Ўзбекистон | 15:32 / 10.07.2020
28928
2 дақиқада ўқилади

Дезинфекция қилиш фойдасизми? Давлат бош санитария инспектори изоҳ берди

Дезинфекция қилишнинг самарасини ҳеч ким муҳокама қилиши мумкин эмас. Айнан шу чоралар боис, мамлакатда мавсумий кузатиладиган айрим касалликларга чалиниш ҳолатлари кескин камайди. Ўзбекистон давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда бўлиб ўтган тадбирда шундай баёнот берди. 

У Kun.uz мухбирининг саволига жавоб берар экан, “дезинфекцион воситаларнинг самарадорлигини муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”лигини таъкидлаган. 

“Дезинфекция қилиш чоралари фойда берадими? Чунки, қатор хорижий экспертлар бундай чоралар самарасиз эканини таъкидлашмоқда”, - дея савол билан мурожаат қилган журналист. 

“Дезинфекцион воситаларнинг самарадорлигини муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Албатта, Ўзбекистон об-ҳавоси ва иқлимини биз дезинфекция қила олмаймиз. 

Лекин очиқ жойлар, бозорлар, йўлаклар дезинфекция қилинишидан мақсад, одамлар у ерга туфлагани, касаллик қўзғатувчиларнинг тушгани ёки одамларнинг қўли билан ушлагани ёки юргани эътиборидан дезинфекция қилинмоқда. 

Умуман, дезинфекцион воситаларни ишлатишдан асосий мақсад касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни йўқ қилиш. Амалиётда учта усул бор: дезинфекция – касаллик қўзғатувчи вируслар, бактериялар ва замбуруғларга қарши ишлов бериш. Дезинцекция – бўғимоёқлиларга қарши ишлов бериш. Деротизация – кемирувчиларга қарши ишлов бериш. Бу амалиёт, албатта, қўлланилиши керак. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кўплаб касалликлар бўйича кескин камайиш ҳолатларини кўраяпмиз. Қатор респиратор касалликлар, вирусли гепатит-А тури, ошқозон-ичак касалликлари кескин камайиб кетди. Буларнинг барчасининг таг замирида ўша дезинфекцион ишлар самараси ётибди. Буларсиз ҳозиргидек барқарор муҳитга айлана олмасдик.

Шу нуқтаиназардан, ўйлайманки, дезинфекцион тадбирлар бундан кейин ҳам давом эттирилади”,- дея жавоб берган Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид