Навоийда вилоят СЭОМ мансабдорлари ярим миллиарддан зиёд бойликларни талон-торож қилишгани аниқланган – Бош прокуратура
Бош прокуратуранинг Kun.uz’га маълум қилишича, Навоий вилоят санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор ва моддий жавобгар шахслари 509 млн. 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган. Бугунги кунда айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
«Аниқланишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахсларининг асосий вазифаси мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинганлиги муносабати билан вилоятда санитария ва эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.03.2020 йилги ПФ-5969-сонли Фармони асосида ташкил қилинган Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағларни мақсадсиз сарфлаган.
Жумладан, марказ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари жами 509 млн. 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.
Жиноят ишининг тергови давомида марказ омбор мудирига 27.06.2020 йилда ва марказ бош врачига 04.07.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда, жиноят иши доирасида ҳолатга алоқадор бошқа шахсларнинг айблилик масаласи ҳал қилинмоқда», дея Ўзбекистон Бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бош прокуратура мулозимининг қўшимча қилишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик марказининг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг тураржойларида тинтув ўтказилган. Жумладан, марказ раҳбарининг хонадондан 6 дона кўп тармоқли даволаш ва 1 дона ташхис қўйиш ускуналари ҳамда марказнинг 2019 йил учун юритилган буйруқларни рўйхатга олиш китоби, хўжалик мудирининг хонадонидан 8 тўплам инфекцияга қарши махсус ҳимоя кийими ва 5 турдаги тиббий ҳимоя воситалари олинган.
Ҳаёт Шамсуддинов жиноят иши бўйича Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
07:37 / 24.12.2024
Аҳолини кўмир билан таъминлаш учун ажратилган маблағни талон-торож қилган шахс ушланди
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
19:59 / 17.12.2024
Қорақалпоғистонда 1 млрд сўмлик кўмир талон-торож қилингани аниқланди
08:00 / 05.12.2024