Ўзбекистон | 20:51 / 09.07.2020
12270
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков вилоятларда дезинфекция воситаларини қиммат нархларга сотиб олиш ҳолатларига муносабат билдирди

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков айрим вилоятларда Санитария-эпидемиология осойишталиги марказлари мансабдорларининг давлат мулкини талон-торож қилганига доир хабарларга муносабат билдирди.

АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг: «Дезинфекция қилиш фойдасиз экани хорижий экспертлар томонидан айтилмоқда. Қолаверса, бундай маҳсулотлар сарфи, уларнинг нархига доир шаффофлик бўлмагани боис, бюджет маблағларини катта миқдорда ўзлаштириш ҳоллари қайд этилди. Шунга кўра, бундай воситалар қанча туради, уларнинг сарф-харажати қачон шаффофлаштирилади?» – деган саволига Нурмат Отабеков қуйидагича жавоб берди.

«Минг афсуски, санитария-эпидемиология осойишталиги агентлиги тизимидаги баъзи бир вилоятлар санитария-эпидемиология осойишталиги марказларида дезинфекцион воситаларни қиммат нархда сотиб олиш ва ундан бир манфаат кўриш ҳолатлари қайд этилаётгани прокуратура департаменти томонидан аниқланмоқда.

Албатта, уларнинг барчаси ҳақида ОАВда маълумотлар бериб бориляпти. Бир нарсани биламиз, Ўзбекистон шароитида қонун бузилишига йўл қўйган шахс жавобгарликка тортилиши муқаррар. Агар ўша раҳбарлар вазиятни тўғри тушунмасдан, калта ўйлаб, бу қабиҳ ишларга қўл урган бўлса, уларга қилмишига яраша жазони ҳукумат ва қонунчилик бера олади», – деди Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро ва Навоий вилоятлари санитария-эпидемиология осойишталик марказлари мансабдорлари дезинфекция қилиш воситаларини қиммат нархларда харид қилиш орқали бир неча юз миллион сўм давлат маблағини ўзлаштирганини хабар қилган эди.

Мавзуга оид