Ўзбекистон | 16:27 / 09.07.2020
15204
10 дақиқада ўқилади

«Энг катта муаммомиз – сувдан нотўғри фойдаланишимиз». Тошкент шаҳар сув таъминоти мутахассиси билан суҳбат

Тошкент шаҳри ичимлик суви ва канализация тармоғи бўйича Ўзбекистон миқёсида энг яхши шароитга эга бўлса-да, пойтахтда ҳам бу борада муаммолар талайгина.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ бошқарма бошлиғи Абдуқодир Алимов билан Бўзсув оқова сув иншоотида кечган суҳбатимизда Тошкентдаги ичимлик ва оқова сув таъминотининг бугунги кун ҳолати, истеъмолчилик маданияти, бу соҳада қилинаётган ишлар ва мавжуд муаммолар ҳақида сўз борди.

«Бўзсув оқова сув иншооти» Тошкент шаҳрининг 5та тумани – Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Учтепа туманларига хизмат кўрсатади. Бу туманларда шаклланган оқова сувлар шу масканга оқиб келади. Шу ерда уч босқичли тозалашдан ўтиб, лаборатория текширувларидан сўнг Қуйи Бўзсув каналига қайтарилади.

Ўзбекистон бўйича тоза ичимлик суви билан таъминланиш 86 фоиз, оқова сув таъминоти эса атиги 17 фоизни ташкил қилади. Соҳада қилинадиган ишлар жуда кўп.

Бот-бот савол беришади: оқова сув тозаланиб, яна ичимлик суви сифатида ишлатиладими? Сув муаммо бўлган ривожланган давлатларда бундай амалиёт бор. Ўзбекистонимизда, шукрки, бунга эҳтиёж йўқ. Серсув ўлка бу. Оқова сувни ичимлик суви сифатида қайта ишлатишга ҳожат йўқ. Бизда етказилаётган сувнинг 6-7 фоизигина ичимлик суви сифатида фойдаланилади. Қолган 93-94 фоизи ирригация мақсадларида ишлатилади», – дейди Абдуқодир Алимов.

– Биз кўриб турган ушбу иншоот айни кун талабига қанчалик жавоб беради?

– Тошкент шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 99,7 фоизни ташкил қиладиган бўлса, оқова, яъни канализация билан қамраб олиш даражаси 92 фоизни ташкил қилади. Демак, Тошкент шаҳрини канализация билан 100 фоиз таъминлаш 308 км оқова сув тармоғи қурилиши билан боғлиқ.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 7та оқова сув иншооти бор. Асосий сув «Қодирия» ва «Қибрай» иншоотлари ҳиссасига тўғри келади. Тошкент шаҳрига бир кунда 2 млн 100 минг куб сув берамиз. Бу катта ҳажм. Қолаверса, охирги пайтларда сувга бўлган талаб ошмоқда. Биз бу ресурсларни кўпайтиришимиз мумкин, лекин ички ресурсларни қайта ишлаш керак. 2019 йили сув етказиш 92 минг кубга камайтирилди. Бунинг учун янги технологияларни қўллашимиз керак.

Абдуқодир Алимов

Биз ичимлик сувининг босимини назорат қила бошладик. Биласиз, ичимлик сувига бўлган талаб кун мобайнида ўзгариб туради. Яъни эрталаб бошқача, кечқурун ва тунги пайтларда бошқача бўлади. Биз керакли босимни беришни автоматлаштирдик. Бу натижага сув қувурларининг ичидаги босимни назорат қилиш билан эришдик.

Нарх масаласига келсак, ҳозирги вақтда бир куб сув 1100 сўмни ташкил қилади. Бу саноат корхоналари учун белгиланган нарх.

Бу 1100 сўм қандай ташкил топган? Нарх нимадан шаклланади?

– Бу нарх асосан катта корхоналарга тўғри келади. Аҳоли учун 760 сўм. Минг литр сув 330 сўм, 100 сўм устамаси билан 430 сўм. Бу устама Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланган бўлиб, республика бўйича ичимлик ва оқова-сув тармоқларини ривожлантириш фондига йиғилади ҳамда капитал таъмирлаш, қувурларни янгилаш мақсадларида ишлатилади.

Демак, истеъмолчи 330 сўмга сув сотиб олади ва 100 сўм қўшилади ҳамда ишлатилган 1000 литр сувни оқовага йўналтириш учун 330 сўм – жами 760 сўм сарфлайди.

– Сувни беҳуда сарфлаш, кўчаларда оқиб туриши каби ҳолатларни кузатамиз. Аҳолини сув сарфи ва уни тежашга ўргатиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?

– Охирги пайтларда иқлим ўзгариши катта муаммо бўлиб келмоқда. Бу билан сувга бўлган талаб ҳам ошмоқда. Бу ўзгаришларнинг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш масаласи ўша Орол денгизининг қуриши билан бошланган. Тарғибот-ташвиқотлар ўша пайтдан ҳозиргача қилиб келиняпти. Лекин самараси биз кутганчалик бўлмаяпти.

– Балки тарғиботга қандайдир жазо чораларини ҳам қўшиш керакдир?

– Жазо чораларини қўллашимиз мумкин. Аммо қонунчилигимизда алоҳида бир меъёр йўқ. Мана, кунлар ҳам исиб кетди, бундай иссиқда ҳар бир хонадонда ҳовузлар пайдо бўляпти, бу йилдан йилга кўпаймоқда. Ҳовузга солинган сув 3-5 кун ичида алмаштириб турилади. 40 куб метр сувни икки-уч марта сузиб бўлгач, ташлаб юбориш бу – катта исроф.

Бундан ташқари, ҳовлига сув сепиш масаласи. Бу ҳам истеъмолнинг кўпайишига олиб келади. Ривожланган давлатларда киши бошига бир кунлик истеъмол 100-120 литр ҳисобланса, Тошкент шаҳрида 250-300 литргача бўлиб кетади.

Биргина суғориш тизимини оладиган бўлсак, бу тизим жуда орқада ва эскирган тизимлигини кўриш мумкин. Қурилиш қилишда оқова ариқлар ҳисобга олинмаслиги, дренаж тизими ўта ёмонлиги ҳам катта муаммо.

– Аҳолининг кўпайиши билан сувга бўлган талаб ва инфратузилмага тушадиган юклама ҳам ортади. Шу шароитда сув етказишда узилишлар ва турли авариялар бўлмаслигининг олдини олиш учун қандай ишлар қилиняпти?

– Дарҳақиқат, бугунги кунда Тошкент шаҳри ҳам ички, ҳам ташқи томондан анча кенгайишни бошлади. Бугунги кунда иншоотларимизда захира етарли даражада.

Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳрига 2,1 млн куб сув етказиб беряпмиз ва бу ҳажмни 2,3 млн кубгача етказа оламиз. Назорат датчикларини ўрнатганимиздан кейин қувурларга керакли сувни ташлаймиз. Ортиқчаси қолади ва бу билан сув ҳажмини бошқаришга эришамиз.

Муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш учун 2010 йилда Осиё тараққиёт банки билан 10 млн долларлик шартнома тузиб, керакли замонавий технологияларни ўрнатганмиз. Биргина «Tashkent city» қурилиш объектини оладиган бўлсак, энг катта икки томонлама қувур линияларини ўрнатганмиз. Бирида носозлик аниқланса, иккинчиси уланади.

Қолаверса сувнинг сифатини ҳар доим назорат қилиш учун Санитария-эпидемиологик назорат маркази билан ҳар куни ўлчам назоратларини олиб борамиз.

Сувни ишлатиш қуввати ўзгарса, нималар қилинади?

– Тошкент шаҳридаги қувур линиялари ўргимчак тўри каби бир-бирига уланиб кетган. Бу қувур ичидаги босимни керакли технология билан ушлаб турибмиз. Бу пайтда ўзгариш бўлмайди. Бундан ташқари, ҳамма эски қувурларни алмаштириш керак, дегани ҳам нотўғри тушунча. Биз янги технологияларни сотиб олдик ва эндиликда ерни қазимасдан туриб эски қувурларни алмаштириш, таъмирлаш ишларини олиб бора оламиз.

Биласиз, катта корхоналар катта истеъмолчи ҳисобланади. Бир маҳалла ишлатадиган сувни бир корхона ёки завод ишлатиб юбориши мумкин. Улар ишлатган сув тозаланмасдан оқизиб юборилиши экологияга жиддий зарар келтиряпти.

– Бунинг учун «Сувоқова» ва Экология қўмитаси билан биргаликда жойларда ўрганишлар олиб борганмиз. Корхоналар учун сувдан фойдаланиш солиғи аҳолиникига нисбатан кўп. Лекин бу корхоналардан чиқаётган оқова сувлар жуда заҳарли ва зарарли. Айрим ҳолатларда уни тозаламасдан, очиқдан очиқ ариқларга ташлаб юбориш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Буларга ирригациянинг ривожланмагани, эътиборсиз қолдирилаётгани сабаб бўлмоқда.

Биргина Тошкент шаҳрига бир кунда 2 млн 100 минг куб метр сув юборсак, 1 млн 500 минг куб метр оқова сувни қайтариб оламиз.

– Совет даврида қурилган иншоотлар ҳозирги талабларга жавоб бермайди, деган гапларга изоҳ берсангиз.

– Бу борада асосан ирригация тизимига алоҳида урғу беришимиз керак. Чунки қувурларни, сув ҳисоблагичларни ўрнида қўлласак, истеъмол ҳам яхшиланади. Сув ҳисоблагичи бўлганидан кейин истеъмолчи сувни тежаб ишлатади. Бу билан биз ортиқча сувни сарфламаймиз ва кунлик 2 млн 100 минг куб метрни ҳам камайтиришимиз мумкин.

Қувурларнинг сиғимига келадиган бўлсак, ўтган асрнинг 50-60-йилларида ётқизилган қувурлар ҳозирги ҳолатни инобатга олинган ҳолда ётқизилган.

– Кўчаларда суғориш мақсадида тонналаб сувни бебилиска ишлатиб юборяпмиз. Бу катта муаммо.

– Албатта, бундай ҳолатларни жуда кўп кўрамиз. Лекин ҳамма жойда эмас. Ривожланган, марказий кўчаларда бундай ҳолатларни кузатмаслигимиз мумкин, аммо эски технология билан қолиб кетган сув иншоотларимизда бундай ҳолатларга доимий равишда дуч келамиз. Биз айнан суғориш тизимида ишлайдиган ходимларнинг масъулиятини оширишимиз керак.

Шу соҳада сизни қийнаб келаётган муаммолар? Имкони бўлганида биринчи навбатда қандай ишларни амалга оширишимиз керак?

– Энг катта муаммомиз – сувдан нотўғри фойдаланишимиз. Агар истеъмолчиларимиз сувдан тўғри фойдаланишса, қадрига етишса яхши бўлар эди.

Қолаверса, айрим корхоналарда ўзининг ишлаб чиқариш оқовасини етарли тарзда тозалашга бўлган интилиш йўқ. Етарли технологияси бўла туриб, ўз оқовасини тозаламайди ва бизнинг технологиямизга зарар етказади. Биз бу ҳолатлар бўйича жаримани қўллаган тақдиримизда ҳам етказилган зарарни оқлай олмаймиз. Шу жараённинг ўз қонун-қоидаларини тартибга солиш учун депутатларимизга ҳам мурожаат қилганмиз.

Айрим тадбиркорлик субъектларининг иқтисодга, халққа фойдаси тегаётгандир балки, аммо экология ва ташқи муҳитга анчагина зарар етказмоқда. Мисол учун, Бектемир туманида шунақанги корхоналар мавжудки, улардан чиқаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Бизда мавжуд иншоотлар ўша корхоналардан чиқаётган зарарли моддаларни тозалай олишга қурби етмайди.

Мана шундай экологик муаммоларнинг олдини олиш учун ҳар биримиз эътибор ва масъулият билан қарашимиз керак. Қонунларни очиқчасига бузиб, экологияга улкан зарар етказаётганларга қарши курашишда бизга сиз журналистлар, блогерлар ёрдам берсангиз эди.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Мавзуга оид