3 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Муҳокама давомида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов янги қонун ва Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси ҳақида гапирди.
Жумладан, янги қабул қилинаётган қонунда меҳнат қилишнинг асосий талабларидан бири сифатида малака кўрсаткичи белгилаб қўйилмоқда.
«Кўп одамлар савол беради: Ўзбекистонда нега ойлик маошлар кам? Чунки бизда меҳнат қиламан деган аҳолининг кўпчилиги (60-70 фоизи) малакаси бўлмаган одамлар.
Бутун дунёда шундай, малакасиз меҳнат жуда паст баҳоланади. Бу қонунда биринчи бор нафақат меҳнат, балки меҳнатга тайёргарлик ва профессионал даражадаги малакани олишга эътибор қаратяпмиз. Бунинг учун халқаро даражада қабул қилинадиган сертификатлар бериш тизими яратилади», – деди у.
Умурзоқовга кўра, Ўзбекистонда амал қилаётган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунда ишсизларни моддий қўллаб қувватлаш учун ишсизлик нафақасини бериш белгиланган. Аммо ундан фойдаланувчилар сони жуда кам.
«Минг афсуски, бу парадокс, дейлик бир ярим миллион ишсиз бўлса-да, бор йўғи 30-35 минг одам ишсизлик нафақасини олади. Нега? Сабаби, бизнинг миллий урф-одатларимизга кўра, одамларимиз кимгадир бориб, ялиниб мени ҳисобга олинг, дейишни қабул қилолмайди. Мағрурлик бор.
Биз янги қонунда буни ҳисобга олдик. Яъни нафақалар миқдорини бир неча баробар оширдик», – деди у.
Вазир ўринбосари қонун муҳокамаси давомида Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ва ишсизлик кўрсаткичи ҳақида ҳам гапирди.
Жумладан, «Ўзбекистоннинг 34 млн (балки, йил охиригача 35 млн бўлармиз) аҳолисидан 19 млн, яъни, 57,3 фоизи меҳнатга лаёқатли инсонлар. Бу кўрсаткич, параметр бўйича дунёда бизга етадиган давлат йўқ. Биздан кейинги давлатларда 51-52 фоиз.
Биз бу инсонларни меҳнатга тўғри тақсимот қилсак, тўғри рағбатлантира олсак, биздан кўра даромадли давлат бўлмаслиги керак.
Мен ишсизлик даражаси бўйича яна бир рақамни айтишим керак. Халқаро нормаларда бир мамлакатдаги ишсизлик кўрсаткичи 5 фоизгача бўлиши керак. Айрим ҳокимлардан “бизни вилоятда бирорта ишсиз одам қолмайди”, деган гапларни эшитиб қоламан, лекин бу янглиш фикр. Ишсизлик албатта бўлади. Биз бозор иқтисодиёти қоидаларига ўтяпмиз. Лекин ишсизлик даражаси 5 фоиздан ортиб кетса, бу энди нормал ҳисобланмайди. Бугун Ўзбекистонда бундан баландроқ. Айниқса, пандемия шароитида бу кўрсаткич янада ошди. Ҳозир бизда ишсизлик кўрсаткичи 9,8 фоизга чиқяпти. Бунда хотин-қизлар ишсизлиги 15 фоиз, ёшларники эса 12 фоизга чиқяпти. Бу барометрларни нега ҳисобга оляпмиз? Чунки бу борада қилаётган ишларимизда ҳали камчиликлар жуда кўп. Тизим қонуний, ташкилий ва молиявий жиҳатдан таъминланмаган.
Яна бир нарсани белгилашимиз керак - янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини иш билан таъминлаш бўйича рағбатлантиришни ошириш асосий қип-қизил чизиқ, мезонимиз бўлиши керак», – дея Баҳодир Умурзоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:36 / 10.12.2024
ХМТ Марказий Осиёдаги ишсизлик даражаси бўйича маълумот берди
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
22:02 / 11.09.2024
Германиядаги йирик компаниялардан бирининг 15 мингга яқин ходими ишсиз қолиши мумкин
22:14 / 04.01.2024