Ўзбекистон | 10:36 / 08.07.2020
30670
2 дақиқада ўқилади

«Касаллик авж олса, тиббиёт оғир вазиятга тушиб, бошқа йўналишдаги ёрдамлар тўхташи мумкин» – Алишер Шодмонов

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирус авж оладиган бўлса, тиббиёт тизими оғир вазиятга тушиб, бошқа йўналишларда тиббий хизматларни кўрсатиш имконсиз бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотирини билдирди.

«Бизда мавжуд юқумли касалликлар шифохоналарининг барчаси ҳозир ишлаб турибди. Бундан ташқари, умумий йўналишдаги шифохоналарнинг йўналишини ўзгартириб, юқумли касалликларни даволашга мослаштирдик. Булар билан бир қаторда, шошилинч ёрдам хизмати, туғруқ, ҳомиладорларга ёрдам, ижтимоий йўналишларга хизмат кўрсатиш ҳам тўла таъминланяпти.

Лекин касаллик авж оладиган бўлса, тиббиёт тизими оғир вазиятга тушиб, бошқа йўналишдаги ёрдамлар тўхтаб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳозир ҳаммамиз тенг ҳаракат қилиб, касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиб, оғир беморлар сонини, шифохоналарга тушадиганларни камайтиришимиз керак», деди у «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида.

Вазирнинг сўзларига кўра, айни кунларда Тошкент шаҳрида 14та тиббиёт муассасасида коронавирусга чалинган беморларга ёрдам кўрсатилмоқда. Яна 4та шифохона касалликка гумони борларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган. Республика бўйича ҳар бир вилоятда камида иккитадан шифохона юқумли касалликларни даволашга тайёрланган.

«Вилоятлардаги шифохоналар 110 нафаргача беморга (бу ҳали кўп эмас) тўла ёрдам бериш имкониятига эга. Аммо бошқа мамлакатларни кўриб турибмизки, беморларни даволаш учун спорт заллари, стадионлар, таълим муассасалари, ётоқхоналарда жой қилинмоқда. Улар ихтисослашмаган, ёрдам бериш имконияти, асбоб-ускунаси йўқ. Беморлар фақат вақтинча олиб келиб ётқизиляпти.

Бизда бундай ҳолатнинг олдини олиш учун ҳозир ҳаракатларни кучайтиришимиз, вазиятни тўғри тушуниб, карантинни қаттиқ ушлашимиз керак. Февраль-март ойларида ҳаракат қилган ҳолда касалликни жиловлаш мумкинлигини апрель-май ойларида исботладик. Ҳозир ҳам ҳамжиҳат бўлиб, оиламизни эҳтиёт қилиб иш тутишимиз лозим», деди Алишер Шодмонов.

  • Маълумот учун, 8 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 10 838тага етган. Шу вақтгача беморларнинг 6811 нафари касалликдан тузалиб чиққан, 41 киши вафот этган, айни вақтда шифохоналарда 3986 бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид