Тошкент шаҳри ҳокимлиги: «Ғафур Ғулом» боғи ўрнида турар-жой мажмуаси қурилмайди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Ғафур Ғулом» номли маданият ва истироҳат боғи ўрнида амалга оширилаётган қурилиш ишлари муҳокама марказида бўлмоқда. Кўпчилик боғ ўрнида янги турар-жой мажмуалари барпо этилишидан хавотирларини билдирмоқда.
Kun.uz ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги 670-Ф-сонли Фармойишига мувофиқ, Чилонзор туманида жойлашган умумий ер майдони 13,99 гектар бўлган «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи Сингапурнинг «BMP Smart Decision Private Limited» компаниясига боғни реконструкция қилиш орқали пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун қулай бўлган замонавий кўнгилочар масканга айлантириш учун ижара ҳуқуқи асосида 49 йил муддатга ажратиб берилган.
Компания ушбу боғни замонавий кўринишга келтириш учун 2019-2022 йилларда жами 10 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Киритириладиган инвестициялар натижасида:
- кўнгилочар масканга ташриф буюрувчиларнинг ёши ва ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, болалар учун 15та, оилавий дам олувчилар учун 20та, экстремал ҳордиқ чиқаришни хуш кўрувчилар учун 10та, умумий ҳисобда 45та турли аттракционлар барпо этилиши;
- жами 300 ўринга мўлжалланган 2та амфитеатр қурилиши;
- ташриф буюрувчи болали оилалар учун қисқа муддатли болалар боғчаси, болаларнинг тантанали тадбирларини ўтказиш иншоотлари, рангли суратлар акс эттирилган картографик фаввора, хорижий ва маҳаллий адабиётлар билан бойитилган ҳамда шинам ўқув залига эга бўлган кутубхона, катталар ва болалар учун махсус техник воситаларга эга спорт майдончалари, умумий овқатланиш шохобчалари, қишки ёпиқ дам олиш маркази, шунингдек, мавжуд кўл атрофида югуриш йўлакчалари ташкил этилиши айтилади. Таъкидланишича, инвесторга лойиҳадан четлашиб, кўнгилочар масканга тааллуқли бўлмаган бино-иншоотлар қурилиши кузатилса, шу заҳоти шартнома бекор қилиниши ҳақида шарт қўйилган.
«Боғ ҳудуди тўлиқ реконструкция қилиниши ва янгиланиши натижасида бир кунда 10 минг нафардан ортиқ ташриф буюрувчиларга замон талаблари даражасида хизматлар кўрсатиш имконияти яратилади.
Реконструкция ишлари олиб борилиши жараёнида боғдаги дарахтларга умуман зиён етказилмайди. Аксинча янги турдаги дарахтлар экилиши ҳисобига боғнинг яшиллик даражаси ортади.
Ўтган йил охири-жорий йил бошида айрим ижтимоий тармоқларга сиздирилган «боғ турар-жой қурувчи компанияга бериб юбориляпти, боғ ҳудудидаги дарахтлар кесиб юборилади» мазмунидаги маълумотлар сабабли вужудга келган норозиликлар ортидан аҳоли ва боғ ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлар билан шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан ўтказилган учрашувларда уларга ҳақиқий ҳолат тушунтирилган ва келишувга эришилган», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz’га тақдим этган маълумотда.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024